Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 49 / 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Мустақил давлатимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

 

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Музраф ИКРОМОВ билан суҳбати* Конституция ва қонун ижодкорлиги, бу борада адлия идоралари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди.

 

– Мамлакатимиз давлат мустақиллигини қўлга киритган дастлабки даврда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати, тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган омилларга йўл очувчи қонуний асослар яратилиши жуда муҳим ва долзарб эди, – дейди М.Икромов. – Мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи ­Президентимиз ­Ислом Каримов раҳбарлигида турли соҳа олим ва мутахассисларининг саъй-ҳаракати, изланишлари, хорижий тажрибани чуқур таҳлил этиш асносида ҳар томонлама пухта, ихчам, халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилди.

Мазкур Асосий қонун улкан тарихий аҳамиятга эга ноёб ҳужжат бўлиб, унда суверен давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим асослари, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, фуқаролар тинчлиги ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлашга оид тамойиллар мустаҳкам ўрин олган. Энг муҳими, унинг ­қоидалари мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар сари кенг йўл очди.

Конституциямизнинг бундай ҳаётбахшлигида унинг нормаларида халқимизнинг кўп асрлик анъана ва қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий меросига таянилгани мужассамдир. Қолаверса, Асосий қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа илғор халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этгани унинг ҳар жиҳатдан пухталигини ошириш имконини берди.

Шу боис, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз Конституцияси халқимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қодир, умумэътироф этилган демократик қадриятларга тўла жавоб берадиган, жамиятда адолатни қарор топтиришга хизмат қиладиган асосий ҳужжат экани тўла исботланди.

– Бош Қомусимиз асосида қабул қилинган қонунлар моҳияти, қонун ижодкорлиги жараёнида конституциявий тамойиллардан фойдаланиш амалиёти хусусида гапириб берсангиз.

– Мамлакатимиз Конституциясида мустақил давлатимизнинг янги сиёсий ва давлат тузилиши асосларини, аввало, қонунчилик тизимини шакллантиришнинг миллий-ҳуқуқий меъёрлари белгилаб берилган. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти томонидан Конституция нормаларига мувофиқ яхлит ҳуқуқий механизм яратилди.

Бу жараёнда мамлакатимизда қонун ижодкорлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг сифати ва самарадорлигига пухта замин бўлаётир. Зеро, қонунлар қанчалик мукаммал, аниқ ва лўнда бўлса, уларни ҳаётга татбиқ этиш шунчалик осон кечади. Айтиш жоизки, мамлакатимизда қонун ижодкорлиги жараёни ва қонунчилик техникасини такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, зарур ҳуқуқий база шакллантирилган. «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида», «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги каби қонунлар ишлаб чиқилаётган ҳар бир қонуннинг мамлакатимиз ривожига хизмат қилишини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Бу соҳада қонунийликни таъминлашнинг янги ва янада самарали механизмларини яратиш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд қонунларга, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга. Бунда 2012 йил 24 декабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳим дастуриламал бўлмоқда.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ мамлакатимизда ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, экологик ва бошқа турдаги экспертизалардан тўлиқ ўтказилмоқда. Хусусан, ҳуқуқий экспертиза жараёнида тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси Конституциямиз нормаларига мувофиқлиги текширилмоқда. Зеро, Асосий қонунимизда бирорта ҳам қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Шу маънода янги таҳрирда қабул қилинган қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини янада ошириш билан бирга уларнинг ижросини ҳам самарали таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётир. Вазирлигимиз томонидан кейинги уч йилда жамият ҳаётининг турли соҳаларини тартибга солишга қаратилган 9,5 мингга яқин қонун ва қонун ости ҳужжатлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Бу жараёнда аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилишига эришилди. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига адлия органлари томонидан 2 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.

Адлия вазирлиги томонидан сўнгги уч йил мобайнида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг 967 буйруқ ҳамда қарорлари давлат рўйхатидан ўтказилган.

– Адлия ходимлари иштирокида тайёрланаётган ва экспертизадан ўтказилаётган қонун ҳужжатлари лойиҳалари кўпроқ қайси соҳаларга тааллуқли?

– Адлия органлари барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича ҳамда ўз ташаббусига кўра қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мустаҳкамланган тамойиллардан бири – хусусий мулкнинг дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида эканлигидир. Асосий қонунимизнинг ­53-моддасида қайд этилганидек, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Ушбу конституциявий норма асосида кўплаб қонунлар ишлаб чиқилган. Кейинги йилларда тадбиркорлик жадал ривожлангани ва фаолияти кўлами кенгайиб бораётгани туфайли ушбу соҳага бўлган эътибор янада кучайди. Ўз навбатида, соҳанинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилмоқда. Биргина 2016 йилда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича еттита норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга қаратилган дадил қадам бўлди.

– Норма ижодкорлиги жараёнида аниқланаётган камчиликларни бартараф этиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Адлия органлари томонидан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги амалиёти тизимли равишда ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмат ходимларига аниқланаётган камчиликларни жойида бартараф этиш мақсадида уларга услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини ўрганиш жараёнида жойларда сайёр семинарлар ташкил қилиниши амалиёти йўлга қўйилиб, мавжуд муаммолар жойида бартараф этилаётир.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норма ижодкорлигининг фаол субъекти бўлиб, улар қабул қиладиган норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ва албатта халқчил бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилаётир. Адлия органлари бу борада ҳокимликларга яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Биргаликда кўрилган чоралар натижасида норматив-ҳуқуқий қарор лойиҳаларини адлия органларига ҳуқуқий экспертиза қилиш учун мунтазам равишда тақдим қилиш механизми йўлга қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Конституцияси ва шу асосда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

 

ЎзА мухбири

Норгул АБДУРАИМОВА

суҳбатлашди.



*Материал қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда.

Прочитано: 1977 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика