МЧЖ кичик корхоналар сирасига киради, ягона солиқ тўловини тўловчи ҳисобланади, асосий (соҳа) фаолият тури бўйича ХХТУТ коди – 71150 (бошқа улгуржи савдо).
Унитар корхона (УК) билан тузилган воситачилик шартномасига кўра корхонамиз углеводород хом ашёси – газойль сотиб олишни ҳақ эвазига унга топширади.
Бундан ташқари, бизнинг МЧЖ билан УК ўртасида тузилган хом ашёни қайта ишлашга бериш шартномасига кўра у хом ашёни дизель ёқилғисига қайта ишлаб, шундан сўнг бизга қайтаради.
Корхонамизнинг бухгалтерия ҳисобида УКдан олинган дизель ёқилғиси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кейинчалик улгуржи харидорларга реализация қилинадиган товар сифатида кирим қилинади.
Солиқ кодексининг 350-моддаси 2-қисмига мувофиқ, ягона солиқ тўлови акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарадиган микрофирма ва кичик корхоналарга татбиқ этилмайди.
Амалда акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчиси деб ҳисобланмайдиган корхонамиз қонун ҳужжатлари билан кичик корхоналар ва микрофирмалар учун белгиланган мезонларга риоя этганда ягона солиқ тўловини тўлашга ҳақлими?
Б.Расулов.
– Акциз солиғини тўловчилар – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциз солиғи солинадиган товарларни (акциз тўланадиган товарларни) ишлаб чиқарувчи юридик шахслардир (Солиқ кодексининг 229-моддаси).
Хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчи томонидан уларнинг мулкдорига (яъни корхонангизга) топшириш акциз солиғи солинадиган объект ҳисобланади (Солиқ кодексининг 230-моддаси).
Корхона акциз солиғи солинадиган тайёр маҳсулот (дизель ёқилғиси) ишлаб чиқариш учун УКга хом ашёни (газойль) қайта ишлашга беради. Яъни корхонангиздан қайта ишлашга олинган газойлдан ишлаб чиқарилган акциз солиғи тўланадиган товарнинг (дизель ёқилғисининг) ишлаб чиқарувчиси УК ҳисобланади. Шу сабабли у дизель ёқилғиси бўйича акциз солиғи тўловчиси саналади.
Шу тариқа, қайта ишлашга берилган хом ашёдан ишлаб чиқарилган дизель ёқилғисининг ишлаб чиқарувчиси, шунингдек унга доир акциз солиғи тўловчиси УК ҳисобланади, Солиқ кодексининг 350-моддасидаги акциз солиғи тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона учун ягона солиқ тўлови қўлланиши тақиқланиши қоидаси сизнинг корхонангизга нисбатан татбиқ этилмайди.
Валерий ЛИ,
ЎзР Молия вазирлиги
Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг
бўлим бошлиғи.