Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 10 / Аудитор тушунтиради

Таваккал қилиш ўринлими?

 

Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас. Шундай бўлса-да, амалиётда бундай ҳоллар учрайди. Бу доимий муассасани ҳисобга қўйиш заруратини ҳамда солиқлар ва жарима санкцияларини қўшимча ҳисоблаш тарзидаги тегишли оқибатларни юзага келтиради. Жазо олиш хатарини камайтириш учун хатога йўл қўймаган маъқул, бунинг учун эса нималарни қилмаслик кераклигини билиш лозим.

Бугун ўқувчиларимизни хорижий юридик шахслар ваколатхоналари фаолиятидаги тадбиркорликнинг асосий аломатлари билан таништиришда давом этамиз.

 

Ваколатхонанинг қуйидаги фаолияти тадбиркорлик фаолияти деб тан олиниши мумкин:

жисмоний шахслар – бош офис ёки Ўзбекистондаги лойиҳалар (қурилиш, модернизация ва реконструкция, монтаж қилиш, созлаш, ўқитиш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, геологик қидирув, қазиб олиш ва ҳ.к.) бўйича хизматларни (ишларни) бажаришда бевосита қатнашаётган учинчи хорижий фирмалар (ёрдамчи пудратчилар, ижрочилар) ходимлари учун транспорт харажатлари, меҳмонхона хизматлари, таржимонларга харажатлар, тиббий ва суғурта хизматлари, хизмат сафари ва вакиллик харажатлари, солиқлар ва мажбурий ажратмалар ҳамда бошқа тўловларни тўлаётган бўлса;

хорижий компания Ўзбекистон ҳудудидаги ўзининг ёки ижарага олинган (шу жумладан божхона) омборларида товарларни сотишида иштирок этса. Мисол учун, турли хизматлар (омборхоналарни ижарага олиш, брокерларга тўловлар, сертификатлаш, юклар ёки ваколатхона ходимлари бўлмаган шахсларни ташиш, масъулиятли сақлаш, воситачилик (топшириқ) шартномалари ва ҳ.к.) ҳақини тўласа. Бундай тўловлар тадбиркорлик фаолиятининг мустақил аломатлари хоссасига эга;

учинчи шахслар фойдасига тўловларни тўласа ёхуд талабдан ёки қарздан бошқа шахс фойдасига воз кечиш битимларида қатнашса. Айтайлик, ваколатхона ФКнинг ­313-моддасидаги тартибда муайян учинчи шахсдан дебиторлик қарзини талаб қилиш ҳуқуқини олади. Ушбу битимни малакали таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ, сабаби у ҳақ эвазига ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим хоссасига эга бўлиши мумкин.

Қуйидагилар ҳам ваколатхона тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётганлиги ёхуд унга жалб этилганлиги далили бўлиб хизмат қилиши мумкин:

муайян ҳужжатларнинг (иш ёзишмалари, контрактлар, инвойслар, ҳисобварақ-фактуралар, бажарилган ишлар (хизматлар) далолатномалари, божхона ҳужжатлари ва ҳ.к.) мавжудлиги;

ваколатхона учун махсус асбоб-ускуналар, жиҳозлар, транспорт воситалари, ташкилий техниканинг асоссиз равишда кўп миқдордалиги, улардан ишларни бажаришда, хизматларни кўрсатишда, маҳсулотларни (товарларни) сотишда фойдаланилишига оид қўшимча далиллар бўлганда;

ўзининг (бош офисдан) ёки ижарага олинган мол-мулкини (кўчмас мулк, транспорт, асбоб-ускуна, ташкилий техника ва ҳ.к.) мақсадга кўра тасарруф этмаслик (эгалик қилмаслик). Мисол учун, мол-мулкни учинчи шахсларга ижарага ёки текинга фойдаланиш учун бериш;

ваколатхона раҳбарига учинчи юридик шахсларнинг, шу жумладан хорижий юридик шахснинг шуъба ёки қарам корхоналари фаолиятини амалда бошқариш, Ўзбекистон ҳудудида ёхуд ундан ташқарида минтақа бўйича савдо ёхуд бошқа операцияларни мувофиқлаштириш функциялари ва вазифаларини юклаш. Ваколатхона ва шуъба (қарам) корхонада лавозимларни қўшиб олиб борганликка алоҳида эътибор қаратиш лозим;

ваколатхона раҳбари ёхуд ходимларига импорт қилинган асбоб-ускунани монтаж қилиш (ишга тушириш-созлаш), ходимларни ўқитишни бошқариш (кузатиш, назорат, мониторинг қилиш) функцияларини юклаш ёки уларнинг ушбу жараёнларда бевосита иштирок этиши;

ваколатхона раҳбари ёхуд ходимларига ЎзР ҳудудида рўйхатдан ўтказилган шуъба ёки қўшма корхона билан ваколатхонанинг бош офиси ўртасида Ўзбекистон резидентларининг бренддан фойдаланиши ва ишлаб чиқариш технологиялари, норезидент томонидан ишлаб чиқилган стандартларга риоя этиши ва ҳ.к. хусусида тузилган лицензия битимлари (бошқарув хизматлари ҳақидаги бош битимлар, франчайзинг шартномалари ва б.) ижросини бошқариш (назорат қилиш, кузатиш) функциялари ва вазифаларини юклаш;

юридик ёки жисмоний шахслар билан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилиши аломатлари кузатиладиган маҳсулотларни (товарларни), ишларни, хизматларни етказиб беришга доир битимларни (шартномаларни) тузиш;

ваколатхона раҳбари ёхуд унинг ходимлари томонидан бош офисдан ташқари бошқа хорижий юридик шахслар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ва манфаатларининг ёқланиши;

ваколатхона раҳбари ёки ходимларининг турли шаклдаги битимларни ижро этиш фаолияти. Масалан, ваколатхона хизматлар ва ишлар бажарилганлиги ҳақидаги ҳисоботлар, лойиҳалар, ТИА, қандайдир экспертиза хулосалари ва далолатномаларини (нархга оид, юклаб ортишдан аввалги инспекция ва б.) босиб чиқарган, брошюра қилган, тасдиқлаган ва расмийлаштирган бўлса;

минтақавий офислар (доимий базалар) орқали фаолият – улар товарларни (ишларни, хизматларни) амалда сотганлигини кўрсатувчи қўшимча ҳужжатли ёхуд бошқа аломатлар мавжуд бўлганда;

кўчмас мулкдан (учинчи шахслар (бош офиснинг эмас) – резидентлар ва норезидентларнинг маҳсулотларини (товарларини) сақлаш ёки намойиш этиш учун хоналар, омборлар ёки бошқа кўчмас мулк объектларидан) фойдаланиш. Учинчи шахсларнинг маҳсулотлари ёки товарларини (асбоб-ускуна, истеъмол товарлари ва ҳ.к.) дистрибьюциялаш ва тарқатишда амалда иштирок этганда;

норезидентлар – учинчи шахсларнинг (бош офиснинг эмас) Ўзбекистон ҳудудида товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишлари учун уларнинг доимий фаолият жойи функцияларини бажариш.

Бундан ташқари, қуйидаги ҳолларда хатар анча кўпаяди:

хорижий юридик шахс ваколатхонаси худди шу хорижий фирманинг шуъба ёхуд қарам корхонаси (ҚК) билан битта манзилда жойлашган бўлса. Ваколатхона фаолияти корхона фаолиятидан амалда ва расман ажратилмаган ҳолатлар (ижара, биргаликда фойдаланиш, тасарруф этувчи, молиявий ёки бошқа ҳужжатлар, айни ўша ходимлар, умумий омбор ва (ёки) маъмурий хоналар ва ҳ.к.) кўп учрайди;

хорижий компания Ўзбекистондаги офис ёхуд ишлаб чиқариш кўчмас мулкига эгалик қилади ва хоналарни фаол тарзда ижарага (фойдаланишга) беради. Айниқса ушбу компания ваколатхонаси офиси ҳам кўрсатилган биноларда жойлашган ва (ёки) уларни сақлаш ҳамда фойдаланишга доир муайян харажатларни зиммасига олган бўлса.

Бундай ҳолатларда тадбиркорлик фаолияти (Солиқ кодексининг ­20-моддасига мувофиқ доимий муассаса) мавжудлиги юзасидан вазиятни ўрганиш зарур.

ЎзР ТИАИСВда расман аккредитацияланган ёхуд амалда фаолият юритувчи, бироқ Ўзбекистон ҳудудида аккредитацияланмаган айрим хорижий фирмалар ваколатхоналари (шу жумладан хорижий компаниялар номидан хоналарни ижарага олувчи мавжуд офислар) фаолиятида юқорида санаб ўтилган тадбиркорлик фаолияти аломатлари кузатилиши мумкин. Соҳанинг хусусиятига кўра уларнинг фаолиятини хизматларни (ишларни) бажаришдан фарқлаш мушкул.

Бу туризм, транспорт-экспедиторлик, таълим, реклама, юридик (адвокатлик), ахборот, консалтинг хизматлари, инжиниринг, лойиҳа ишлари, ахборот технологиялари (ЭҲМ учун дастурларни реализация қилиш), инвестицияларни (улушлар, акциялар, кўчмас мулк, тижорат банкларидаги ҳисобварақлар ва биржалар ҲКПдаги ҳисобварақларни ва б.) шу жумладан ишончномага биноан жисмоний шахслар томонидан бошқариш соҳасидаги ваколатхоналар фаолияти бўлиши мумкин.

ЎзР Солиқ кодексининг 20-моддасига мувофиқ бошқа аломатларни ҳам ушбу рўйхатга киритиш мумкин.

Шу тариқа, юқоридаги аломатларнинг ҳар бири ва жамликда хатарлилиги даражасини аниқлаш ва ўрганиш муҳимдир. Масалан, ваколатхона раҳбари лавозимининг хорижий компания (шуъба корхона, қўшма корхона) раҳбари лавозими билан қўшиб олиб борилиши уларнинг лоақал биттаси мавжуд бўлганда ваколатхона фаолиятида доимий муассаса аломатларини аниқлаш хатарини анча оширади.

Бундай хатарларни камайтириш учун ушбу соҳада амалий тажрибага эга малакали аудиторлик ёки адвокатлик ташкилотларини жалб этган ҳолда малакали маслаҳат олиш ёки хатарларнинг махсус аудитини ўтказиш тавсия этилади.

 

Олег ДАМИНОВ, «Baker Tilly Uzbekistan» компаниялари
гуруҳининг бошқарувчи ҳамкори,

Екатерина АДЕЕВА, юридик амалиёт раҳбари.

 

Охири. Боши «СБХ»нинг 28.02.2017 йилдаги 9 (1177)-сонида.

Прочитано: 1715 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика