Бизнинг МЧЖ фаолият тури – бошқа чакана савдо. Қўшимча савдо шохобчасини (бошқа туманда дўконча) очиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини аҳолига сотмоқчимиз. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган чакана савдо шохобчасида ҳисобни қандай ташкил этиш керак? Товарни кимдан қандай қилиб сотиб олиш лозим? Етказиб берувчилар бизга қандай ҳужжатларни тақдим этиши шарт? Терминал ва НКМ бўлиши зарурми?
С.Баратова,
бухгалтер.
– Чакана савдони амалга ошириш шартлари ва тартиби Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – 407-сон Низом), шунингдек Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарорига 1-илова, бундан кейин – Чакана савдо қоидалари) билан белгиланган.
Чакана савдо – савдо соҳасида пировард истеъмолчи учун, тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига нақд пулга доналаб ёки унча кўп бўлмаган миқдорда товарлар сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш.
«Ўйин» қоидалари
Товарларни чакана сотиш юридик шахслар томонидан фақат турғун савдо шохобчалари орқали, назорат-касса машиналарини ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича терминални мажбурий қўлланган ҳолда амалга оширилиши мумкин (407-сон Низомнинг 19-банди). Бунда турғун савдо шохобчаси деганда жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарори билан ажратилган ер участкаларидаги, санитария ва ёнғин хавфсизлиги нормалари ва талабларига жавоб берадиган, савдо залига, савдо асбоб-анжомларига ҳамда товарларни сақлаш, сортларга ажратиш ва қадоқлаш учун хоналарга эга бўлган, шунингдек НКМ билан жиҳозланган объект (бино, иншоот, хона) тан олинади. Чакана савдони амалга оширувчи юридик шахслар товарларнинг сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолда сотиш жойларида сотилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатларига эга бўлишлари шарт. Мисол учун, Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатида (ВМнинг 28.04.2011 йилдаги 122-сон қарорига 1-илова) сабзавот ва еса бўладиган айрим илдизмевали ўсимликлар (ТИФ ТН кодлари 0701–0714, 0709 60 910 0 ва 0709 60 950 0 дан ташқари), шунингдек еса бўладиган мевалар, ёнғоқлар, цитрус ўсимликлари ёки қовунларнинг пўстлоғи ва илдизи (ТИН ТН кодлари 0801–0814 00 000 0) қайд этилган. Шу сабабли етказиб берувчилардан ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олаётганда улардан харид қилинаётган товарнинг мувофиқлик сертификатлари нусхаларини талаб қилишингиз зарур.
Энди қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кимдан сотиб олиш, унинг учун қандай ҳақ тўлаш, шунингдек бунда қандай ҳужжатларни расмийлаштириш кераклигини батафсилроқ кўриб чиқамиз.
Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сотувчилари бўлишлари мумкин:
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар (фермер хўжаликлари – юридик шахслар; деҳқон хўжаликлари – юридик шахслар ёхуд юридик шахсни ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари; якка тартибдаги тадбиркорлар; ўзларига ёки оила аъзоларига ажратилган участкаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи хусусий жисмоний шахслар);
тайёрлов ташкилотлари;
чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар.
Чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтказилмаган жисмоний шахслардан ташқари, корхонангиз юқорида санаб ўтилган барча шахслардан қуйидаги зарур ҳужжатлар пакетини тегишли тарзда расмийлаштирган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиши мумкин:
ёзма шаклдаги олди-сотди шартномалари ва товарни юклаб жўнатишга юкхат ҳисобварақ-фактуралар;
сотилаётган маҳсулотларнинг мувофиқлик сертификатлари нусхалари;
шахслар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи патентлар нусхалари, шунингдек уларнинг паспортлари нусхалари.
Етказиб берувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш хусусиятлари
Сабзавот ва мевалар билан чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркордан нима учун керакли товарни сотиб олишингиз мумкин эмаслигини кўриб чиқамиз. Биринчидан, Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларининг (АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Касса операцияларини амалга ошириш қоидалари) меъёрларига кўра, ташкилотлар (юридик шахслар) ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Иккинчидан, сиз товарни тижорат мақсадида сотиб оласиз. Нақд пулсиз ҳисоб-китоб ва товарни қайта сотиш учун харид қилиш – улгуржи савдога хос жиҳат (407-сон Низомнинг 2-банди). Улгуржи савдо билан эса якка тартибдаги тадбиркорлар эмас, фақат юридик шахслар шуғулланиши мумкин (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг 3-банди).
Бинобарин, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи юридик шахслар (фермер хўжаликлари, тайёрлов ташкилотлари, деҳқон хўжаликлари) ва юридик шахсни ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари (деҳқон хўжаликлари – юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилмаган оилавий тадбиркорлик субъектлари; ушбу маҳсулотларни етиштирувчи якка тартибдаги тадбиркорлар) билан нақд пулсиз шаклда ҳисоб-китоб қилиш зарур.
Фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин (Фуқаролик кодексининг 790-моддаси). Сиз керакли товарни хусусий (тадбиркор бўлмаган) жисмоний шахслардан нақд пулга сотиб олишингиз мумкин эди, бироқ бунда бошқа муаммо бор. Корхоналарда сотилаётган, мажбурий сертификатланадиган товарнинг мувофиқлик сертификати бўлиши шарт. Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахсларда бундай сертификатлар йўқ. Шу сабабли қайта сотиш учун уларнинг маҳсулотини харид қилишга ҳақли бўлмайсиз.
Юқорида айтиб ўтилганидек, чакана савдо билан шуғулланаётганда Чакана савдо қоидаларига риоя этишингиз зарур. Хусусан, сабзавот ва меваларни сотаётганда «Мева-сабзавот товарлари билан чакана савдо қилиш хусусиятлари» VI бўлимига амал қилишингиз шарт. Унда товарни савдо залида жойлаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш, саралаш, сақлаш, қадоқлаш ва бошқа қоидалари қайд этилган.
Харидорлар билан ҳисоб-китоб қилиш хусусиятлари
Чакана савдода НКМни мажбурий қўллаган ҳолда нақд пул тўлаш орқали харидорлар билан ҳисоб-китоб қилинади. Аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар Касса операцияларини амалга ошириш қоидалари ҳамда Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига 1-илова) мувофиқ расмийлаштирилади. Нақд пулни қабул қиладиган барча корхоналар НКМдан фойдаланадилар ва харидорларга товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлаганликларини тасдиқловчи чек беришлари шарт. НКМ чеки ҳисобварақ-фактура ўрнини босади (Солиқ кодексининг 222-моддаси). Иш куни охирида хўжалик юритувчи субъект ҳар бир НКМ бўйича кундалик ҳисоботни олиши, кассир-операциячи эса Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклдаги назорат-касса дафтарини (ДСҚнинг АВ томонидан 9.01.2012 йилда 2309-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 1-илова) албатта тўлдириши шарт. Қабул қилинган нақд пул суммаларини тасдиқловчи ҳужжатларни (чекларни) хўжалик юритувчи субъект имзолайди ва камида 5 календарь йил сақлайди. Кундалик тушум банк муассасаларига албатта топширилади. Кун охирида кассада хизмат кўрсатувчи банк билан ҳар йили келишиладиган ва тасдиқланадиган касса қолдиғи лимити доирасида пул маблағлари суммалари қолиши мумкин.
Товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиш чакана савдо корхоналари томонидан ўтган ойдаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10%и доирасида амалга оширилиши мумкин. Бунда товарлар сотилишини ҳисоблаб чиқиш ҳар бир ой бўйича алоҳида амалга оширилади. Чакана савдо корхоналарига товарларни товар айланмаси умумий ҳажмининг 10%идан ортиқча нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича фақат ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасалари (болалар, даволаш муассасалари, қариялар уйлари, болалар уйлари, ногиронлар уйлари, ўқув ва маърифат юртлари)га сотишга рухсат берилади. Товарларни олдинги ойлар ҳисобига сотишга йўл қўйилмайди. Чакана савдо корхоналари томонидан товарларни юридик шахсларнинг корпоратив пластик карточкалари бўйича сотиш чеклашларсиз амалга оширилиши мумкин (407-сон Низомнинг 19-банди).
Нақд пулли ҳисоб-китоб билан савдо қилишда бухгалтерия проводкалари
Бухгалтерия проводкаларини шакллантиришда 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлари режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома»га (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилишингиз зарур.
Чакана савдода товарларни харид нархида ҳисобга олишга доир проводкаларни кўриб чиқамиз:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактураси асосида товарларнинг харид қиймати акс эттирилди
|
2910-«Омбордаги товарлар»
|
6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»
|
Омбордаги товарлар чакана савдога берилди
|
2920-«Чакана савдодаги товарлар»
|
2910-«Омбордаги товарлар»
|
Товарни сотишдан даромад акс эттирилди ёки корхона кассасига нақд тушумнинг келиб тушиши акс эттирилди (НКМ кўрсаткичларига кўра, кассирнинг ҳисоботига кўра)
|
5010-«Кассадаги пул маблағлари»
|
9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»
|
Сотилган товарнинг таннархи ҳисобдан чиқарилди
|
9120-«Сотилган товарларнинг таннархи»
|
2920-«Чакана савдодаги товарлар»
|
Нақд пул тушуми инкассация хизматларига топширилди
|
5710-«Йўлдаги пул маблағлари»
|
5010-«Кассадаги пул маблағлари»
|
Корхонанинг ҳисоб-китоб рақамига пул маблағлари келиб тушди
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
5710-«Йўлдаги пул маблағлари»
|
Солиқ солиш
Чакана савдо корхоналари ЯСТни қонун ҳужжатларига мувофиқ, бироқ худди шундай фаолият турини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар. Ушбу меъёр алкоголли, тамаки маҳсулотлари, бензин ва ҳ.к., яъни фақат юридик шахслар сотиши мумкин бўлган айрим турдаги товарлар билан савдо қилувчи корхоналарга татбиқ этилмайди. Улар энг кам ЯСТни ер солиғининг 3 бараварини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарадилар. Агар корхона бир нечта турғун савдо шохобчаларига эга бўлса, ЯСТ ҳар бир турғун савдо шохобчаси учун ва сотилаётган товарнинг турига (озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ёки аралаш савдо) қараб ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда тўланади. Бунда ЯСТнинг энг кам миқдори турғун савдо шохобчаси жойлашган жойда (Тошкент ш., вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар ёки бошқа аҳоли пунктлари) чакана савдони амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-банди, бундан кейин – 2449-сон Низом).
МИСОЛ. Тошкент шаҳрида жойлашган чакана савдо корхонаси битта шохобчада ноозиқ-овқат товарларини, иккинчи савдо шохобчасида эса озиқ-овқат товарларини сотади. Тошкент шаҳрида турғун шохобчага эга бўлган ва ноозиқ-овқат товарлари билан савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркор учун 2016 йилда ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкаси – ойига 10 ЭКИҲ. У озиқ-овқат товарлари билан савдо қиладиган Тошкент шаҳридаги шохобча учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси – 9 ЭКИҲ. Бунда жорий йил 1 январдаги ЭКИҲ ҳисобга олинишини ва йил давомида унинг миқдори ўзгарганда қайта кўриб чиқилмаслигини инобатга оламиз. Демак, чорак учун корхонанинг энг кам ЯСТ миқдори 57 ЭКИҲга ((130 240 х 10 + 130 240 х 9) х чоракнинг 3 ойи = 7 423 680 сўм) тенг. Агар 2449-сон Низомнинг 5-бандига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдори суммаси – 7 423 680 сўмдан кам бўлса, ҳисобот чораги учун ЯСТ 57 ЭКИҲ миқдорида тўланади. Агар ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдорига (57 ЭКИҲ) тенг ёки ундан ортиқ бўлса, ЯСТ белгиланган 4%лик ставкада тўланади.
Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, чакана савдо корхоналарига Ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари жорий этилишини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 23.02.2011 йилда 2200-сон билан рўйхатдан ўтказилган) меъёрлари татбиқ этилади.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.