Божхонага ёндош соҳа вакилларининг фаолиятига оид саволларга Божхона брокерлари уюшмаси экспертлари жавоб бердилар.
2016 йил 26 октябрда янги Низом (АВ томонидан 2814-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кучга киргани муносабати билан қуйидаги саволларимизга жавоб беришингизни сўраймиз. Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис аттестатини олиш учун қандай маълумотга эга бўлиш лозим? Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис малака ошириш учун қаерга қандай қилиб мурожаат этиши мумкин?
К.М.
– Аттестат олиш учун талабгор:
√ 11-синфни якунлаганлиги ҳақида аттестатга ёки ўрта махсус ёхуд олий таълим муассасаларининг дипломига эга бўлиши;
√ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси ҳисобланадиган ёки божхона брокери сифатида фаолият юритадиган ташкилотларда камида 6 ойлик иш стажига эга бўлиши шарт.
Ушбу талаблар Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни ўқитиш, унинг малакасини ошириш, шунингдек божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестатини бериш, қайта расмийлаштириш (унинг амал қилиш муддатини узайтириш), тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 21.07.2016 йилда 2814-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4-бандида белгиланган.
Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис малака сертификатини олгандан ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиргандан кейин 2,5 йил ўтгач, ўқиш учун божхона йиғимини тўлаган ҳолда малака ошириш курсларида ўқиш учун Давлат божхона қўмитасига мурожаат қилиши лозим. Ушбу мажбурият Божхона кодексининг 287-моддаси 1-қисмида қайд этилган.
Низомнинг 7-бандида белгиланишича, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малакасини ошириш учун, божхона брокери ёхуд бошқа юридик шахс, малака оширишга юборилаётган мутахассисни кўрсатган ҳолда, Олий ҳарбий божхона институтига, мутахассисни ўқитиш учун божхона йиғимлари тўланганлиги тўғрисида тўлов топшириқномаси нусхасини илова қилган ҳолда эркин шаклда ариза беради.