Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 36 / Амалий бухгалтерия

Фаолият соҳасини кенгайтирамиз

 

МЧЖнинг асосий фаолияти (ХХТУТ бўйича коди – 71211) – чакана оборот, улгуржи савдо билан шуғулланишга лицензияси бор, алоҳида-алоҳида ҳисоб юритилади, ҳаммасидан: қишлоқдаги, шаҳардаги чакана савдо, бошқа даромад, улгуржи оборотдан 5%лик ЯСТ тўлаймиз. Корхона биноларда қуёш фотоэлектр панелларини ўрнатиш билан шуғулланиш, шу панелларни ўрнатиш учун тендерларда қатнашишни (биржа орқали) режалаштирмоқда. Ходимлардан бири ўз пулига хусусий шахсдан фотоэлектр панелларни сотиб олди.

1. Ходим ўз ҳисобига сотиб олган фотоэлектр панеллар учун у билан ҳисоб-китобларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш ва амалга ошириш керак?

2. Ходимда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

3. Ушбу хизматлар туридан (қуёш батареяларини ўрнатиш) солиқ қанча миқдорда тўланади?

4. Кейинчалик қуёш панелларини хусусий шахсдан эмас, Интернет орқали Хитойдан сотиб олиш мумкинми?

З.Исмоилова, бухгалтер.

 

1

Ходимингиз фотоэлектр панелларни ўз пулига хусусий шахсдан сотиб олгани сабабли улар айни пайтда унинг мулки ҳисобланади. Ташкилот уларни хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлиши, масалан, уларни ташкилотингиз тузадиган шартномаларга кўра ўрнатиш учун уларни ходимингиз – жисмоний шахсдан сотиб олишингиз зарур. У билан оддий ёзма шаклда олди-сотди шартномасини тузинг (Фуқаролик кодексининг 108-моддаси).

Корхона ходимидан фотоэлектр панелларни сотиб олиш операцияси ҳисобда қуйидаги тарзда акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Ходимдан фотоэлектр панеллар олинди

 

1020-«Сотиб олинган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Ходим олдидаги қарз банклардаги ҳисобрақамлардан сўндирилди

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

 

2

Жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар уларнинг мулкий даромадлари таркибига қўшилади (Солиқ кодексининг ­176-моддаси 4-банди). Бунда мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мол-мулкни олиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати даромад деб эътироф этилади. Бироқ Солиқ кодексининг 179-моддаси 11-бандига мувофиқ, жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадларга, айрим ҳолларни истисно этганда, солиқ солинмайди.

Агар жисмоний шахс ускунани мунтазам равишда сотадиган бўлса (бир марталик битим бўлмаса), назорат органлари ходимингизнинг хатти-ҳаракатларини ноқонуний тадбиркорлик фаолияти деб тан олиши хатари юзага келади, чунки шахснинг у ёки бу фаолиятини тадбиркорлик деб топиш учун иккита ҳолат мавжуд бўлиши етарли:

даромад топишга қаратилган ҳаракатлар системали равишда содир этилиши;

бундай фаолият асосий, яъни касб фаолияти сифатида амалга оширилиши шарт (Олий суд Пленумининг 11.12.2013 йилдаги «Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги 20-сон қарори).

Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу ҳуқуқбузарликни кўп миқдордаги (ЭКИҲнинг 300–500 баравари миқдорида) назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 176-моддаси). Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан жуда кўп миқдордаги (ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдорда) назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда амалга ошириш Жиноят кодексининг ­188-моддасига кўра жиноий жавобгарликка олиб келади: 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ЭКИҲнинг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

3

Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорига 10-1-иловага мувофиқ, қуёш батареялари ўрнатилишига 5%лик ставкада ЯСТ солинади.

 

4

Электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларига (ВМнинг 2.06.2016 йилдаги 185-сон қарорига 1-илова) кўра, сиз пировард истеъмол, тижорат мақсадларида фойдаланиш, ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжларингиз учун ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олувчи тадбиркорлик фаолияти субъекти (Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари) сифатида Интернет орқали товарларни сотиб олишингиз мумкин. Электрон тижоратда тўловлар фақат қуйидаги усуллар билан амалга оширилади (Қоидаларнинг 48-банди):

банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалини қўллаш орқали;

шахсий кабинет ёки чакана тўловлар тизими орқали (онлайн-тўлов) банк пластик картасидан маблағларни ўтказиш воситасида;

банк ҳисобрақамидан пул маблағларини ўтказиш воситасида.

Шу тариқа, башарти Электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларига риоя этилса, қонун ҳужжатларида фотоэлектр панелларни Интернет орқали банк ҳисоб-китоб рақами ёки банк пластик картаси воситасида битим ҳақини тўлаб сотиб олиш тақиқланмаган. Бунда Хитой томони билан ҳисоб-китоб қилишингиз учун сизда чет эл валютасидаги пул маблағлари бўлиши керак.

Ёки Интернет ёрдамида сиз учун керакли ускуна импорт қилиб етказиб берилишини ташкиллаштирадиган маҳаллий етказиб берувчини топишга ҳам уриниб кўришингиз мумкин.

 

Неля ВАЛИНИНА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1764 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика