Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 45 / Истеъмолчининг ён дафтарига

Тараққиётнинг тескари туҳфаси

ёки ҳамма ёқни электрон чиқинди босиб кетди

 

Одатдаги маиший утиллаштиришда аккумулятор батареяларининг тўлиқ парчаланиши учун камида 200 йил керак бўлади. Кўп одамлар буни билса-да, муддатини ўтаб бўлган электрон қурилмаларни оддий ахлат идишларига ташлашда давом этадилар. Бунинг сабаби оддий – ахлат қабул қилиш пунктларида махсус контейнерлар мавжуд эмас. Юзага келган вазиятни ҳал этиш йўллари борми ва истеъмолчининг жавобгарлигини қандай қилиб ошириш мумкин?

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводида ташкил этган медиа-тур бундай ечимни топишга бир уриниш бўлди. Унда ОАВ вакиллари, электрон техника ишлаб чиқарувчилари, маиший техник сервис марказларининг вакиллари қатнашдилар.

 

Муаммонинг моҳияти

Бугунги кунда электрон чиқиндилар бутун инсониятнинг экологик муаммосига айланган. Эски мобил телефонлар, рақамли фотоаппаратлар, персонал компьютер, принтер, сканерлар, турли майда девайс ва гаджетлар ўрнига янги қурилмалар келиб, ўз ўтмишдошларини чиқиндихонага жўнатмоқда. Буларнинг ҳаммаси сайёрамизда электрон чиқиндилар жадал равишда тўпланиб қолишига олиб келади.

Ўз муддатини ўтаб бўлган техника барча қаттиқ маиший чиқиндиларнинг атиги 5%га яқинини ташкил этишига қарамай, айни у атроф муҳит ва кишиларнинг саломатлиги учун хавфлидир – уни амалда утиллаштириб ёки қайта ишлаб бўлмайди. Мобил телефон, мисол учун, ўз ичига 500 дан 1 000 гача турли компонентларни олади. Уларнинг кўпида қўрғошин, симоб, кадмий ва бериллий, шунингдек бромлаштирилган антипиренлар бор.

Бозоримизга келиб тушадиган асбоб ва қурилмаларнинг яроқлилик муддати ўртача 5 йилни ташкил этади. Сўнгра улар сафдан чиқади ёки маънавий жиҳатдан эскиради. Ўз муддатини ўтаб бўлган электрониканинг катта қисми ташлаб юборилади. Бу эса ўз навбатида бутловчи буюмлар бозорини ривожлантириш, иккиламчи қайта ишлаш ва улардан келгусида фойдаланиш учун кенг имкониятлар очади.

 

Завод хизматга тайёр

Тошкент рангли металлар заводи иккиламчи рангли металларни йиғиш ва қайта ишлаш, шунингдек аҳолидан ишлатиб бўлинган аккумулятор батареяларини қабул қилиш бўйича Марказий Осиёда ягона ихтисослаштирилган корхона ҳисобланади.

Завод ишлатиб бўлинган техникани қабул қилиш ва йиғишнинг кенг тармоғига эга, республиканинг ҳар бир минтақасида корхонанинг бир нечта филиали мавжуд. Бугунги кунда 24 ҳудудий филиал мавжуд бўлса, кейинчалик улар сонини 100 тага етказиш режалаштириляпти. Тошкентда аҳолидан ишлатиб бўлинган аккумулятор батареяларини қабул қиладиган 6 пункт мавжуд. Бунда автоаккумуляторларни топширганлик учун пул ҳам беришади.

2020 йилгача электрон асбобларни тўғри утиллаштиришни рағбатлантириш учун аҳоли (жисмоний шахслар) ва бюджет корхоналаридан электрон чиқиндилар бепул қабул қилинади. Хўжалик ҳисобидаги корхоналардан электрон чиқиндилар шартномавий асосда қабул қилинади. Зарурият туғилганда завод уларни буюртмачининг ҳудудидан олиб чиқиб кетишигина эмас, балки техникани демонтаж қилишни ҳам ташкил этиши мумкин.

 

Электроникани утиллаштириш истиқболлари

2016 йилда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва «Тошрангметзавод» АЖ аҳолининг экологик фаоллигини ошириш, 2016–2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший ва электрон чиқиндиларни утиллаштиришга қаратилган, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича қўшма тадбирлар дастурини ишлаб чиқдилар. Дастурда қуйидагилар назарда тутилган:

√ янги маиший техникани сотиш савдо шохобчаларида аҳолидан батареялар ва ишдан чиққан маиший техникани қабул қилиш учун махсус контейнерлар ўрнатиш;

√ аҳоли зич яшайдиган жойларда қабул пунктларини ташкил этиш;

√ аҳолини электрон чиқиндиларни тўғри утиллаштириш тўғрисида хабардор қилиш учун ахборот мавзувий стендларини ўрнатиш.

Ўзбекистонда ушбу иш билан қарийб 10 йилдан бери шуғулланишади. Бутун республикадан келиб тушадиган чиқиндиларни қайта ишлайдиган ишлаб чиқариш қувватлари яратилган.

Бироқ, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассисларининг фикрича, электрон чиқиндиларни утиллаштиришнинг экологик муаммоларини ҳал этиш учун чиқиндиларни қайта ишлашни тартибга солувчи қонунчилик базасини янада такомиллаштириш лозим. Шу муносабат билан электрон чиқиндиларни утиллаштириш корхоналарига имтиёзли солиқ солишни назарда тутиш, ташкилотлар ва аҳолининг чиқиндиларни саралаш учун жавобгарлигини белгилайдиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш лозим бўлади.

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 1890 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика