Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 36 / Ҳужжатли расмийлаштириш

Имзо, факсимиле, муҳр – ҳаммасини тўғри қўямиз

 

Шахсий имзо – амалий ҳужжатнинг ажралмас қисми. У шартномалар, контрактлар, ҳисобварақлар, ҳисоботлар ва бошқа ҳужжатларнинг бош тасдиқловчи элементидир. Агар ҳужжат имзоланмаган ёки нотўғри имзоланган бўлса, бу ҳол нохуш оқибатга олиб келиши мумкин. Солиқ ва молия ҳужжатларида имзоларни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин, уларнинг ўрнига факсимиле қўлласа бўладими ва уларни муҳр билан тасдиқлаш зарурми – «Norma Online» эксперти Музаффар Мирзағаниев шу ҳақда сўзлаб беради.

 

Имзо нимага керак

Имзо – тегишли ҳужжатни имзолашга ваколатли шахснинг ўз қўли билан қўйган қайди. Унинг ўрни – ҳужжатнинг охирида. Бироқ реквизитларнинг «аҳамиятлилиги рейтингида» у биринчи ўринни эгаллайди – у мавжуд бўлсагина ҳужжат тан олинади. Имзо ҳужжатни имзолаган шахсни идентификациялайди ва унинг ҳақиқий эканлигини тасдиқлайди. Ҳужжатни имзолаган киши унда назарда тутилган ҳуқуқ, мажбуриятлар ва масъулиятни ўз зиммасига олади.

 

Кўпинча икки киши – раҳбар ва бош бухгалтер тасдиқлаши зарур бўлган молиявий ва солиқ ҳужжатларида имзо алоҳида аҳамиятга эга:

Бошланғич ҳужжатнинг номи

 

Бошланғич ҳужжатнинг мақсади

 

Ҳисобварақ-фактура

(Солиқ кодексининг 222-моддаси)

Маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) реализациясининг ҳисоби

 

Ишончнома

(1-сон шакл)

Моддий бойликларни олишда шахс корхонанинг ишончли вакили бўлиши ҳуқуқини расмийлаштириш

 

Ҳисоб-китоб-тўлов қайдномаси

(Т-49-сон шакл, Т-51-сон шакл,

Т-53-сон шакл, Т-54а-сон шакл)

Иш ҳақи ва пенсиялар ҳисоб-китоби ва берилиши

 

ТМБни четга беришга юкхат

(М-15-сон шакл)

Моддий бойликларни корхонанинг алоҳида бўлинмалари ёки чет ташкилотларга бериш ҳисоби

 

Товар-моддий бойликлар ҳаракати ва қолдиқларини ҳисобга олувчи ҳужжатлар

(МХ-19-сон шакл, МХ-20-сон шакл,
ИНВ-19-сон шакл)

Товар-моддий бойликлар ҳисоби

 

Кирим касса ордери, чиқим касса ордери, касса буюртманомаси

 

Нақд пул тушуми ва кассадан берилиши ҳамда унинг банкдан олиниши ҳисоби

 

Тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси

 

Ҳисоб-китоб ҳужжати – мижознинг ҳисобрақамидан олувчининг ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиш ҳақида банкка топшириқ бериш

 

 

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририда (13.04.2016 йилдаги ЎРҚ-404-сон Қонун билан тасдиқланган, бундан кейин – Қонун) ҳужжатларни имзолашнинг қуйидаги қоидалари белгиланган ­(13–15-моддалар):

1) пул, ТМБ ва бошқа бойликларни қабул қилиш ҳамда бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек молиявий ва бошқа ҳисоботлар раҳбар томонидан ёки у белгилайдиган шахслар томонидан имзоланади;

2) раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди:

биринчиси – хўжалик юритувчи субъектда раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар;

иккинчиси – бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар.

Уларнинг имзоси мавжуд бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (Қонуннинг 13-моддаси);

3) хўжалик операциясини бажарган шахсларнинг идентификация қилиш учун зарур бўлган фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари ёхуд бошқа реквизитлари кўрсатилган ҳолда лавозимлари номи ва имзолари бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг мажбурий реквизитлари ҳисобланади;

4) бошланғич ҳисоб ҳужжатларини тузган ҳамда имзолаган шахслар уларнинг ўз вақтида, тўғри ва ишончли тузилиши, шунингдек бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун белгиланган муддатларда топширилишига жавобгардир (Қонуннинг 14-моддаси);

5) регистрни юритиш учун масъул бўлган шахсларнинг лавозимлари, фамилиялари ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари кўрсатилган ҳолдаги имзолари ёки ушбу шахсларни идентификация қилиш учун зарур бўлган бошқа реквизитлар бухгалтерия ҳисоби регистрининг мажбурий реквизитлари ҳисобланади (Қонуннинг 15-моддаси).

 

Бош бухгалтер бўлмаганда

Кичик фирмаларда раҳбарлар бухгалтерия ҳисобини шахсан юритиши ёки Қонуннинг 11-моддасида рухсат берилганидек, буни бошқа ташкилотга топшириши мумкин. Бош бухгалтер назарда тутилмаган, унинг имзоси эса талаб қилинадиган ҳолда қандай йўл тутиш лозим?

Бу ҳолда раҳбар:

♦ бухгалтерия ҳисобини юритиш ўз зиммасига юклатилиши ҳақида буйруқ чиқаради ёки юридик шахс билан шартнома тузади, штат жадвалини тасдиқлайди, банк ва давлат органларини хабардор қилади;

♦ имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар (раҳбарлик ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс) рўйхатларида ўзини кўрсатади;

♦ бош бухгалтер ўрнига ҳужжатларни имзолайди;

♦ 2 та имзо керак бўлганда – икки марта: ўзи ва бош бухгалтер учун имзо чекади.

Баъзан бу ҳолларда бош бухгалтер имзоси ўрнига «Назарда тутилмаган» деб қайд этилади ёки устидан чизиқ тортилади. Бу – нотўғри. Ҳужжатда бош бухгалтер имзоси назарда тутилган экан, бу жойга кимдир имзо қўйиши керак. Айни вазиятда бухгалтерия ҳисобини юритувчи корхона раҳбари имзолайди.

 

Буйруқ намунаси

 

«Эксперт-С» МЧЖ

1-сон буйруқ

15.08.2016 й.

Имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларни тасдиқлаш ҳақида

 

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги ЎзР Қонунининг 13-моддаси талабларини бажариш мақсадида буюраман:

1. Қуйидаги шахсларга бошланғич ҳисоб ҳужжатларига ва пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ҳамда бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек молиявий ва бошқа ҳисоботларга биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи берилсин:

Исмоилов Исмоил Исмоиловичга – корхона директорига;

Аҳмадов Аҳмад Аҳмадовичга – директор ўринбосарига.

 

2. Қуйидаги шахсларга юқорида кўрсатилган ҳужжатларга иккинчи имзо қўйиш ҳуқуқи берилсин:

Қодирова Муҳайё Анваровнага – бош бухгалтерга;

Султонова Наргиза Абдуллаевнага – бош бухгалтер ўринбосарига.

 

«Эксперт-С» МЧЖ директори                                 Исмоилов И.И.

 

Буйруқ намунаси

 

«Эксперт-С» МЧЖ

1-сон буйруқ

15.08.2016 й.

Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини юклаш ҳақида

 

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги ЎзР Қонунининг 13-моддаси талабларини бажариш мақсадида:

Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини ўз зиммамга оламан.

Бошланғич ҳисоб ҳужжатларига ва пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ҳамда бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек молиявий ва бошқа ҳисоботларга иккинчи имзо қўйиш ҳуқуқини ўзимда қолдираман.

 

«Эксперт-С» МЧЖ директори                                 Исмоилов И.И.

 

Факсимиле – имзо эмас

Факсимиле – мансабдор шахснинг ўз қўли билан қўйган имзоси аниқ тасвирланишини таъминловчи ва унинг ваколатларини тасдиқлашга хизмат қилувчи штамп. Имзонинг факсимиле тасвиридан ўз қўли билан қўйилган имзо сингари ҳужжатларни расмийлаштиришда фойдаланиш мумкин. Бироқ қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган факсимиле қўллаш ҳолларини кўп деб бўлмайди. Ундан фойдаланишни тўғридан-тўғри тақиқлаш ҳоллари кўпроқ учрайди.

Қуйидагиларга факсимиле қўйиш тақиқланади:

♦ пул, товар-моддий бойликларни ва бошқа бойликларни қабул қилиш ҳамда бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатларга;

♦ юридик шахснинг кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятларини акс эттирувчи ҳужжатларга;

♦ бирламчи ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия регистрларига (Қонуннинг 13–15-моддалари);

♦ солиқ, молиявий ва бошқа давлат ҳисоботларига (Солиқ кодексининг 44-моддаси 2-қисми; АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидалар ва б.);

♦ пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларига (тўлов топшириқномалари, аккредитивга аризалар ва б.) (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг ­20-банди);

♦ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳужжатларга.

Ушбу ҳужжатларга факсимиле қўйиш улар имзоланмаганини англатади.

Башарти контрагент билан бу масалада келишувга эришилган бўлса, хўжалик шартномалари, хатлар ва амалий тусдаги бошқа ҳужжатларда факсимиле қўллашга йўл қўйилади (Фуқаролик кодексининг 107-моддаси 2-қисми).

Ташкилот раҳбари имзосининг факсимилесини оборотга жорий этиш учун:

♦ буйруқ (фармойиш) билан ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилган шахс ёки бир нечта шахс тайинланиб, унга (уларнинг ҳар бирига) ишончнома расмийлаштирилиши;

♦ факсимиле қўйилиши мумкин бўлган ҳужжатлар тоифалари, шунингдек уни қўллашга рухсат бериладиган ёки, аксинча, тақиқланадиган ҳоллар белгиланиб, санаб чиқилиши (буларнинг ҳаммасини шу буйруқнинг ўзида ёхуд алоҳида локал ҳужжатда кўрсатиш мумкин);

♦ зарурат бўлганда факсимиле қўллаш тартибини белгиловчи локал ҳужжат (низом, йўриқнома, регламент ва б.) тасдиқланиши керак.

 

Имзо ўрнига факсимиле қўллаш

Мумкин:

томонларнинг келишувига кўра фуқаролик-ҳуқуқий битимларда факсимиле қўллаш;

жорий амалий ёзишмаларда факсимиле қўллаш.

 

Зарур:

факсимиле қўллаш тартибини белгилаш (алоҳида битимда ёки асосий шартномада);

факсимиле ёрдамида имзоланиши мумкин бўлган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилиши.

 

Тақиқланади:

ишончномалар беришда, тўлов ҳужжатлари ва молиявий оқибатларга олиб келадиган бошқа ҳужжатларни имзолашда факсимиле қўллаш;

ҳисобварақ-фактураларда ва меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа ҳужжатларда факсимиле қўллаш.

Муҳрсиз қабул қилинадими

Муҳр – ваколатли шахс билдирган хоҳиши ёки бошқа ахборотнинг ҳақиқийлигини қўшимча равишда расман тасдиқлаш воситаси.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар думалоқ муҳрни қўлламасликлари мумкин, илгари унинг бўлиши мажбурий эди. Президентнинг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон Фармони чиққанидан сўнг меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди. Солиқ ва молиявий ҳужжатларнинг кўпгина шаклларида муҳр қўйиладиган жойда «муҳр мавжуд бўлганда» дея аниқлик киритувчи ёзув қайд этилган.

Кичик корхона муҳрсиз ҳисобварақ-фактура қўйишга (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шакллари), касса дафтари юритишга (АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларининг 26-банди), банкда ҳисобрақам очиш ва ҳисоб-китоб ҳужжатларини расмийлаштиришга (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг 20-банди) ҳақли.

Айни пайтда тегишли ўзгартиришлар киритилмаган ҳужжатлар бор. Масалан, етказиб берувчилардан товар-моддий бойликларни олиш учун ваколатли шахсга бериладиган ишончноманинг тасдиқланган шаклида (АВ томонидан 27.05.2003 йилда 1245-сон билан рўйхатдан ўтказилган Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низомга 1, 2-иловалар) илгаригидек ишончнома берган корхона муҳрининг ўрни назарда тутилган, «муҳр мавжуд бўлганда» тузатиши эса киритилмаган.

Нотариуслар орқали тузиладиган битимларга қўйиладиган талаблар ҳам ўзгаришсиз қолган. Битимда юридик шахснинг раҳбари бевосита иштирок этганда, битимга юридик шахснинг муҳри ҳам қўйилади (АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 40-банди). Шу сабабли нотариуслар нотариал ҳаракатлар учун ташкилот муҳри билан тасдиқланмаган ҳужжатларни қабул қилмайдилар.

Тадбиркорлик субъектини юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказишда муҳр ва штамп эскизлари бўлиши шарт (Президентнинг 24.05.2006 йилдаги ПҚ-357-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 10-банди). Сабаби давлат рўйхатидан ўтказишда ушбу юридик шахс келгусида кичик тадбиркорлик субъекти бўлиш-бўлмаслиги ҳали номаълум бўлади.

Амалиётда бир корхона думалоқ муҳрдан фойдаланадиган, бошқаси эса усиз фаолият юритадиган шароитда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳужжатлар айланишида айрим қийинчиликлар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас. Зеро муҳрсиз ҳужжат муайян даражада ишончсизлик туғдириши мумкин.

Инсофсиз тадбиркорлар янгиликдан ғаразли мақсадларни кўзлаб фойдаланиши ҳам мумкин. Зеро думалоқ муҳр ҳужжат қалбаки эмаслигининг муайян кафолати бўлиб хизмат қилиши сир эмас.

Шу тариқа, думалоқ муҳр бекор қилинмаган, балки унинг микрофирмалар ва кичик корхоналарда мажбурий бўлиши талаби бекор қилинган. Ўз фаолиятида думалоқ муҳрдан фойдаланиш ёки фойдаланмаслик масаласини раҳбар ҳал қилади.

 

Жарима солинишига йўл қўймаймиз

Бош бухгалтер (ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахс) имзоси қўйилиши шарт бўлган ҳужжатларда унинг имзоси йўқлигини аниқлаган текширувчилар буни бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш деб талқин қилишга ҳақлилар. Бу эса мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади (МЖТКнинг 175-1-моддаси).

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхоналар учун янада жиддий оқибатлар юзага келиши мумкин. Солиқ қонунчилигида назарда тутилишича, солиқ тўловчиларнинг харажатлари асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Қонунда назарда тутилган шахсларнинг имзоси қўйилмаган ҳужжат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шу сабабли ушбу ҳужжатга кўра қабул қилинган харажатлар ҳужжатлар билан тасдиқланмаган деб ҳисобланиб, нохуш оқибатларга олиб келади. Бундай ҳужжатларга асосланиб, масалан, кирувчи ҚҚСни ҳисобга олиб ёки фойда солиғи солинадиган базани камайтириб бўлмайди.

Ҳужжатларни Қонунда талаб этилганидек расмийлаштиринг, шунингдек буни ўз етказиб берувчиларингиз ва пудратчиларингиздан талаб қилинг. Ана шунда ҳуқуқбузарликка йўл қўйишдан қутулибгина қолмай, бунда ҳамкорларингизга ҳам ёрдам берган бўласиз.

 

Энг кенг тарқалган ҳужжатларда имзо қўймасликнинг оқибатлари

Имзосиз ҳужжат

 

Эҳтимолий оқибатлари

 

Жазо чоралари

 

Ҳисобварақ-фактура

(Солиқ кодексининг 222-моддаси)

Имзосиз ҳужжат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Қабул қилинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚСни ҳисобга қабул қилиб бўлмайди.

Харажатлар асосланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланмаган деб ҳисобланиши мумкин ҳамда солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайди.

Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот бузиб кўрсатилишига олиб келади

ҚҚС қўшимча ҳисоблаб ёзилиши;

фойда солиғи қўшимча ҳисоблаб ёзилиши;

ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи қўшимча ҳисоблаб ёзилиши;

мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда маъмурий жарима (МЖТКнинг 175-1-моддаси)

ТМБни четга беришга юкхат

(М-15-сон шакл).

Товар-моддий бойликлар ҳаракати ва қолдиғини ҳисобга олувчи ҳужжатлар

(МХ-19-сон шакл, МХ-20-сон шакл, ИНВ-19-сон шакл)

Имзосиз ҳужжат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ҳақиқий бўлмаган ҳужжатга асосланиб юклаб жўнатилган товарлар реализация қилинмаган деб ҳисобланиши мумкин, бу эса ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида камомадига ва мавжуд бўлмаслигига олиб келади

Товарларни реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) товарларни реализация қилишдан тушган тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Товарларни реализация қилишдан тушган тушумнинг яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш амалга оширилади (Солиқ кодексининг 114-моддаси)

Кирим касса ордери, чиқим касса ордери

 

Имзосиз кирим касса ордери, чиқим касса ордери ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, бу эса касса операцияларини юритиш қоидалари бузилишига олиб келади

 

Мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда маъмурий жарима (МЖТКнинг 175-моддаси 3-қисми)

 

Тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси

 

Имзо қўйилмаган тўлов топшириқномаси, тўлов талабномасини хизмат кўрсатувчи банк қабул қилмаслиги ва ижросиз қайтариши мумкин, бу эса бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга тўлов топшириқномаси хизмат кўрсатувчи банкка ўз вақтида тақдим этилмаслигига олиб келиши мумкин

 

Мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача;

такрор содир этилганда – ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда маъмурий жарима (МЖТКнинг 175-моддаси 6–7-қисмлари)

 

 

Прочитано: 7995 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика