Солиқ органлари вакиллари солиқ текширувини ўтказиш учун хоналарни мажбуран очтиришга ва ташкилот ҳудудига бостириб киришга ҳақлимилар?
К.Мурзаев.
– Йўқ, ҳақли эмаслар. Солиқ кодексининг 91-моддаси 12-қисми, 93-моддаси 1-қисмида ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонун 5-моддаси 2-бандида текширувчиларнинг солиқ тўловчининг ҳудуди ва жойларини текшириш, мол-мулкни инвентаризация қилиш, ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш мақсадида (шу жумладан солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ) ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ҳамда бошқа бинолар, шу жумладан жойларни кўздан кечириши мумкинлиги қайд этилган.
Текширувни ўтказаётган шахсларнинг қонунда белгиланган ҳоллардан ёки суд қарори асосида амалга ошириладиган ҳоллардан бошқа ҳолларда турар жойларга уларда яшовчи жисмоний шахсларнинг хоҳиш-иродасидан ташқари ёки унга қарши тарзда киришига йўл қўйилмайди (Солиқ кодексининг 92-моддаси 8-қисми).
Солиқ тўловчи эса текширувни ўтказаётган шахслар уни ўтказиш тартиби тўғрисидаги қонун кўрсатмаларига риоя этганларида, яъни текширув қонуний ўтказилганда уларни текшириш учун ҳудудга ва жойларга қўйиши шарт (Солиқ кодексининг 92-моддаси 3-қисми).
Бироқ солиқ тўловчи қонунга зид бўлса ҳам, «чақирилмаган меҳмонларни» ҳудудига қўйишдан бош тортса, қонун солиқ органларига унинг биноларига кириб текширув ўтказиш учун хоналарини очтириш (шу жумладан қулф, эшик, деразаларни бузиш йўли билан) ҳуқуқини бермайди. Фикримизча, бундай хатти-ҳаракатлар ваколатларни суиистеъмол қилиш саналади.
Бунинг устига солиқ тўловчига, унинг мол-мулкига зарар етказилганда Солиқ кодексининг 105-моддасида назарда тутилган (текширувчилар томонидан зарарлар ва бой берилган фойда қопланиши) оқибатлар юзага келиши мумкин.
Солиқ органлари бундай солиқ тўловчиларга қуйидаги усулда таъсир кўрсатишлари мумкин (Солиқ кодексининг 92-моддаси 5–7-қисмлари):
√ солиқ тўловчи текширув ўтказувчи шахсларга текширувни ўтказиш учун ўз ҳудудига ва жойларига киришларига тўсқинлик қилганда, улар ва солиқ тўловчи томонидан имзоланадиган далолатнома тузилади. Солиқ тўловчи мазкур далолатномани имзолашдан бош тортганда унга тегишли ёзув киритилади;
√ солиқчиларга ҳудудга ва жойга киришига тўсқинлик қилганлик, худди шунингдек уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади (хусусан, МЖТКнинг 198-«Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш» моддасига кўра, фуқароларга ЭКИҲнинг иккидан бир қисмидан 1 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ЭКИҲнинг 1 бараваридан 2 бараваригача миқдорда жарима солинади);
√ кўрсатилган жавобгарликка тортилганлик солиқ текширувини бекор қилиш учун асос бўлмайди.
Бундан ташқари, агар текширилувчи томонидан солиқ текширувини ўтказишга тўсқинлик қилинганда ёки ҳудудларни, биноларни, шу жумладан, жойларни кўздан кечириш учун текширувчиларни киритиш рад этилганда солиқ органи унинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли (Солиқ кодексининг 96-моддаси 2-қисми 2-хатбошиси).
Солиқ тўловчининг хоналарини мажбуран очтириш ва унинг ҳудудига бостириб кириш тақиқланади. Солиқ тўловчи (унинг вакили) бунга тўсқинлик қилгандагина эмас, жойида йўқлигида ҳам бундай қилиб бўлмайди.
Солиқ тўловчи – юридик шахс қайд этилган манзилда бўлмаганда ҳам унинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилиш учун солиқ органида асос бўлади (Солиқ кодексининг 96-моддаси 2-қисми 3-хатбошиси).
Ҳатто солиқ тўловчи (унинг вакили) текширувда қатнашиб, хоналарини кўздан кечириш учун киритишни рад этмаса-да, бироқ объектив сабабларга кўра текширув пайтида буни қила олмаса ҳам (масалан, калит ва унинг дубликатини йўқотган, қулфнинг калитини сақловчи ходим жойида бўлмаган ва б.), хоналарга шикаст етказишга йўл қўйилмайди.
Камол МУЗАФФАРОВ,
«Norma Online» эксперти.