Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 36 / Божхона

Мустақиллик йилларида божхона органлари тараққиёти

 

Давлат божхона қўмитасида бўлиб ўтган «Мустақиллик йилларида божхона органлари тараққиёти» мавзусидаги матбуот анжуманида истиқлол йилларида миллий божхона тизимининг солномаси ҳақида сўз борди.

 

Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари, божхона хизмати полковниги Ғ.Шукуров журналистларга соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва соҳа тараққиётига оид батафсил ахборотларни тақдим қилди.

Мустақилликнинг илк даври – 1991 йил 25 октябрда Президентимиз ташаббуси билан божхона тизими ташкил этилиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида тобора такомиллаштирилди ва ривожлантирилди. Истиқлол туфайли замонавий инфратузилмага эга божхона хизмати юртимиз иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилишни таъминлайдиган давлат ҳокимияти тизимининг муҳим таркибий қисми сифатида тўлиқ шаклланди ва мамлакат иқтисодий қудратини мустаҳкамловчи асосий идоралардан бирига айланди. Бугун божхоначиларимиз ташқи савдо айланмасини тартибга солиш орқали республика иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Ўтган йиллар давомида миллий божхона хизмати тизими самарадорлигини ошириш, соҳани янада такомиллаштириш, ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, улар ҳаётга изчил татбиқ этилди. 2016 йил 20 январда эса Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси қабул қилинди. Унда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи субъектларга янада қулайликлар яратиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда божхона ишининг қонунчилик базасини халқаро андозалар билан уйғунлаштириш каби нормалар қамраб олинган.

Бугун божхона органлари босқичма-босқич тарзда шакллантирилган ва яхлит такомиллашган «Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими»га эга. У божхона органлари фаолиятининг турли йўналишини қамраган 32 та ахборот тизимини ўзида бирлаштиради. Эътиборлиси, шу саъй-ҳаракатлар натижасида божхона тўловларининг тўғри ундирилишини мониторинг қилиш, расмийлаштирув жараёнларини соддалаштириш, товар ва транспорт воситалари устидан самарали божхона назоратини ташкил этиш, эҳтимолий хатоликларнинг олдини олиш ҳамда ТИФ иштирокчиларига қулайликлар яратиш борасида ижобий натижалар қўлга киритилди.

Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 21 турдаги интерактив хизмат кўрсатилаяпти. Масалан, www.customs.uz веб-сайтидаги «Тадбиркорнинг шахсий саҳифаси» орқали кўрсатиладиган 10 турдаги интерактив хизмат туфайли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари зарур маълумотлардан фойдаланиш ва божхона расмийлаштируви жараёнини он-лайн кузатиш имконига эга бўлишди.

Айни чоғда йўловчилар, сайёҳлар ва тадбиркорлар учун декларациялар, товар ва транспорт воситаларига оид ҳужжатлар, ҳисоботларни интерактив хизматлар орқали электрон тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилди. Қолаверса, тегишли вазирлик ва идоралар билан аниқ вақт ичида электрон маълумот алмашинуви жорий этилиши тадбиркорларнинг тегишли ҳужжатларни олишида қулайлик туғдирди.

Маълумки, илгари тадбиркор божхона расмийлаштируви жараёнида муайян товар хусусиятидан келиб чиқиб унинг сифат, стандарт, ветеринария, фитосанитария ва гигиена талабларига мослигини тасдиқловчи ҳужжатларни турли идоралардан қоғоз шаклида олиб, божхонага тақдим этган бўлса, эндиликда «бир дарча» ахборот тизими асосида божхона ходимининг ўзи бу ҳужжатларни тегишли идоралардан электрон кўринишда олмоқда. Товар ва транспорт воситаларини электрон декларациялаш тизими йўлга қўйилиши ҳам муҳим янгиликлардан биридир. Тадбир давомида божхона органларининг халқаро ҳамкорлиги, шунингдек соҳа ходимларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология маркази фаолиятига доир маълумотлар ҳам берилди.

Матбуот анжуманида Давлат божхона қўмитасининг собиқ «Божхона тарихи» музейи негизида Юртбошимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асаридаги эзгу ғояларга асосланган ҳолда ташкил қилинган «Божхона маънавият маркази»нинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур марказ мамлакатимиз божхонасининг шонли тарихи, яқин ўтмиши ва мустақиллик йилларидаги тараққиётидан ҳикоя қилади. Марказга ташриф буюрганлар, айниқса, ёш авлод халқимиз барча жабҳаларда бўлгани каби, божхона соҳасида ҳам ўзининг бой тарихи ва улкан меросига эга эканлигига гувоҳ бўлишади. Илк бор 1996 йилда ташкил қилинган «Божхона тарихи» музейини ўтган 20 йил давомида рўй берган улкан маънавий ўзгаришлар ва ахборот технологияларининг такомиллашувини инобатга олиб, божхоначилар маънавиятини мустаҳкамлашда янада фаол иштирок этишига кўмак берувчи ­ноанъанавий усуллар кўмагида шунчаки тарихий маскан эмас, балки маънавий-маърифий мақомдаги муассасага айлантириш зарурати туғилган эди. Шу сабабли 2013 йилда бир гуруҳ божхона фахрийлари томонидан «Божхона тарихи» музейи негизида миллий ва жаҳон амалиётида кузатилмаган, шакл ва мазмун жиҳатидан бутунлай янги муассаса – «Божхона маънавият маркази»ни ташкил қилиш ташаббуси илгари сурилди.

180 м2 майдонни эгаллаган мазкур марказ нафақат Ўзбекистондаги, балки хорижий давлатлардаги бир қатор архивлардан олинган миллий божхона ҳаётини акс эттирувчи лавҳалар, турли экспонатлар, макетлар ва бошқа материаллар билан тўлдирилган.

Марказ экспозициясидан мустақил Ўзбекистоннинг халқаро божхона ҳамжамиятидаги ўрни, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти, божхона тизими ривожининг тарихий босқичлари, соҳага жалб қилинаётган ахборот технологиялари, кадрлар тайёрлаш тизими каби бир қатор йўналишлар бўйича стендлар ўрин олган.

Тадбир давомида журналистлар Давлат божхона қўмитасида видеокузатув тизими билан таништирилди. Видеокузатув марказидан туриб он-лайн режимда барча постлардаги вазиятдан узлуксиз хабардор бўлиш, фуқаролар ва юклар оқимини кундалик ўрганиш орқали иш ҳажмини тўғри тақсимлаш, ходимлар фаолиятини изчил мониторинг қилиш ва турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, божхона постлари устидан ички идоравий назоратни кучайтириш имкони туғилмоқда.

Журналистлар Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Маълумки, замонавий божхона хизматини ташкил этишда лаборатория бўлимларининг ўрни беқиёсдир. Марказий божхона лабораториясида Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси юритилиб, божхона экспертизалари амалга оширилади, илмий-тадқиқот ва илмий-услубий изланишлар олиб борилади. Яқинда Марказий божхона лабораторияси мураккаб экспертизалар ўтказиш ва ҳар томонлама асосланган ҳаққоний хулосалар берилишини таъминлаш мақсадида АҚШ, Англия, Япония, Германия каби давлатларда ишлаб чиқарилган энг замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Бу эса амалиётда ўз самарасини кўрсатиб, божхона экспертизаси натижаларига кўра, давлат бюджетига қўшимча миқдорда божхона тўловлари ҳисобланиши ва ундирилишига ҳамда тақиқланган товарларнинг республикага кириб келишининг олдини олишга хизмат қилади.

Анжуманда журналистлар ДБҚ Ахборот-кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишишди.

Бир сўз билан айтганда, истиқлол йилларида божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Зеро, барча жабҳалардаги янгиланишлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу азиз ва муқаддас Ватанда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашда муносиб ҳисса қўшишдан иборатдир.

Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

 

Аъзамжон ЭРГАШЕВ,

Божхона хизмати катта лейтенанти.

Прочитано: 2648 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика