Ташкилотимиз асаларичилик билан шуғулланади (ХХТУТ коди – 21250). Бизда ижарага олинган ва ўз ер участкамиз йўқ. Мавсумда асални чайқатиш учун асалари хўжалигини тиркамали «Урал» автомашинасида даштга, тоққа ва бошқа ерларга олиб чиқамиз. Чайқалган асал ижарага олинган хонага юборилиб, у ерда сотиш учун банкаларга қадоқланади. Экспорт билан шуғулланишни режалаштиряпмиз.
1. Асаларичилик қилишда ягона солиқ тўловини тўлаш қонунбузарлик ҳисобланмайдими? Биз қайси соҳага кирамиз – чорвачиликками ёки ишлаб чиқариш соҳасигами?
2. Асалари маҳсулотлари экспортига муайян имтиёзлар ёки чекловлар мавжудми? Асал маҳсулоти экспортидан валюта тушуми мажбурий сотилиши керакми?
В.Филатова,
МЧЖ бош бухгалтери.
1 |
Микрофирмалар ва кичик корхоналар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари (танлаш ҳуқуқисиз), оддий ширкат иштирокчилари солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллашга ва ягона солиқ тўловини тўлашга ҳақли (Солиқ кодексининг 350-моддаси).
Ходимларнинг ўртача йиллик сони юридик шахсни микрофирма ёки кичик корхона тоифасига киритиш учун асосий мезон ҳисобланади. Кичик тадбиркорлик субъектларига кирувчи корхоналар ходимларининг чекланган сони хўжалик юритувчи субъектнинг асосий фаолият турига қараб белгиланади.
Асаларичилик чорвачилик йўналишларидан бири ҳисобланади. Асаларичилик билан шуғулланувчи ташкилотларга 21250 ХХТУТ коди берилади. Агар ходимларининг ўртача йиллик сони 50 кишидан ошмаса, бундай ташкилот кичик тадбиркорлик субъекти деб ҳисобланиши мумкин (ВМнинг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган Классификациянинг 406-сатри).
Агар корхонангиз ходимлари сони белгиланган мезонлардан ошмаса, сиз ягона солиқ тўловини тўлашга ҳақлисиз.
2 |
Табиий асал экспорт қилиниши тақиқланган ёки олиб чиқилиши учун махсус лицензия талаб қилинадиган предметлар ва маҳсулотлар рўйхатига кирмайди (10.10.1997 йилдаги ПФ-1871-сон Фармонга 1, 4-иловалар).
Агар корхона кичик тадбиркорлик субъекти бўлса, ўзи етиштирган асални эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишдан валюта тушумини мажбурий сотишдан озод қилинади (Тартибнинг 3-банди, ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова).
Ўз маҳсулотини эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилувчилар ЯСТ ставкасини пасайтириш кўринишида имтиёз олиш ҳуқуқига эга. Агар сотишнинг умумий ҳажмида экспорт улуши 15%дан 30%гача бўлса, ЯСТ ставкаси 30%га пасайтирилади, агар 30%дан кўп бўлса, ЯСТ ставкаси 50%га пасайтирилади (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорга 10-1-илова).
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.