Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 49 / Божхона

Ниқоб ортидаги ёвузлик

 

Мамлакатимизда аҳолини, айниқса, ёшларни турли зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар осойишта ва фаровон турмушимизнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Бинобарин, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасида чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейин амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 20.01.2014 йилдаги 10-сон қарори билан тасдиқланган) кўра, диний адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита рухсати билан амалга оширилади.

Қўмита экспертлари мамлакатимизга олиб кирилаётган диний мазмундаги медиа ва матбаа маҳсулотларини ўрганиб чиқади, уларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш юзасидан хулосаларини беради.

Шундай бўлса-да, мазкур тартибларга риоя қилмай, турли диний мазмундаги адабиётларни ноқонуний равишда юртимизга олиб киришга уриниш ҳолатлари учраб турибди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 13 та қонунбузарлик ҳолатида 38 дона турли шаклдаги диний материалларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.

Ахборот технологиялари шиддат билан ҳаётимизга кириб келар экан, турли ахборот ташувчи воситалар кўмагида бузғунчи ва ёт ғояларга хизмат қилувчи материалларни электрон шаклда олиб ўтишга бўлган уринишлар кўлами ҳам ошиши, табиий. Масалан, фуқаро А.Аминова (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) Россияда юрган кезлари ён-атрофидагиларнинг қўл телефонларидаги диний маърузаларни тинглаб, дарров ўзиникига кўчириб олади. Гўёки эзгуликка чорлаётган бу материаллар аслида шунчаки ниқоб бўлиб, улар бошлаётган йўл «жиҳод»га элтишини бу аёл фаҳмламаган эди. Ўзбекистонга кириб келар экан, божхона постида унинг қўл телефони амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, мазкур ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материаллар уни фош этиб қўйди.

Диний мазмундаги материалларни экспертиза қилиш гуруҳи мутахассисларининг хулосасига кўра, ушбу материаллар «Ўзбекистон исломий ҳаракати» экстремистик гуруҳига қарашли «Жундуллоҳ» жиҳодий студияси томонидан тайёрланган экан. Ушбу аёл мазкур қилмиши ортидан жиноий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, фуқаро Г.Саидхонов Россиядан ёнида 6 дона диний адабиёт ва 1 дона араб алифбосида тўлдирилган ёзув дафтари билан, Х.Холбоев эса ноутбуки хотирасида диний мазмундаги 6 дона видеолавҳа ва 5 дона маъруза билан қайтишади. Ваҳоланки, экспертлар ушбу материалларни ҳам мамлакатимизга олиб кириш тақиқланганлигини аниқлашди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

 

 

УСТОЗНИНГ «УСТОМОНЛИГИ»

Миллий қонунчилигимизда гиёҳвандликка оид жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш, бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлиги, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва бошқа муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган.

 

Мамлакатимизда наркотик моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, ҳаётга енгил-елпи кўз билан қаровчи айрим ёшларнинг ҳамон бу оғу комига тушиб қолаётгани ачинарлидир. Ярамас иллатнинг авж олишида эса наркокурьер­ларнинг алоҳида «ҳисса»си бор.

Яқинда Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор тадбир давомида наркотик моддаларнинг навбатдаги контрабандасини фош қилишди.

Тезкор тадбирда кузатувга олинган Т.Тўхтаев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) бошқа шахсга пайпоғи ичига яширилган марихуана наркотик моддасини сотаётган пайтда фош қилинди.

Ачинарлиси шундаки, вилоятдаги умумтаълим мактабларидан бирида ёш авлодга таълим берувчи педагог Т.Тўхтаев жиноий қилмишларини яшириш мақсадида ўз ҳовлисида ўстириб, сўнгра қуритилган 2 туп наша гиёҳларини мактаб хоналаридан биридаги линолеум остига яширганига нима дейсиз?

Жиноятни илдизи билан бартараф этиш мақсадида Т.Тўхтаев ва «харидор»нинг кўрсатмалари асосида аллақандай К.Камоловнинг хонадони ҳам амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилди. Ушбу хонадон эгаси ҳам қинғир қилмишларини беркитишда устаси фаранг бўлиб, жиноий шеригидан қолишмас экан. Қарангки, бегона кўзлардан пана қилиш мақсадида бу шахс наркотик моддаларни оғилхонага илиб қўйилган аёллар сумкасига, томдаги эски чойнак ичига, меҳмонхона жавонидаги банкага, ғаладондаги гугурт қутиларга, хуллас кутилмаган «нуқта»ларга «диверсификация» қилиб – тарқоқ ҳолда яшириб чиққан экан.

Тезкор тадбир давомида ушбу шахслардан жами 1 кг дан ортиқ наркотик моддалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва суд томонидан айбдорларга нисбатан жазолар тайинланди.

 

Жорий йил бошидан буён Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 16 та қонунбузарлик ҳолатида 10 кг дан ортиқ наркотик моддаларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган.

 

Наргиза РАҲМОНОВА,

Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.

Прочитано: 1667 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика