Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 10 / Божхона

ТИФ иштирокчилари очиқ мулоқотга киришишди

 

Газетамизнинг 8-сонида «Тошкент АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси назорат зонасида ишловчи бизнес вакиллари билан учрашув ҳақида хабар берган эдик.

 

ТИФ иштирокчилари ва журналистларнинг божхона соҳасига оид саволларига «Тошкент АЭРО» ИБК бошлиғининг ўринбосари Илёс ­Умаров жавоб берди.

 

Омбор эгасисиз ҳам кўздан кечириш мумкин

Божхона ва бизнес вакилларининг бу йил бўлиб ўтган мулоқотларида «Кўздан кечириш ва кўрикдан ўтказиш таомилларининг фарқи нимада?» деган савол бир неча бор янгради. Бу сафар уни божхона омбори эгаси тилга олди, хусусан, кўздан кечиришда ҳозир бўлиши зарурати билан ҳам қизиқди.

Божхоначилар бу фарқни мисоллар ёрдамида тушунтириб бердилар.

Божхона кўздан кечируви – товарларни ташқи жиҳатдан солиштириш, бунда уларнинг ўров-идишини очиш мумкин эмас, бироқ, мисол учун, вазнини тортиб кўришга рухсат берилади. У ваколатли шахслар иштирокисиз ўтказилиши мумкин. Яъни омбор эгасининг ўзи истамаса, ҳозир бўлиши мажбурий эмас. Декларант ҳам тўғри декларациялаш, импортчи берган маълумотлар билан таққослаш мақсадида товарлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаш учун таомилни ўтказиш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Зеро БЮДда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун у жавоб беради.

«Тошкент АЭРО» ИБК бошлиғининг ўринбосари алоҳида стратегик объект бўлган халқаро аэропорт фаолиятининг хусусиятига эътибор қаратди. Шу сабабдан бошқа постларда декларантнинг кўздан кечирувда қатнашиш истаги ҳақида божхона органига оғзаки арз этишнинг ўзи кифоя бўлса, «Тошкент АЭРО»да ёзма мурожаат қилиш зарур. Аэропортдаги бошқа хизматлар билан хатти-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун шундай қилинади.

Одатда, божхона декларацияси қабул қилинганидан кейин ўтказиладиган ва товарларни идентификациялаш таомилидан иборат бўлган божхона кўригини ўтказишда эса декларант билан бир қаторда товарга нисбатан ваколатли шахслар ҳам ҳозир бўлишлари шарт.

 

Постдан ташқарида

Декларантларни экспортчи корхона ҳудудида божхонада расмийлаштириш имконияти қизиқтирди. Мазкур таомил БКнинг 247-моддасида назарда тутилган. Бунда «Экспорт» божхона режимида жойлаштирилган товарни божхонада расмийлаштириш жойларидан ташқарида битта божхона ходимини жалб этган ҳолда божхонада расмийлаштирганлик учун йиғим 1 январдан бошлаб илгари амал қилган ставкага нисбатан 2 баравар (ЭКИҲнинг 10%идан ­5%игача) камайтирилди (5.10.2016 йилдаги ПФ-4848-сон Фармон билан тасдиқланган Дастур). 2016 йилда «Тошкент АЭРО» 75,3 млн сўмлик шундай хизматларни кўрсатди.

Халқаро аэропорт ҳудуди тўлалигича божхона назорати зонаси ҳисобланади, тегишинча, бу ердаги омборларда жойлаштирилган товарлар белгиланган тартибда божхонада расмийлаштирилади.

 

Валюта олиб чиқиш. Электрон пул

Журналистларни жисмоний шахсларнинг хорижий валютани олиб чиқиши қизиқтирди. Яқиндан бери олиб чиқишга рухсат берилган сумма гўё 10 минг АҚШ долларигача оширилиши ҳақида миш-миш юрибди. Ҳақиқатан 50 ЭКИҲдан ортиқ сўмни олиб чиқиш тақиқланадими? Халқаро банк карталари, масалан, Visa картасидаги электрон пулни декларациялаш керакми?

Аввалгидек, жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари рухсат олмасдан 2 000 АҚШ долларига эквивалент сумма доирасидаги нақд хорижий валютани республикадан олиб чиқишига йўл қўйилади.

Ушбу суммадан ортиқча хорижий валютани олиб чиқишга ЎзР Марказий банкининг ёки ваколатли банкларнинг рухсати билангина йўл қўйилади.

Жисмоний шахсларга ЭКИҲнинг 50 бараваридан ошмайдиган доирадаги сўмни олиб чиқишга рухсат берилади. Дарвоқе, ушбу қоида уларни олиб киришга ҳам татбиқ этилади. Лимитдан ортиқча олиб чиқиш учун Марказий банкнинг рухсатномаси зарур (АВ томонидан 16.03.2004 йилда 1326-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Электрон пулга келсак, божхоначининг айтишича, уларнинг ҳаракатини назорат қилиш – банк муассасаларининг вазифаси. Божхона органлари товарлар ва транспорт воситалари олиб ўтилишини назорат қиладилар. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси, валюта бойликлари ва бошқа қимматли қоғозлар, электр, иссиқлик энергияси ва энергиянинг бошқа турлари, интеллектуал мулк объектлари, транспорт воситаси товар ҳисобланади, бундан БКнинг 13-моддаси 4-қисмида кўрсатилган транспорт воситалари мустасно (БКнинг 13-моддаси). Банк карталари ушбу рўйхатга кирмайди, тегишинча, уларда жойлаштирилган электрон пул ёзма декларацияланмайди.

Журналистлардан бири хабар қилганидек, айрим банклар хорижда картадан фойдаланиш автоматик равишда блокировкаланишини қўллайдилар. Бу масала билан таниш ҳамкасблари сафар олдидан картани берган банк муассасасига келиб, ундан давлатимиз ташқарисида фойдаланиш нияти ҳақида уни хабардор қилишни маслаҳат бердилар. Эҳтимол, тақиқни бекор қилиш ҳақида ариза ёзиш ва амалга ошириладиган кундалик операциялар лимитини қайд этиш керак бўлар.

 

Тасдиқлаш учун паспорт

Нима учун божхона технологик жиҳозларни олиб киришда техпаспортни талаб қилади?

Маълумки, олиб кирилаётган жиҳознинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки жиҳозларнинг у томонидан ишлаб чиқарилганлиги, шу жумладан ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган ишлаб чиқарувчининг ҳужжати мавжуд бўлганда янги технологик жиҳозни олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар тақдим этилади (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган Рўйхат).

Тўрт томонлама контракт тузилган, техпаспорт тақдим этиш назарда тутилмаган вазиятда қандай йўл тутиш лозим?

Бундай вазиятда фақат қуйидагича йўл тутишни тавсия қиламиз: тўрт томонлама контракт тузаётганда техник паспорт ҳақидаги бандни киритинг. Зеро божхона органи технологик жиҳоз ишлаб чиқарилган йил эркин муомала божхона режимида божхонада расмийлаштирилган пайтга келиб 3 йилдан ошмаганлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.

Ушбу жиҳоз қиймати 5 000 АҚШ долларидан ошмаса, унинг келиб чиқишини тасдиқлаш учун ҳисобварақ-фактуранинг ўзи етарлими?

Фактура қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган товар туркумининг келиб чиқишини тасдиқлаш учун экспортчи товар келиб чиққан мамлакатни ҳисобварақ-фактурада ёки товарга илова қилинувчи бошқа ҳужжатларда декларациялаши мумкин. Уларда кўрсатилган маълумотлар уларни беришга ваколатли ташкилот томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

 

Интернет-дўкон орқали экспорт

Корхона мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланади. Унинг қошида интернет-дўкон очиш нияти бор. Буюртмачига посилкани жўнатаётганда БЮДни расмийлаштириш зарурми? Бунинг устига, жўнатилаётган товар қиймати 1 000 АҚШ долларигача бўлса?

«Тошкент АЭРО» ИБК олиб ўтилаётган авиаюклар устидан божхона назоратини амалга оширади. Халқаро почта жўнатмалари (ХПЖ) «Бошпочтамт» ихтисослаштирилган божхона постига қарашли. Унга батафсилроқ тушунтириш сўраб мурожаат қилиш мумкин.

Божхона кодексида қайд этилганидек, жисмоний шахсларнинг манзилига нотижорат мақсадларда, шунингдек юридик шахслар манзилига халқаро почта жўнатмаларида юбориладиган, қиймати ЭКИҲнинг 10 бараваригача бўлган миқдордаги товарлар учун Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатларга божхона декларацияси сифатида қаралади.

Қолган ҳолларда халқаро почта жўнатмаларида юбориладиган товарларни декларациялаш божхона юк декларациясини бериш орқали амалга оширилади.

Халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида олиб чиқиладиган, БЮД берилиши лозим бўлган товарларни декларациялаш мазкур товарлар почта алоқаси ташкилотларига топширилаётганда амалга оширилади (БКнинг 167-моддаси).

 

Прокурор ҳимояси остида

Учрашувда Тошкент шаҳар авиатранспорт прокурори Икром Наримов сўзга чиқди. У прокуратура жавобгарлиги зонасидаги қонунлар ижроси юзасидан назорат қандай олиб борилаётганлиги ҳақида сўзлаб бериб, учрашув иштирокчиларининг аэропортдаги турли хизматларга мурожаат қилганда юзага келадиган муаммолар ҳақидаги саволларига жавоб берди.

Аэропорт ҳудудида «Ипак йўли» банкининг кассаси фаолият юритади, турли операциялар бўйича жорий ҳисоб-китоблар у орқали бажарилади. Кассада терминал йўқлиги сабабли корпоратив ёки шахсий карточка билан тўлаб бўлмайди.

Тўлов топшириқномасининг асл нусхасисиз аэропортдан юкни олиб бўлмайди, унинг кўчирма нусхаси билан тўлов тасдиқланмайди.

Кўпинча аэропорт билан юкларни сақлаш ҳақидаги шартномани расмийлаштириш таомили чўзилиб кетади. Бунда келиб тушаётган юкларнинг ҳар битта туркумига янги ҳужжатни расмийлаштириш талаб этилади. Шартноманинг амал қилишини узайтириш масаласини ҳал этиб бўлмайдими?

Аэропорт ҳудудида сақлаш омборлари бор, кириш учун қонуний асосни тасдиқловчи ҳужжатлар борлигига қарамай, ҳудудга ўтиш мушкул. Баъзан назорат хизматларидан ўтиш бир-бир ярим соатга чўзилади.

Журналистлар багаж учун аравалардан фойдаланиш билан боғлиқ эътирозли ҳолатни эслатдилар. Улардан фойдаланганлик учун ҳақ тўланиши оғиздан-оғизга ўтиб бўлган. Хорижий меҳмонлар ёнларида миллий валютага эга бўлмай, ўз багажларини олиб чиқиш учун аравадан фойдалана олмасликлари нохуш ҳолатдир.

Прокурор барча таклифлар, саволлар ва қайд этилган муаммолар ҳудудидаги барча хизматларнинг иш тартибини белгиловчи ­аэропорт раҳбарлари эътиборига албатта етказилишини айтиб, йиғилганларни ишонтирди. У ўз ваколатлари доирасида уларнинг ҳал этилишида кўмак беради. Бироқ тадбиркорлар аэропорт алоҳида муҳим тоифали объект эканлигини, шу сабабдан айрим тутилишлар хавфсизлик чораларига риоя этиш зарурати билан боғлиқлигини унутмасликлари лозим. Божхона, аэропортдаги бошқа назорат органлари ва хизматлари қонунга зид хатти-ҳаракат қилганда тадбиркорлар пойтахт авиатранспорт прокуратурасининг ишонч телефони – 281-59-12 орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1480 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика