Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 35 / Нотариус минбари

Инсон ҳуқуқларининг мустаҳкам ҳимояси

 

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар олиб борилаётир, хусусан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 60 тадан ортиқ асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан бу соҳада қабул қилинган бир қатор асосий халқаро шартномалар қатнашчисидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.

 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини изчил ва қатъий бажариб келмоқда ва бу масалалар бўйича миллий ҳисоботларни БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўз вақтида тақдим этмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқаролар иштирок этмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 июлдаги 227-сон қарорига асосан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва уларнинг мазкур соҳада фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи тузилганлиги бу соҳадаги яна бир муҳим қадамлардан бўлди. Мазкур ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ва умумлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши, шу жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турларини қўллашга доир мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилишини мониторинг қилиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида таклифлар киритиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек БМТнинг асосий конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний тавсиялари ва эътирозларини кўриб чиқиш, шунингдек ушбу якуний тавсия ва ­эътирозларнинг ижроси бўйича Миллий ҳаракат режаларини тасдиқлаш ва мониторинг олиб бориш.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси БМТ Бош Ассамблеясининг учинчи сессиясида 1948 йил 10 декабрда 217А (III)-сон резолюция билан қабул қилинган. Декларациянинг ўттизта моддаси инсоннинг жаҳонда энг кенг тарқалган ва қўллаб-қувватланган асосий фуқаролик, сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий ҳуқуқлари ва эркинликлари тўпламидан иборатдир. Декларацияда инсон ҳуқуқлари универсаллиги ва бўлинмаслиги принципи биринчи марта аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Уюшиш эркинлиги нуқтаи назаридан 20-модда (тинч йиғинлар ва уюшмалар эркинлиги) Декларациянинг энг муҳим қоидаси ҳисобланади. Шунингдек 18-моддани (фикр, виждон ва дин эркинлиги) ва 19-моддани (эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода этиш) ажратиб кўрсатиш керак бўлади. Мазкур ҳужжат резолюция тариқасида қабул қилинган бўлиб, шу сабабли юридик кучга эга эмас ва тавсия хусусиятига эга. Бироқ Декларация қоидалари кўпгина мамлакатлар конституциялари ва судларида қўлланилаётганлиги, одатий халқаро ҳуқуқ нормалари мақомини касб этганлиги боис улар юридик жиҳатдан мажбурийдир деган фикр кенг тарқалган.

Бундан ташқари, мамлакатимиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисидаги Конвенциясига (1995 йил 26 майда қабул қилинган ва 1998 йил 11 августда кучга кирган) қўшилган. Конвенция томонидан тузилган Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия иштирокчи давлатлар томонидан Конвенция бўйича ўз мажбуриятларининг бажарилишини кузатиб бориш, шунингдек иштирокчи давлатларнинг ҳамда шахслар ва ноҳукумат ташкилотларининг Конвенцияда назарда тутилган ҳуқуқлар бузилганлиги тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш киради.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон олий қадрият ва давлат сиёсатининг асосий мақсади эканлигидан келиб чиқиб, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам беқиёс аҳамият касб этади.

 

Азиза ШОНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳар Миробод туманидаги

9-сон давлат нотариал идораси
нотариуси.
 

Прочитано: 2838 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика