Ширкатларнинг ер участкалари билан боғлиқ масалалар Facebook ижтимоий тармоғи саҳифаларининг «ХУМШ ва у билан қандай яшаш лозим» гуруҳида кўп муҳокама қилинади. Мақолалардан бири ширкат участкага эга бўлмаганда уни олиши мумкинми ва бунинг учун нима қилиши лозим деган мавзуга бағишланган эди. Гуруҳ иштирокчиларини ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни олиш учун қаерга мурожаат қилиш кераклиги, уларни расмийлаштириш, дубликат олиш қанчага тушиши қизиқтиради. Гуруҳ етакчиси Максим Черников мақолага тайёрлаган шарҳи «Норма маслаҳатчи» ўқувчилари учун фойдали бўлиши мумкин.
Ж.Р.: Ширкатнинг ер участкасига ва яшаш учун мўлжалланган тўққиз қаватли уйга кадастр ҳужжатларини олиш учун ишни нимадан бошлаш кераклигини айтсангиз. Қаерга мурожаат қилиш, буни қандай тўғри амалга ошириш лозим?
М.Ч.: Фойдаланишга топширилган ҳар бир уйга инвентарь йиғмажилд ёки унинг барча техник тавсифлари қайд этилган уй паспорти юритилади. Улар уйнинг жойлашган жойи, қурилган йили, қавати, майдони, муҳандислик тармоқлари, хоналар тавсифи, том, пойдевор, деворлар тавсифини ва ҳ.к. ўз ичига олади. Паспортда уй атрофидаги ҳудуд ҳисобланган ер участкасининг режаси ҳам бўлади. Бироқ кўпинча режада фақат уй остидаги ер кўрсатилган бўлади, чунки сўнгги йилларда ХУМШлар уй атрофидаги ер участкаларидан маҳрум бўлдилар. Агар ширкатга ер ажратилмаган, бироқ у доимий фойдаланиш учун уни олмоқчи бўлса, шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат этиши керак. Бу ҳақда ҳоким қарор чиқаради. У қабул қилингандан сўнг ер ресурслари ва давлат кадастри бўйича туман бошқармасига мурожаат этиш зарур. Ҳоким қарори асосида бошқарма ходими ер участкасини шакллантириш ишларини ўтказиш учун жойга чиқади. Унинг чегаралари тасдиқлангандан кейин унинг режаси тузилади.
М.Ч.: Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси шароитида аҳоли яшайдиган жойларнинг ҳудудларини сақлаш ва ободонлаштиришга доир санитария қоидалари ва нормаларига (6.05.2016 йилдаги 0329-16-сон СанҚН) мувофиқ, уй атрофидаги ҳудуд – кўп квартирали уй жойлашган, давлат кадастр ҳисоби маълумотлари асосида (участканинг) чегаралари белгиланган ер участкаси ёки кўп квартирали уй жойлашган, техник паспортда чегаралари режаси кўрсатилган, таркибига майдончалар, боғлар, тротуарлар ҳамда мавзе ичидаги йўллар ва йўлаклар кирадиган ер участкаси.
Туташ ҳудуд – кенглиги 15 метрдан иборат, асосий ҳудуд, қурилиш майдончаси, савдо объекти, жамоатчилик транспортининг сўнгги бекатлари ҳамда мулкчилик, эгалик қилиш, фойдаланиш, шунингдек ижара ҳуқуқида бўлган бошқа объектларнинг чегараларига бевосита ёндашган ёки майда чакана савдо тармоғи объектлари, кичик архитектура шаклидаги объектлар, алоҳида турувчи реклама конструкциялари учун асосий ҳудуддан периметр бўйича кенглиги 5 метрдан иборат ҳудуд.
Қ.С.: ХУМШ уй атрофидаги ҳудудга кадастр расмийлаштириши лозимми ёки усиз сақлашда давом этгани маъқулми?
М.Ч.: Масалага қандай ёндашишга боғлиқ. Агар кадастрингиз бўлса, ХУМШ ерни ижарага бериб, ундан даромадга эга бўла олади. Агар бу ер давлат эҳтиёжлари учун (масалан, уй қуришга) керак бўлиб қолса, ҳокимлик ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш ташаббуси билан чиқиб, ундан бу ер участкаси олиб қўйилишига уларнинг розиликларини олиши керак бўлади. Эҳтимол, сўнгги пайтда давлат ҳокимияти органлари шу сабабдан ҳам ерни ХУМШга доимий фойдаланиш учун бермаётгандир. Ер участкаси бўлганда, у лозим санитария ҳолатида сақлаши, яъни мунтазам тозалаши керак бўлади. Агар кадастр бўлмаса, ширкатни эса уй атрофидаги бегона ҳудудни сақлашга мажбур этсалар, бу унинг ишларига аралашув деб саналади. Бунда ҳокимликлардаги ходимлар уйдан 10 метрдан 50 метргача масофада жойлашган участка ХУМШ ҳудуди дея асоссиз даъво қиладилар.
Ж.Р.: Агар мавжуд бўлса, бош режа, уй паспорти, кадастрни қаердан олса бўлади?
М.Ч.: ХУМШда бўлиши керак. Агар йўқотилган бўлса, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига дубликатини сўраб мурожаат этиш мумкин.
Ж.Р.: Гап шундаки, бизга яқин жойлашган бизнес-марказ ўз ходимларига автотураргоҳ қуришни кўзлаб, ҳудудимизга даъвогарлик қиляпти. Ана шу масалани ҳал қилмоқчимиз. Эскиларнинг айтишича, бош режага кўра низоли ҳудуд унга қарашли экан. Ишни нимадан бошлаш ҳақида бош қотиряпмиз.
М.Ч.: Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасидан бошланг.
С.К.: Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш тахминан қанчага тушади?
М.Ч.: Бу савол билан бошқармага мурожаат қилган маъқул. Йиғмажилднинг дубликати эса бепул берилади.
Ж.Р.: Кадастр хизматининг сайти борми?
М.Ч.: Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг сайти – kadastr.uz
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.