Меҳнат муҳофазаси бўйича кириш, бошланғич ва даврий инструктаж ўз вақтида ўтказилмаганда юридик ва жисмоний шахсга нисбатан қандай маъмурий чоралар қўлланади?
А.Умаров.
Меҳнат муҳофазасига жиддий ёндашинг!
– Инструктаж ўз вақтида ўтказилмаганда юридик шахснинг жавобгарлиги бекор қилинган.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг олдинги таҳририда (25-модда) корхоналар меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар таъминланмаганлиги (шу жумладан техника хавфсизлиги бўйича ўз вақтида инструктаж ўтказилмаганлиги) учун ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан ижтимоий суғурта қилиш мақсадларига оширилган тарифлар бўйича маблағлар ажратиши тарзида жавобгарлик назарда тутилган. Бироқ 23.12.2016 йилда кучга кирган мазкур Қонуннинг янги таҳририда бундай жавобгарлик чораси мавжуд эмас.
Жисмоний – мансабдор шахс томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши (шу жумладан ўз вақтида инструктаж ўтказилмаганлиги) ЭКИҲнинг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 49-моддаси). Агар вояга етмаган шахс билан инструктаж ўтказилмаган бўлса, жарима миқдори ЭКИҲнинг 10 бараваригача оширилиши мумкин.
Шуни инобатга олиш лозимки, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этмаслик ишлаб чиқаришда майиб бўлишга олиб келиши мумкин. Иш берувчи эса ходимга унинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлашга мажбур (Қоидалар, ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарорига 1-илова). Агар ходимга ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилган бўлса ёхуд унинг ўлишига сабаб бўлса, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши учун масъул бўлган шахс ЭКИҲнинг 25 баравари миқдоридаги жаримадан тортиб 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазони назарда тутувчи ЖКнинг 257-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилади.
Самир Латипов, «Norma Online» эксперти.