Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 45 / Назорат

Тадбиркорга қонун мададкор

 

«Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси, роли ва таъсири, содда қилиб айтганда, бошқа ҳеч бир соҳа ва йўналиш ўрнини босолмайдиган катта аҳамияти билан давлат ва мамлакатимиз ривожида алоҳида ўрин эгаллайди».

И.Каримов,

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти.

 

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида улар жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчига айланмоқда. Бу эса иқтисодиётни эркинлаштириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш жараёнида хусусий тармоқ вакилларини ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилгани ва тобора мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолатдир.

 

Ривожланишнинг «ўзбек модели» сифатида дунёга танилган мустақил тараққиёт йўлимизнинг машҳур беш тамойилида иқтисодиётнинг мафкурадан холилиги, қонун устуворлиги белгилаб қўйилгани мамлакатимизда кучли иқтисодиётни шакллантириш, барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш, барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш прокуратура органларининг ҳам олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Прокуратура органлари тадбиркорларнинг иқтисодий эркинлигини чеклаш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашиш, бюрократик тўсиқ ва ғовларни пайдо қилишнинг ҳар қандай ҳолатларини бартараф этишга, шунингдек, қоидабузарларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Жорий йилнинг 8 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, соҳадаги турли бюрократик тўсиқлар ва асоссиз текширувларни бундан кейин ҳам қатъият билан чеклаш зарурлигини таъкидлади.

Ушбу йўналишдаги амалий қадам сифатида республика Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4848-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, соҳа фаолиятини ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида давлат органлари, энг аввало, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлашлари лозимлиги белгиланди. Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи ­қатъий ҳал этилиши, шунингдек,  тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари олдига вазифа қилиб қўйилди.

Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниб, юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ қисқа муддатли текширувлар ўтказилиши мумкинлиги белгиланди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этилиши назарда тутилганлиги айни муддао бўлди.

Шу ўринда, йўл қўйилган қонунбузарликлар инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига етказилган зарар билан боғлиқ бўлган тақдирда юқоридаги қоиданинг қўлланилмаслигини ҳам унутмаслик лозим.

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти органлари томонидан ҳам юқоридаги Фармон ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш борасида тегишли чоралар белгиланиб, ушбу қонун ҳужжатларининг мазмуни, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини ижрочилар ва аҳолига етказиш борасида соҳа мутахассислари иштирокида амалий ўқув машғулотлари ташкил этиб келинмоқда.

Асосий эътибор, олдимизга қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, турли тўсиқ, суиистеъмолчиликлар, коррупция ҳолатларига барҳам беришга қаратилмоқда.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар, уларга берилаётган имконият ва имтиёзлар тўғрисида республиканинг олис ҳудудларида яшовчи фуқаролар ҳамда тадбиркорлар иштирокида банк, солиқ ва бошқа мутасадди идораларнинг вакиллари билан ҳамкорликда учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Мазкур учрашув ва очиқ мулоқотларда фуқароларга тадбиркорлик билан шуғулланишнинг ҳуқуқий асослари атрофлича тушунтирилиб, тадбиркорлар, айниқса, ишлаб чиқариш соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида мазкур соҳага оид қонунчиликни тарғиб қилиш борасида 26 мингдан зиёд тадбир амалга оширилган.

Шу билан бирга, мамлакатимизда изчиллик билан олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги янгиликлар, ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар тўғрисида Бош прокуратура ва унинг ҳузуридаги Департаментнинг «Ишонч телефонлари»га мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида тайёрланган радиороликлар жойлардаги маҳаллий радиоканал, бозорлар ва савдо комплекслари, корхона ҳамда муассасалардаги радиоузеллар орқали аҳоли ва тадбиркорларга етказилмоқда.

Департамент органлари томонидан ўтказилган тарғибот тадбирларида кенг жамоатчилик эътиборига тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, солиқ базасини кенгайтириш Департамент органларининг асосий вазифаларидан бири эканлиги тўғрисида тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, коллеж битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай тадбирларнинг туб негизида, аввало, аҳолининг бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш ҳамда ички бозоримизни сифатли ва харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт салоҳиятини ошириш, давлатимизнинг иқтисодий барқарорлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ана шундай тадбирлар натижасида 7 164 та янги иш ўринлари яратилиб, муқаддам яширин фаолият юритган 2 281 та хўжалик юритувчи ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказилишига эришилди. Жумладан, Департаментнинг Зарафшон шаҳар бўлими томонидан «Қизилқум текстиль» МЧЖга амалий ёрдам кўрсатилиб, 300 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. Натижада жамиятга янги ускуналар олиб келиниб, ишчи-ходимлар сонини 45 нафарга оширишга эришилди.

Худди шундай амалий ёрдам натижасида Фурқат туманида яшовчи М.Мирзаева томонидан «Furqat Sifat Teks» оилавий корхонаси ташкил этилиб, 6 та янги иш ўринлари яратилди.

Мамлакатимизда тадбиркорлар ривожланган давлатларда бўлгани каби жамиятимизнинг асосий таянчига айланиб бормоқда. Уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун етарли шарт-шароит яратилиши давлатимиз равнақи, халқимиз фаровонлигининг асоси эканлиги шубҳасиз.

Шундай экан, юрт тараққиёти йўлида тер тўкаётган тадбиркор ва ишбилармонларимизга, кичик бизнес ва оилавий бизнес вакилларига кўмак бериш, таянч бўлиш Департамент органларининг доимий вазифаларидан бири бўлиб қолаверади.

 

Акмал РАХМАНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги

СВОЖЖДЛҚК департаменти

бошлиғи ўринбосари.

Прочитано: 2057 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика