Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 45 / Амалий бухгалтерия

Инвентарь объекти ва унинг рақами

 

Асосий воситаларга инвентарь рақамлари қандай тартибда берилади?

С.Дергачёва,

МЧЖ бухгалтери.

 

– Асосий воситаларнинг ҳисобга олиниши тартибини акс эттирувчи асосий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат 5-сон БҲМС «Асосий воситалар» (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳисобланади.

Стандартга мувофиқ, асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисоби бирлиги бўлиб инвентарь объекти ҳисобланади. Бу муайян вазифаларни бажариш учун мўлжалланган алоҳида буюм бўлиши мумкин. Ёки умумий бошқарувга эга бўлган, ўз вазифасини мустақил равишда бажара олмайдиган буюмлар мажмуи бўлиши эҳтимол. Компьютернинг барча таркибий қисмларини бошқарувчи дастурий таъминот туфайли яхлит механизм каби ишловчи алоҳида элементлар: процессор, монитор, принтердан ташкил топган компьютерни энг оддий мисол сифатида келтириш мумкин. Битта асосий воситада турлича фойдали фойдаланиш муддатига эга бир нечта мустақил объектлар мавжуд бўлганда, ҳар бир бундай объект бухгалтерия ҳисобида алоҳида мустақил инвентарь объекти сифатида тан олинади.

Асосий фондлардан ташкилот ичида фойдаланилишининг таҳлилий ҳисобини юритиш ва уни назорат қилиш учун ҳар бир инвентарь объектига инвентарь рақами берилади.

Кўчар ва кўчмас мулкнинг ҳар бир инвентарь объектига, у фойдаланишда, захирада ёки консервацияда эканлигидан қатъи назар, ноёб инвентарь тартиб рақами берилади.

Инвентарь рақамлари шакллантирилиши тартибини корхонанинг ҳисоб сиёсатида ёки бошқа локал ҳужжатида белгилаш мақсадга мувофиқ. Одатда инвентарь рақамлари инвентарь карточкаларида (АВ-6-сон шакл) қайд этилади ва асосий воситаларни ҳисобга олиш учун хизмат қилади.

Уларга муайян талаблар қўйилади.

1. Инвентарь рақами ноёб бўлиши шарт. Яъни бир хил инвентарь рақамига эга биттадан ортиқ асосий восита бўлмаслиги керак. АВ объектига берилган рақам у корхонада бўлган бутун давр мобайнида уники бўлиши лозим. Бинобарин, инвентарь рақамларини ўзгартириб бўлмайди. Ҳатто асосий воситани ижарага берганингизда ҳам объектнинг инвентарь рақами сақланиши ва ундан ижарага олувчи фойдаланиши керак. АВ ҳисобдан чиқарилганидан кейин унинг инвентарь рақамидан такроран фойдаланмаган маъқул.

2. Қонун ҳужжатларида асосий воситанинг инвентарь рақамидаги разрядлар сонига ва ушбу разрядлар мазмунига нисбатан талаблар белгиланмаган. Шу сабабли рақамлаш тизимини мустақил равишда ишлаб чиқиш мумкин. Бунда рақамлар АВ келиб тушишига қараб ошиб бориш тартибида қўйилишини назарда тутган мақсадга мувофиқ. Бу улар келиб тушиши хронологиясини билиш имконини берувчи энг оддий усул. Агар асосий восита объекти мураккаб (комплекс) тусга эга бўлса, унинг ҳар бир элементида АВга (комплексга) берилган инвентарь рақами қайд этилган бўлиши керак. Бу ҳолда рақамлаш тизими мураккаброқ бўлиши мумкин. Инвентарь рақами бутун комплекс рақамини ҳам, алоҳида элементлари белгисини ҳам ўз ичига олиши мумкин. Масалан, инвентарь рақами 23 бўлган компьютер мониторини 23-М деб белгилаш мумкин. Ҳарфли белгилардан фойдаланганда улар тасдиқланган рақамлаш тизимида акс эттирилган бўлиши керак.

Инвентарь рақами жетонга туширилиб, у моддий жавобгар шахс томонидан активлар келиб тушиши ва чиқиб кетиши бўйича комиссия ­аъзоси ҳозирлигида объектга маҳкамлаб қўйилади ёки ёрлиқни сақлаш учун бевосита объектга бўёқ билан ёзиб қўйилади.

АВда инвентарь рақамларининг мавжуд эмаслиги (агар уларни қайд этиш имкони бўлса) ёки инвентарь рақамлари лозим даражада қайд этилмаганлиги (масалан, скотч билан ёпиштирилган), шунингдек комплекснинг таркибий қисмларида уларнинг мавжуд эмаслиги ҳисобга олиш меъёрлари бузилиши дея баҳоланиши мумкин.

 

Наталья ГРИШУТИНА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2408 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика