Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 35 / Божхона

ХБТ божхона хизматида

 

Жаҳондаги божхона хизматларининг аксарияти божхона назоратини амалга ошириш чоғида хавфни бошқариш тизимини (ХБТ) қўллайдилар. Унинг юзага келишини божхона назоратини ўтказиш асослари, тартиби ва шаклларини тизимлаштириш зарурати тақозо этди, бу эса ўз навбатида хавфлар юзага келиши мумкинлигини олдиндан билиш имконини беради.

 

Халқаро регуляторлар

USAIDнинг «Савдо ва даромадлар» лойиҳаси божхона масалалари бўйича эксперти Ирина Свифт ХБТни қўллашга ёндашувлар бир қатор халқаро ҳужжатлар билан белгиланганлиги ҳақида сўзлаб берди. Аввало булар Жаҳон божхона ташкилотининг (WCO) Божхона назорати бўйича қўлланмаси, WCOнинг Хавфни бошқариш бўйича тавсиялари ҳамда Жаҳон савдоси хавфсизлиги ва уни енгиллаштиришга доир ҳадли стандартлардир.

WCO 1999 йил 26 июнда янги таҳрирда қабул қилган Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш ҳақидаги халқаро конвенция ХБТ фаолият кўрсатишига асос бўлган ҳужжат ҳисобланади. Унда хавфни бошқариш асосида назорат қилиш; аудит услубларини қўллаш; ахборот технологияларидан максимал даражада амалиётда фойдаланиш сингари замонавий иш услубларини қўллаш божхона назоратининг асосий принципларидан бири деб аталди.

Конвенцияга Бош илованинг 6-бобида божхона назоратининг стандарт қоидалари белгиланган:

1) у божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун зарур минимум билан чекланади;

2) божхона назорати шаклларини танлашда хавфни бошқариш тизими қўлланади;

3) божхона хизмати назоратдан ўтказилиши лозим бўлган шахслар ва товарларни, шу жумладан транспорт воситаларини ҳамда бундай назорат даражасини аниқлаш учун хавфни таҳлил қилиш услубини қўллайди;

4) божхона хизмати хавфни бошқариш тизимининг амал қилишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларига риоя этмаслик эҳтимолини баҳолаш чоралари тизимига асосланган стратегияни қабул қилади.

Ўзбекистон божхона қонунчилиги

Божхона кодекси назоратнинг янги принципларини қўллашга кенг йўналтирилган. Хусусан, божхона назоратини ва бизнес билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширишнинг асосий стратегияси – ХБТга (29-боб) йўналтирилган. Ушбу мослашувчан дастак нафақат ҳуқуқбузарликлар хавфини фош этишга, балки божхона фаолияти устуворликларини аниқлашга ҳам қаратилган. Барча ҳуқуқбузарликлар орасидан турғун хусусиятга эга бўлган, давлат манфаатларига жиддий дахл қилувчилари танланади. Бу барча товарлар ва субъектларни ёппасига жисмоний назоратдан ўтказиш ўрнига хавфни таҳлил қилиш ва бошқариш асосида танлаб назоратдан ўтказиш имконини беради.

ХБТ қуйидаги мақсадларда қўлланади:

юқори хавфга эга бўлган соҳаларга эътиборни жамлаш ва божхона органлари тасарруфидаги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириш;

божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг:

а) турғун хусусиятга эга бўлган;

б) божхона тўловларини тўлашдан бош тортиш билан боғлиқ бўлган;

в) риоя этилишини таъминлаш божхона органлари зиммасига юклатилган бошқа турдаги божхона назоратига дахлдор бўлган кўринишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олиш.

БКнинг 204-моддасида ХБТда қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилган. Уларга Жаҳон божхона ташкилотининг Киото конвенцияси қоидаларини қўллаш ҳақидаги тавсияларида келтирилган таърифлар асос бўлган:

хавф – божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаслиги эҳтимолининг даражаси;

хавф индикаторлари – олдиндан белгиланган кўрсаткичларга эга муайян мезонлар бўлиб, улардан оғиш ёки уларга мос келиш назорат объектини танлашни амалга ошириш имконини беради;

хавф профили – хавф соҳаси, хавф индикаторлари тўғрисидаги маълумотлар йиғиндиси, шунингдек хавфнинг олдини олиш ёки уни имкон қадар камайтириш бўйича зарур чораларни кўриш тўғрисидаги кўрсатмалар;

хавф соҳаси – хавф таҳлилининг айрим гуруҳларга бўлинган объектлари бўлиб, уларга нисбатан божхона назоратининг алоҳида шакллари ёки мажмуи қўлланилиши, шунингдек уларнинг самарадорлигини ошириш талаб этилади;

хавфни баҳолаш – хавфнинг юзага келиши эҳтимолини ва у юзага келганда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши оқибатларини мунтазам равишда аниқлаб бориш.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, БКга мувофиқ хавфни бошқариш тизимининг қўлланилиш стратегияси ва тактикасини, ахборот йиғиш ва уни қайта ишлаш, хавфни таҳлил қилиш ва баҳолаш, хавфни бошқаришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш тартибини ДБҚ белгилайди.

Агар турли даражадаги божхона органларида мавжуд ҳужжатлар, маълумотлар ва бошқа ахборот таҳлил қилинганда эҳтимолий хавф аниқланса, ДБҚ у ёки бу товарлар ёхуд шахсларга нисбатан бажхона назоратининг муайян шаклларини қўллашга асос бўлувчи хавф профилини тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилади.

Сўнгра хавф профили божхона расмийлаштируви ва божхона назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар эътиборига етказилади ҳамда улар божхона назоратининг муайян шаклларини қўллашлари учун бевосита кўрсатма сифатида хизмат қилади.

ДБҚ ХБТни автоматлаштириш даражасини ошириш юзасидан иш олиб бормоқда. Хавфни комплекс баҳолаш кичик тизимини яратиш учун зарур янги ахборот технологиялари ишлаб чиқилмоқда. Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими базасида божхона фаолиятининг асосий соҳаларини қамраб олувчи бир қатор ААТ ишламоқда. Булар – «Электрон декларациялаш»; ­«АВТО»; «Темир йўл»; «Божхона тўловлари»; «Божхона омбори»; ТО ЯЭАТ; «Божхона ҳуқуқбузарликлари мониторинги» ва «Божхона экспертизаси» автоматлаштирилган тизимларидир. Уларда ҳужжатларни таҳлил қилишда ва божхона назорати таомилларини ўтказишда хавф даражасини белгиловчи ҳамда инспекторларнинг диққатини оширишга имкон берувчи мезонлар жорий этилмоқда. Декларантлар; яшириладиган товарлар; хавф гуруҳига кирадиган товарлар, мамлакатлар, транспорт воситалари; ҳуқуқбузарликка йўл қўйган, қидирувда бўлган, юкларни етказиб бериш муддатига амал қилмаган ҳайдовчилар ва автомашиналар бўйича ахборотлар сингари маълумотларга алоҳида эътибор берилади ва ҳ.к.

 

Холис назар

Божхона соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар қатнашчиси:

– БКнинг 29-бобини ҳатто юзаки таҳлил қилганда ҳам айни пайтда ХБТни қўллашнинг ижобий жиҳатларини пайқаш мумкин. Буларга божхона хизмати фаолияти янада ошкора тус олганлиги, даъволарини олдиндан била олиш мумкинлиги, божхона назоратидан ўтказиш пайтида божхона инспекторининг ҳуқуқлари чекланиши киради, бу эса мансабни суиистеъмол қилиш имкониятини камайтиради. Бироқ эҳтимолий заиф жиҳатлардан бирини – хавф профиллари, уларни аниқлаш ва қўллаш муддатлари, мезонларини тасдиқлашда ДБҚ монополиясини пайқаш қийин эмас. Бундай бир тарафлама ёндашув боис ушбу тизим бирмунча суст ишлаши мумкин.

Фикримча, минтақавий божхона бошқармаларининг бевосита бошлиқларига хавф профилларининг бир қисмини тасдиқлаш ваколатини берган ҳолда уларнинг изчил тизими жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу хавфни аниқлаш билан айрим товарлар ва шахсларга нисбатан божхона назоратини кучайтириш оралиғидаги вақтни бир неча соатгача қисқартириш имконини берарди.

 

P.S. Янги Божхона кодекси контекстидаги божхона назоратининг янги принциплари ва шакллари – божхонадан кейинги аудит, олдиндан хабардор қилиш ва интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш ҳақида газетамизнинг келгуси сонларида сўз юритамиз.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА
олиб боради.

Прочитано: 2338 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика