Ташкилот суднинг ижро варақаларига кўра ходимининг иш ҳақидан алимент ушлаб қолади ва уларни почта орқали ундирувчига тўлайди.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича чораклик ҳисоботда алимент суммалари кўрсатилиши керакми?
Р.Расулов,
бухгалтер.
– Ҳа, кўрсатилиши керак.
Оила кодексининг 104-моддасига кўра, алимент Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунга ҳамда Қарздор жисмоний шахсга иш ҳақи ёки унга тенглаштирилган бошқа тўловларни тўлаётган ташкилотлар ёки бошқа шахслар томонидан ижро ҳужжатларини ижро этиш қоидаларига (АВ томонидан 8.07.2009 йилда 1980-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, ижро ҳужжатлари бўйича ундирувлар иш ҳақи ёки унга тенглаштирилган бошқа тўловларга қаратилади. Ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган тўловлар Қонуннинг 69-моддасида ва Қоидаларнинг 2-бандида белгиланган. Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ходимнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларига қаратилганда ушлаб қолинадиган суммалар миқдори солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади (Қонуннинг 65-моддаси).
Қарздорга иш ҳақи ёки унга тенглаштирилган бошқа тўловларни тўлаётган ташкилот ушлаб қолинган пул маблағларини ундирувчига тўлов амалга оширилган кундан эътиборан 3 кун ичида тўлаши ёки ўтказиши шарт. Пул маблағларини тўлаш ва ўтказиш қарздор ҳисобидан амалга оширилади.
Юқоридагиларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келиш мумкинки, тўланадиган иш ҳақининг ижро ҳужжатлари билан белгиланган қисмини алимент олувчига ўтказиш ёки тўлаш мажбурияти иш берувчига юклатилган. Моҳиятга кўра, иш берувчи ходимга олиши керак бўлган иш ҳақининг бутун суммасини тўлайди, бироқ ундирувчига тўланиши керак бўлган алиментларни мустақил бериш каби корхонага тақдим этилган ҳуқуқ воситасида у алимент бўйича мажбуриятларини бажаришини назорат қилади. Бинобарин, ушлаб қолинган алимент суммаси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова) акс эттирилиши керак. Яъни айни Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкасида (Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларга 1-илова) «Жисмоний шахсларга тўланган даромадлар, жами» 6-устунида – жисмоний шахсга тўланган даромад сифатида. Корхонанинг жисмоний шахслар даромадларидан ушланмалари пул маблағлари ўтказилган (алимент почта орқали ўтказилганда) ёки улар банкдан даромадларни тўлаш учун олинган (алимент корхона кассасидан тўланганда) санада акс эттирилади.
Алимент Расшифровкада жисмоний шахсга тўланган даромад сифатида акс эттирилиши сабабли у Маълумотларнинг «Жисмоний шахсларга тўланган даромадларнинг умумий суммаси» 019-сатрида ҳам акс эттирилиши керак.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.