Norma.uz

Қарз иккига бўлинади

 

Ишнинг моҳияти

Сотувчи (АЖ) ва харидор (МЧЖ) 2015 йил мартида 150 млн сўмлик олди-сотди шартномасини туздилар. Унинг шартларига кўра харидор 10 банк куни давомида шартнома суммасининг ярмини олдиндан тўлади (қолган 50%ни етказиб беришдан кейин 50 кун мобайнида ўтказиши керак эди). Сотувчи ҳам ўз мажбуриятини бажарди, олдиндан ҳақни олгач, 2015 йил апрелида товарни етказиб берди.

2015 йил июни бошида харидор сотувчининг ёзма розилигини олиб, шерик қарздор (ХФ) билан қарзни параллель ўтказиш тўғрисида битим тузди ва АЖни қарзни тўлаш масаласида хусусий фирмага мурожаат қилишга ҳақли эканлигидан хабардор қилди.

2015 йил июли бошида кредитор (АЖ) МЧЖга олди-сотди шартномаси бўйича қолган 75 млн сўмни тўлаш талаби билан мурожаат қилди. Бироқ харидор молиявий қийинчиликлар туфайли унга рад жавоби берди.

Шу ойнинг ўзида кредитор шерик қарздорга мурожаат қилиб, 75 млн сўм тўлашни талаб қилди. Бироқ шерик қарздор ҳам рад жавоби бериб, фақат 37 500 минг сўмлик мажбурият бўйича жавоб беришини ва харидорнинг қарзини тўлиқ ҳажмда тўламаслигини айтди.

Шерик қарздорнинг важ-далилларига қўшилмай, шунингдек қарзни ундириш мақсадида кредитор 2015 йил августида хўжалик судига харидор ва шерик қарздорга нисбатан 75 млн сўм асосий қарз, 750 минг сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини солидар тартибда ундириш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.

Биринчи инстанция суди даъвони тўлиқ ҳажмда қондирди. Апелляция ва кассация инстанцияларида иш кўриб чиқилмади.

 

Кредиторнинг позицияси

– Биз билан МЧЖ ўртасида 2015 йил мартида 150 млн сўмлик олди-сотди шартномаси тузилган. МЧЖнинг қарзи қарзни параллель ўтказиш пайтида 75 млн сўмни ташкил қилган. Бизнинг розилигимизга кўра қарзни параллель ўтказилиши муносабати билан шерик қарздор солидар тартибда қарз бўйича мажбур ҳисобланди. Харидор ва шерик қарздорнинг қарзни сўндиришдан бош тортишлари судга мурожаат қилишга сабаб бўлди. Шу боис суддан қарзни шерик жавобгарлардан солидар тартибда ундиришни сўраймиз.

 

Харидорнинг позицияси

– АЖдан қарзимиз борлигини тан оламиз, бироқ ҳозирги вақтда қарзни узиш имкониятимиз йўқ, шу боис қарзни тўлиқ ҳажмида шерик қарздордан ундиришни сўраймиз, МЧЖ эса кейинроқ тўланган суммани унга қайтаради. Даъвони қисман қондиришни сўраймиз.

 

Шерик қарздорнинг позицияси

– 2015 йил июни бошларида МЧЖ кредиторнинг розилигига кўра биз билан қарзни параллель ўтказиш тўғрисида битим тузди ва кредиторга қарз тўлаш масаласида энди бизга ҳам мурожаат қилишга ҳақли эканлиги тўғрисида хабарнома юборди. Бироқ биз харидорда вужудга келган ҳамма қарзни тўлашга мажбур эмасмиз ва унинг ярмидан кўп бўлмаган қисмини – 37 500 минг сўмни тўлашга тайёрмиз. Шу боис суддан биздан қарзнинг кўпи билан ярмини, қолган суммани эса харидордан ундиришни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ҳамда жавобгар ва шерик жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ва муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, юқорида баён этилган, кредиторнинг шерик жавобгарлардан 75 млн сўм асосий қарз, 750 минг сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида даъво билан хўжалик судига мурожаат этишига сабаб бўлган далилларни тасдиқлади.

Фуқаролик кодексининг 323 ва 252-моддаларига асосланган ҳолда биринчи инстанция суди кредиторнинг шерик жавобгарларга нисбатан даъво талабларини қондиришга ва:

харидордан – 37 500 минг сўм асосий қарз, 375 минг сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини;

шерик қарздордан – 37 500 минг сўм асосий қарз, 375 минг сўм давлат божи ундиришга қарор қилди.

 

Юристнинг шарҳи

ФКнинг 323-моддаси 1-қисмидан келиб чиқиб қарзни ёки унинг бир қисмини қарздорни уни тўлаш мажбуриятидан озод қилмасдан туриб бошқа шахсга ўтказишга рухсат берилади. Ушбу ҳолда иккала қарздор мажбуриятнинг бажарилиши учун солидар жавобгар бўлади.

ФКнинг 252-моддасига мувофиқ, қарздорлар шерик бўлиб мажбурият олганида кредитор ҳамма қарздорлардан мажбуриятни солидар бажаришни ҳам, уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида бажаришни ҳам, шу билан бирга қарзни тўла ёки унинг бир қисмини бажаришни ҳам талаб қилишга ҳақли. Солидар қарздорларнинг биридан тўлиқ қаноатланмаган кредитор ололмаган нарсасини бошқа солидар қарздорлардан талаб қилиш ҳуқуқига эга. Солидар қарздорлар мажбурият тўла бажарилгунича бурчли бўлиб қолаверадилар.

Келтирилган вазиятда кредитор харидорнинг қарз мажбурияти бўйича солидар жавобгарликни шерик қарздор ўз зиммасига олганлиги далилини тақдим этди, бу ҳол 2015 йил июлида қарзни параллель ўтказиш тўғрисида битимни имзолашда намоён бўлган.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини қондириш тўғрисида тўғри қарор қабул қилган.

Шунга эътибор бериш лозимки, агар харидор ва шерик қарздор АЖ билдирган даъвони судгача тартибда кўриб чиқиб, қарзни сўндириш муддатини узайтириш тўғрисида аҳдлашиб, бу ҳақда қўшимча битим тузганларида эди, суд харажатларини тўлашларига тўғри келмаган бўлар эди. Бунинг устига, мажбуриятларни бажариш ва таъминлашнинг ФКда назарда тутилган турли усулларидан, шу жумладан қарз олиш, қарз ҳисобига тенг қимматли мол-мулкни бериш, кафиллик ва бошқа усуллардан фойдаланиб, харидор ва шерик қарздор низони судгача тартибда ҳал эта олишлари мумкин эди.

 

Павел Сильнов, адвокат.

Прочитано: 2133 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика