Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 36 / Солиқ солиш

Ҳар қандай сийлов ҳам тушумни камайтирмайди

 

Солиқ кодексининг 356-моддасига кўра, Кодекснинг 355-моддасига мувофиқ маҳсулот етказиб берувчиларнинг сийлови тариқасида олинган бошқа даромадлар чегириб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушум солиқ солинадиган базадир. Ушбу меъёрда маҳсулот етказиб берувчиларнинг сийлови тариқасида олинган бошқа даромадлар турларга (савдо, пул, молиявий ва бонус товар кўринишидаги товар сийловларига) ажратилмаган ҳолда солиқ солинадиган базадан чегириб ташланиши назарда тутилган. Ушбу масалани кўриб чиқаётганда қуйидаги жиҳатга эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайман. Эксперт Татьяна Шалунованинг фикрича, берилган сийловларнинг сотувчида акс эттирилишини 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар» тартибга солади. Унга, шунингдек 21-сон БҲМСга мувофиқ, берилган ҳар қандай сийлов тушумни камайтиради ва юзага келган даврда акс эттирилади. Харидор маҳсулот етказиб берувчилардан сийлов кўринишида олган бошқа даромадлар Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-бандига асосан ягона солиқ тўлови бўйича харидорнинг солиқ солинадиган базасига киритилмайди.

Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-бандидаги ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база сийлов кўринишида олинган бошқа даромадлар суммасига камайтирилиши ҳақидаги меъёр маҳсулот етказиб берувчилардан олинган барча сийловларга (савдо, пул ва бонус товар кўринишидаги товар сийловларига) нисбатан қўлланадими?

Н.Наимов,

бухгалтер.

 

– Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-банди фақат пул сийловлари – бухгалтерия ҳисобида даромадлар ҳисобварақларида акс эттириладиган сийловларнинг ягона турига нисбатан қўлланади.

Ҳақиқатан ҳам солиқ солинадиган база маҳсулот етказиб берувчиларнинг сийлови тариқасида олинган бошқа даромадлар суммасига камайтирилади (Солиқ кодексининг 356-моддаси). Бунда бошқа даромадларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларга фақат пул сийловлари киритилади:

«Муддатидан олдин тўлаш натижасида ёки катта ҳажмда харид қилиш натижасида ёхуд тарафларнинг келишувида назарда тутилган бошқа шунга ўхшаш сабабларга кўра олинган пул чегирмалари харид қилинган товар-моддий захиралар (ТМЗ) қийматини камайтирмайди, балки улар содир бўлган ҳисобот даврида молия-хўжалик фаолияти натижаларига киритилади» (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»нинг 13-банди).

Пул сийловлари харидор муай­ян шартларни бажарганда (шартнома бўйича 100% олдиндан тўлов, муайян муддатда ҳақ тўлаш, 2 бирликдан ортиқ товар сотиб олиш ва ҳ.к.) берилади, яъни маҳсулот юклаб жўнатилгандан кейин шартномада қайд этилган муайян шарт бажарилса, умумий фактура нархи ана шу суммага камайтирилади. Пул сийловлари қўшимча ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилади (Солиқ кодексининг 222-моддаси).

Савдо сийлови эса шартнома тузиш пайтида маълум бўлади ва харидорга тақдим этилади (шартномада нарх сийлов билан кўрсатилган) – бу базавий нархнинг (прайс-варақдаги нархнинг) оддий камайтирилишидир. Савдо сийловлари ТМЗ қийматини камайтиради, яъни товарлар сийловлар чегирилган қийматда кирим қилинади. Даромадлар ҳисобварақларида савдо сийловлари акс эттирилмайди.

Шу тариқа, маҳсулот етказиб берувчиларнинг савдо ва пул сийловларини ҳисобда акс эттиришда фарқ бўлишига қарамай, савдо ёки пул сийлови берилган товар харидори учун ЯСТ бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Бунда сотувчида тақдим этилган сийловлар Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режасини қўллаш бўйича Йўриқноманинг (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова) 379-бандига мувофиқ сотишдан тушган даромадларни камайтиради.

ЯСТни ҳисоблашда солиқ солинадиган тушумни тақдим этилган сийлов суммасига камайтира олиш учун 2 шарт бажарилиши лозим:

сийлов фақат бир йиллик муддат доирасида ёки, кафолат муддати белгиланган бўлса, кафолат муддати доирасида тақдим этилган бўлса, камайтирилиши мумкин (Солиқ кодексининг 357-моддаси);

сийлов тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ялпи тушумга тузатиш киритилади. Бунда қўшимча ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади (Солиқ кодексининг 222, 357-моддалари).

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинадиган даромадга тузатиш киритиш кўрсатилган ҳоллар юз берган солиқ даврида амалга оширилади.

Бонус сийловлари – бу моҳиятан товар-моддий қимматликларни текинга беришдир. Сотувчи бонусли товар берилишини текинга берилган мол-мулк сифатида, бундан келиб чиқадиган барча солиқ оқибатлари билан бирга акс эттиради.

Умумбелгиланган солиқларни ёки ЯСТни тўлашидан қатъи назар, бонус сийловини товар кўринишида берадиган шахс учун берилган товарлар таннархи солиқ солинадиган база таркибига киритилиши лозим. Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солиниши назарда тутилган товарларни сотишдан тушум белгиланган нархлардан (тарифлардан) келиб чиқиб аниқланади (Солиқ кодексининг 130, ­355-моддалари).

Бонус сийловини олувчи учун текинга олинган мол-мулкка солиқ тўловчининг бошқа даромади деб қаралади (Солиқ кодексининг ­132-моддаси 4-банди, 135-моддаси) ҳамда фойда солиғи тўловчилари учун жами даромадга (Солиқ кодексининг ­129-моддаси) ва ЯСТ тўловчилари учун ялпи тушум таркибига (Солиқ кодексининг 355-моддаси) киритилиши лозим. У солиқ солинадиган база таркибига бозор қийматида киритилади. Хусусан, маҳсулот етказиб берувчи – бонус сийлови тақдим этаётган шахснинг юклаб жўнатиш (етказиб бериш) учун ҳужжатлари билан буни тасдиқлаш мумкин. Одатда, маҳсулот етказиб берувчи товарни текинга беришга доир ҳисобварақ-фактурада товарнинг қийматини кўрсатади, бироқ «тўловсиз» дея қайд этиб ўтади.

Шу тариқа, нархдан савдо ва пул сийловларини олишда харидор учун солиқ оқибатлари юзага келмайди. Бонус сийлови – товар кўринишидаги сийлов олинган ҳолда бонус тариқасида олинган товарнинг бозор қиймати даромад деб эътироф этилади.

 

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1962 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика