Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 35 / Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига!

Мустақил Ўзбекистон ва унинг солиқ тизими – 25 ёшда

 

Ватанимиз ўз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонламоқда. Солиқ тизими ҳам суверен давлатимизнинг тенгдоши ҳисобланади.  

 

Солиқларни ундириш – энг қадимги вазифалардан ва давлатчилик мавжудлигининг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Солиқлар таълим, кам таъминланганларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш, мудофаа салоҳиятини таъминлаш, инфратузилмани яратиш ва ривожлантиришни молиялаштиришнинг манбаси бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон давлатчилигининг таркиб топиши шароитида солиқларни ундиришнинг аҳамияти ниҳоятда юқори бўлди – ёш мустақил давлатнинг тақдири айнан шунга боғлиқ бўлиб қолган эди. Мамлакатга давлат қурилиши, мустақил иқтисодий ва ижтимоий сиёсат олиб борилиши, ўз мустақиллигини мустаҳкамлаши учун маблағ керак эди. Бу ўринда фақат ўз-ўзига таянишга тўғри келган – 70 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган собиқ иттифоқ давлатининг бюджет маблағларини шакллантириш ва тақсимлаш тизими қулаган эди. Молиявий захираларга бўлган эҳтиёжни миллий манбалар ҳисобидан таъминлаш зарур бўлган.

Барча ишларни деярли бошидан бошлашга тўғри келган. Маъмурий-режали бошқарув шароитида ҳозиргига ўхшаш солиқ тизими мавжуд бўлмаган. Давлат хўжалик фаолиятини бошқаришнинг солиқ дастакларига муҳтожлик сезмаган. У барча асосий иқтисодий кўрсаткичлар – иш ҳақи, ишлаб чиқариш ҳажмлари, нарх-наво, фойда даражасини қатъий назорат остига олган эди. Тармоқлар ва корхоналар бўйича ўрнатиладиган мажбурий тўловлар (даромад, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқаларга) хўжалик механизмининг марказлаштирилган тизимига бириктирилган ва махсус вазифаларни бажариб келган эди.

Мустақиллик қўлга киритилиши билан ўз солиқ тизимимизни шакллантириш ишлари бошланди. «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги конституциявий қонун «Республика ҳудудида олинадиган солиқлар ва йиғимлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ва маҳаллий бюджетларга тушади» деб белгилади (12-модда).

Жуда қисқа давр ичида иккита вазифани бирданига бажаришга тўғри келган. Биринчидан, навқирон давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий шароитларига мос келувчи солиқ тизимини шакллантириш, зарур ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш. Иккинчидан, солиқ маъмуриятчилигининг тегишли тизимини яратиш.

Мустақил Ўзбекистоннинг йигирма беш йиллик илдам ривожланиши солиқ тизими давр синовларидан муваффақиятли ўта олганлигини кўрсатади. Мустақил давлатни таркиб топтириш ва ривожлантиришнинг барча босқичларида солиқ тизими бюджетга зарур молиявий маблағларнинг келиб тушиши, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг таъминланиши бўйича олдида турган вазифаларни муваффақият билан ҳал қилиб келган.

Миллий солиқ тизимининг ривожланишида учта асосий босқични ажратиб кўрсатса бўлади.

 

 

Биринчи босқич (1991–1995 йиллар)

 

Солиқ тизимининг шаклланиши

Солиқ тизими мураккаб иқтисодий шароитларда шаклланди: хўжалик алоқаларидаги узилишлар, ресурслар марказлаштирилган тарзда тақсимланадиган бир шароитда бозор муносабатларига ўтиш, инфляциянинг юқори даражаси. Буларнинг барчаси хўжалик фаолиятининг натижаларида, пировард оқибатда эса бюджетга тушумларда ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Иқтисодий вазият қуйидаги вазифаларни зудлик билан ҳал этишни солиқ тизимининг олдига кўндаланг қўйганди:

1) бюджетнинг камомади кучайган, инфляция илдамлаб бораётган, ишлаб чиқариш ҳажмлари пасаяётган ва зарар кўриб ишлаётган корхоналар сони ортиб бораётган бир шароитда бюджетга тушумларни таъминлаш. Шаклланиб бораётган солиқ тизимининг тор солиқ базаси шароитида мазкур вазифани фақатгина хўжалик юритувчи субъектлар зиммасига кўпроқ солиқ юкини солиш ҳисобидан ҳал этса бўлар эди. Солиқ ставкалари ниҳоятда юқори бўлган. 1990 йилларнинг бошида даромад солиғи энг юқори ставкада – 38%, ЖШДС – 40–50%, ҚҚС – 30%, иш ҳақи фондига – 40% бўлган. Натижада солиқ ундирувлари улуши ЯИМнинг 40 фоизига етган;

2) молиявий маблағларни ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, стратегик захиралар билан ўзини ўзи таъминлашга эришиш, туб таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш ҳисобидан қайта тақсимлаш. Бунинг учун ҚҚС, фойда солиғи, акцизлар, мол-мулк ва ер солиғи сингари одатий солиқ турларининг ўзидангина фойдаланилгани йўқ. Солиқ тизими ноанъанавий солиқ турлари – хом ашё ресурсларини олиб чиқишга солиқ, корхоналар даромадидан солиқ, амортизациядан ажратмалар ва бошқалардан ҳам фойдаланди;

3) нарх-наво кўтарилиши ва ишлаб чиқаришнинг пасайиши шароитида турмуш тарзи ва ижтимоий барқарорликни қўллаб-қувватлаш. 1991–1995 йилларда ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдорларини кўтариш тўғрисида 19 марта қарорлар қабул қилинган. Бунинг учун эса ўсиб бораётган суммаларда солиқларни йиғишга тўғри келган.

Шунинг учун солиқ тизими шаклланишининг мазкур босқичида бюджетга тушумларни таъминлаш (фискал вазифа), иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни сақлаш (қайта тақсимлаш вазифаси) унинг асосий вазифаларига айланган. Солиқларнинг бошқарувчи вазифаси кўпроқ иқтисодиётни рағбатлантириш учун эмас, балки меҳнатга ҳақ тўлаш фондини назорат қилиш орқали инфляция даражасини ушлаб туриш, хом ашё захираларининг арзон нархларда четга чиқиб кетишининг олдини олиш, инфляцияга қарши курашиш учун қўлланилган.

Тадбиркорликка эркинлик бериш, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнлари шароитида солиқ тизимига нисбатан муайян талаблар қўйилди. Солиқ тўловчилар сони кескин тарзда кўпайди. Юридик шахслар – 28,3 мингдан 113,7 мингтага, якка тартибдаги тадбиркорлар – 49,4 мингдан 217,6 минг нафаргача ошди. Ҳуқуқий саводхонлик даражаси унча юқори бўлмаган ва солиқлардан бўйин товлаш ҳолатлари авж олган бир шароитда солиқларни тўлиқ ва ўз вақтида тўлашни таъминлашнинг бирдан-бир ишончли дастаги ялпи солиқ назорати бўлди. Солиқ органлари олдига барча корхоналарни ҳар йили текшириш вазифаси қўйилган эди. Масалан, 1992 йилда деярли 42 мингта солиқ тўловчи – юридик шахс текширувдан ўтказилди. 1993 йилга келиб эса солиқ органлари 60 мингта солиқ тўловчини «ғалвирдан ўтказишга» улгуришди.

Солиқ солиш объектлари ҳам ўзгарди. Масалан, давлат корхоналари меҳнатга ҳақ тўлаш шакл ва миқдорларини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлдилар. Натижада меҳнат ҳақи кескин кўтарила бошлади, фойда эса солиқ солиш объекти сифатида кескин камайиб борди ёки умуман йўқ бўлди. Давлатнинг муносабати ҳам шунга мос бўлди – фойда солиғининг ўрнига даромад солиғи жорий этилди (фойда + меҳнатга ҳақ тўлаш фонди).

Мазкур даврда солиқ тизимининг олдига қўйиладиган баъзи анъанавий талабларга – ўзгаришларнинг босқичма-босқичлиги, барқарорлик ва солиқ тўловчилар учун оддий ва тушунарли бўлишликка риоя қилиш қийин кечди. Ҳаётнинг ўзи солиқчи ва солиқ тўловчиларнинг ортиқча тараддуд-тайёргарлигисиз, ўқиб-ўрганишисиз янги солиқларни зудлик билан жорий этишни тақозо этарди. Масалан, бозор иқтисодиёти ривожланган давлатларда унинг мослашувига 3 йилдан 7 йилгача муддат талаб қилинадиган қўшилган қиймат солиғи Ўзбекистонда бир неча ой оралиғида жорий этилган эди. Қисқа муддатлар ичида солиқ тизимига бошқа ўзгартиришлар ҳам киритиб борилди. Бу йўналишда учрайдиган қийинчиликларни солиқ органи ходимларининг ҳам, солиқ тўловчиларнинг ҳам енгиб ўтишига тўғри келди.

Юзага келаётган иқтисодий вазиятга тезкор муносабат билдира бориб, давлатимиз солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тезкорликда ўзгартиришлар киритиб борди. Масалан, 1991–1995 йилларда «Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида»ги Қонунга 18 марта тузатиш киритилган. Қонунлар билан бирга ҳукуматнинг кўплаб қарорлари, шунингдек йўриқномалар, низомлар (50 дан ортиқ), вазирлик ва идораларнинг хатлари қабул қилинди.

Иқтисодий ислоҳотларнинг биринчи босқичидаги долзарб масалаларнинг муваффақият билан ҳал этилиши, ишлаб чиқаришни барқарорлаштиришни таъминлаш, инфляцияни чеклаш 1996 йилдан бошлаб солиқ тизими ривожланишининг янги поғонасига кўтарилишга имкон яратди.

 

 

Иккинчи босқич (1996–2005 йиллар)

 

Солиқ тизимининг бозор муносабатларига мослаштирилиши

Ҳукумат томонидан хусусий бизнесни эркинлаштириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсатнинг олиб борилиши иқтисодиётнинг ўсишига, солиқ тўловчилар сонининг ортишига ва солиқ солиш базасининг кенгайишига ёрдам берди. Давлатимиз солиқ солишнинг фискал ва қайта тақсимлаш вазифалари билан бир қаторда унинг рағбатлантирувчи функциясини ҳам фаол тарзда ишга солди.

Мамлакатимиз ҳукумати ундирувнинг юқори даражаси хўжалик юритувчи субъектлар ва ходимларнинг қонуний фаолият кўрсатишини рағбатлантирмаслигини ҳисобга олган ҳолда, солиқ юкини босқичма-босқич тушириб бориш йўлини танлади. Мазкур даврда ҚҚС ставкаси (30%дан 20%га), фойда солиғи (37%дан 15%га), савдо корхоналарининг ялпи даромадидан солиқ (50%дан 20%га), ЖШДС (50%дан 29%га), ижтимоий жамғармаларга тўловлар (40%дан 25%га) туширилди.

Кичик бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди. Унинг учун 8–10 та солиқ турини биттага алмаштирувчи солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимлари жорий этилди. 1998 йилдан бошлаб уни қишлоқ хўжалигидан ташқари иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги кичик корхоналар тўлашмоқда. 1999 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ягона ер солиғи тўловчиларига айланишди. Оқибатда 2006 йилга келиб, солиқларнинг ЯИМдаги улуши 1990 йиллар бошидаги 40%дан 23%га тушди.

Солиқ тизими ўз ривожланишининг иккинчи босқичида анча барқарорлашди. Бозор иқтисодиёти тамойилларига жавоб бермайдиган солиқ ва тўловлар бу тизимдан чиқариб ташланмоқда, илғор мамлакатларнинг тажрибаси кенгроқ қўлланила бошланди. Даромад солиғи ўрнига ўз маблағларини янги технологиялар ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтираётган корхоналар учун имтиёзларни назарда тутувчи фойда солиғи жорий этилди. Бир нечта даромад манбаига эга бўлган фуқаролардан ЖШДСни ҳисоблаш ва тўлашнинг декларацияланадиган шакллари жорий этилиши бошланди. Давлат бюджети даромадларининг таркиби ижобий тарзда ўзгарди – тўғридан-тўғри ва ресурс солиқларининг улуши ортиб борди.

Солиқ бошқарувида тўпланган тажриба 1998 йилдан бошлаб солиқ солиш соҳасидаги бир нечта қонун ҳужжатларидан битта – Солиқ кодексига ўтишга имкон берди. Солиқ органлари ишида тўпланган тажрибани акс эттириб, ривожланган бозор иқтисодиётига эга мамлакатларнинг солиқ солиш дастакларини ўзида мужассам этиб, Кодекс Ўзбекистон солиқ қонунчилиги ва солиқ солиш тизимини халқаро даражага яқинлаштирди. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши фаолият тармоқлари, миқёслари ва турларининг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда солиқ солишнинг бир нечта тизимларини шакллантиришга, уларнинг рағбатлантирувчи вазифасини кучайтиришга, солиқларнинг ролини оширишга ва уларни бирхиллаштиришга имкон яратди.

Иқтисодий ислоҳотларнинг ривожланишига қараб, солиқ органлари ишининг шакл ва услублари ҳам ўзгарди, улар фаолиятига янгича талаблар қўйилди. Иқтисодиётнинг эркинлаштирилиши хўжалик юритувчи субъектларни текширишни тартибга солиш билан бирга олиб борилди. 1990 йилларнинг бошида барча корхоналарни тўлиқ йиллик ҳужжатли текширувдан ўтказишга эришиш вазифаси қўйилган эди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг кўпайиб бориши, солиқ қонунчилигининг соддалаштирилиши ва тизимлаштирилиши, ҳуқуқий саводхонликнинг ошиб боришига қараб, тўлиқ назоратни ўтказишга зарурат ўз аҳамиятини йўқотиб борди. 1996 йилдан бошлаб мамлакатимиз раҳбарияти тадбиркорлик тузилмаларини текширишни тартибга солиш йўлидан бора бошлади1. Давлат назорати тўғрисида махсус қонун ҳужжати қабул қилинди2. Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши ташкил этилди ва режали текширишларни ўтказиш жадвали жорий этилди3. Текширувлар сони қисқарди (1990 йилларнинг бошларидагига нисбатан 2–3 бараварга), улар самарадорлиги эса ошиб борди.

Иқтисодиётни эркинлаштириш ва солиқ юкини камайтириб бориш жараёнларининг тобора авж олиб бораётган палласида солиқларнинг йиғилувчанлиги биргина текширувлар ва солиқ тўловчиларни тўлароқ қамраб олиш ҳисобига амалга оширилаётгани йўқ. Профилактика ишлари, хронометраж ва мониторингларни ўтказиш, тушунтириш ишларини олиб бориш – зиммага қўйилган вазифаларни уддалашда солиқ органлари мана шу дастаклардан фаол фойдаланди.

 

 

Учинчи босқич (2006 йилдан бугунги кунга қадар).

 

Бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни модернизациялаш шароитида солиқ тизимини такомиллаштириш

Ушбу босқичда иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш ҳамда кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни таъминловчи бозор ислоҳотлари солиқ тизимини ривожлантиришга асос бўлди.

Солиқ бошқаруви соҳасида ҳосил бўлган тажрибага асосланган ҳамда мавжуд бозор муносабатларини ҳисобга олган ҳолда 2008 йилда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ишлаб чиқилди ва амалга киритилди. Кодекснинг 1998 йилдан бери амал қилаётган эски таҳрири унинг нормаларига аниқлик киритадиган қонуности ҳужжатларига муҳтож эди. 2007 йилга келиб уларнинг сони 150 тадан ошиб кетди, бу солиқ қонунчилиги англанишини мураккаблаштириб, ички жиҳатдан зиддиятли қилиб қўйди.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғридан-тўғри амал қилувчи, солиқ солишнинг батафсил нормаларини белгиловчи ҳужжат бўлди. Натижада солиқ қонунчилиги соҳасида қонуности меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сони анча қисқарди, у янада очиқ-ойдин тус олди, зиддиятли жиҳатлари бартараф этилди.

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши, таркибий ислоҳотлар, кичик ва хусусий бизнес ролининг ошиши – буларнинг бари мамлакатимизнинг «солиқ конституцияси» узлуксиз такомиллаштирилишини талаб этарди. 2008–2016 йиллар давомида Солиқ кодексига 31 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар қуйидагиларга йўналтирилган:

– ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни ривожлантиришда солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини кучайтириш, ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни таъминлаш;

– самарасиз солиқлардан (экология солиғи, атроф муҳитни ифлослантирганлик учун тўловлар) воз кечиш орқали солиқ тизимини соддалаштириш ҳамда мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш қоидалари ва тўлаш тартибини максимал даражада бирхиллаштириш;

– ўхшаш даромадларга солиқ солишнинг ягона тартибини белгилаш;

– биргина солиқ базасига эга бўлган солиқлар ва мажбурий тўловлар сонини қисқартириш;

– солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни уларнинг солиқ базасини кенгайтириш учун ставкаларни пасайтириш имкониятини таъминлаш мақсадида бирхиллаштириш, қайта кўриб чиқиш ва қисқартириш.

Учинчи босқичда солиқ тизимини такомиллаштиришнинг асосий субъекти кичик бизнес ҳисобланади. Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аксарияти микро– ва кичик корхоналарга солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, уларнинг солиқ юкини камайтиришга, ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга йўналтирилган эди.

Ягона солиқ ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий ажратмаларни тўлаш ўрнига микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловини тўлай бошладилар. Бунда ЯСТ ставкаси 13 фоиздан 5 фоизгача камайди, бу эса реал солиқ юки 2,6 баравар пасайганини билдиради.

Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашига тўловлар ягона ижтимоий тўловга бирлаштирилди. Кичик бизнес субъектлари учун унинг ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди.

ЯСТ ва ЯИТни энг кам нормативларни ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби жорий этилди, бу эса бюджет йўқотишлари кўпайиши хатарисиз ҳужжатли текширувларни анча қисқартириш имконини берди.

Дивидендлардан солиқ ставкаси 15 фоиздан 10 фоизга пасайтирилди, 2010–2013 йилларда эса микро– ва кичик корхоналарни ташкил этувчилар учун у нолга тенглаштирилди.

Йирик корхоналарнинг ҳам солиқ юки енгиллаштирилди. Фойда солиғи ставкаси 12%дан (2006 й.) 7,5%гача (2016 й.) пасайтирилди. Жорий тўловлар миқдори чоракда 6 тадан 3 тага туширилди. ЯСТ ставкаси 25%гача пасайтирилди. ҚҚС (сўнгги 20 йил мобайнида 20% даражасида сақлаган ҳолда) ва акциз солиғи бўйича жорий тўловлар бекор қилинган. Авваллари корхоналар бу тўловларни ойига 3 мартадан тўлашган, ҳозир эса – ой якунлари бўйича 1 марта тўлашади.

Микрофирма ва кичик корхоналар учун ЯСТ тўлаш даврийлиги ҳар ойлик муддатдан ҳар чораклик муддатгача камайтирилди.

Ўз ишлаб чиқариш базасини мунтазам модернизацияловчи, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозловчи корхоналар учун солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг самарали тизими яратилди.

Молиявий, солиқ ва бошқа ҳисоботлар сони бир-бирини такрорловчи шаклларини бекор қилиш, бирлаштириш, шунингдек уларни тақдим этиш даврийлигини бирлаштириш ҳисобига бир неча баравар қисқартирилди. Ҳисобот электрон шаклда топширила бошлангани сабабли солиқ инспекцияларига бориш зарурати қолмади.

Инсофли солиқ тўловчилар хўжалик фаолиятига асоссиз аралашувлардан кўпроқ ҳимоялана бошланди. Микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг фаолияти тўрт йилда кўпи билан бир марта режали тартибда текширилади. 2014 йилдан бошлаб солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўловчи, шунингдек барқарор ўсиш суръатлари ва ишлаб чиқариш рентабеллигини таъминловчи кичик бизнес субъектларида солиқ текширувлари ўтказиш тақиқланди.

Умуман олганда, солиқ тўловчиларини режали ҳужжатли текширишлар сони минимумга келтирилди. Уларнинг сони 10 йил ичида 3 баравар камайди, сўнгги йилларда йилига 5–5,5 мингтадан ошмаяпти, бу эса фаолият юритувчи юридик шахсларнинг қарийб 2 фоизини ташкил этади. Камерал текширувлар (корхонага чиқмасдан), мониторинг ва хронометражга катта эътибор берилмоқда.

Солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун тадбиркорлик субъектларининг молиявий ва жиноий жавобгарлиги либераллаштирилди. Улар биринчи марта содир этилган, қасддан қилинмаган ва кам аҳамиятли бўлганда, бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига зарар келтирилмаганда мансабдор шахслар молиявий санкциялар қўлланмаган ҳолда фақат маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ихтиёрий равишда тўлаганда ҳам бизнес тузилмалари улардан озод этилади. Бошқа ҳолларда молиявий санкциялар, тадбиркор уларга рози бўлмаган тақдирда, фақат уларнинг қонунийлиги ва асослилигини тасдиқловчи суд органининг ҳал қилув қарори асосида ундирилади.

Солиқ тизимининг такомиллаштирилиши уни иқтисодиётни модернизациялаш, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва аҳоли бандлигини оширишнинг самарали дастагига айлантириш имконини берди. Сўнгги 10 йил ичида бизнесга тушадиган солиқ юки 21%гача пасайди. Кичик тадбиркорликнинг ЯИМ умумий ҳажмидаги улуши 2000 йилдаги 31%дан 56%гача, яъни 1,8 баравар ўсди. Солиқ ставкалари анча пасайганига қарамай, бюджет даромадларини шакллантиришда унинг улуши икки баробардан ортиқ ҳажмда (2,9 фоиздан 6,6 фоизгача) ошди.

Бунда солиқ тизими ўзининг асосий вазифаси – бюджетнинг даромад қисмини тўлдириш вазифасини ҳам самарали амалга ошириб келмоқда. Чунончи, 2006 йилдан бошлаб мамлакатимиз Президенти томонидан турмуш даражасини ошириш мақсадида 21 маротаба энг кам иш ҳақи миқдорини ошириш ҳақида қарорлар қабул қилинди, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа бюджетдан таъминланувчиларнинг меҳнат ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар унга боғланган. Солиқ тизими узлуксиз ишлаши туфайли бунинг учун Давлат бюджетида маблағлар етарли бўлган.

Миллий солиқ тизимини такомиллаштириш натижалари Халқаро молиявий корпорация услубияти бўйича ўтказиладиган йиллик тадқиқотлар доирасида ҳам акс эттирилган. 2006–2015 йилларда Ўзбекистоннинг бизнес юритиш (Doing Business) бўйича умумий халқаро рейтинги 51 бандга ўсди, солиқ шароити бўйича – 64 бандга ўсди.

Мамлакатимиз солиқ тизимининг 25 йиллик фаолияти тажрибасининг кўрсатишича, у:

– иқтисодиётдаги туб ислоҳотлар талабларига жавоб беради ва солиқ юкини камайтириш шароитида мустақил давлат ривожи учун давлат бюджети даромадлари, молиявий ресурслар ўсишини таъминлайди;

– кичик ва хусусий бизнес ривожланиши йўлидаги, солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан муносабатларини тартибга солиш борасидаги муаммоларни бартараф этади;

– тобора прагматик, очиқ-ойдин ва изчил бўлиб бормоқда;

– иқтисодий ўсиш, хўжалик юритувчи субъектлар сонининг ошиши ва уларнинг даромадлари кўпайишига имкон яратмоқда, солиқ базасини кенгайтирмоқда.

–              

 


1Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8.08.1996 йилдаги «Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-1503-сон Фармони.

224.12.1998 йилдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида» 717-I-сон Қонун.

3Президентнинг 19.11.1998 йилдаги «Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида»ги ПФ-2114-сон Фармони.

 

СБХ

Прочитано: 2975 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика