Корхонамиз ЯСТ тўловчиси ҳисобланади. Биз компания (Қозоғистон) билан сублицензия шартномасини туздик. Ушбу шартномага кўра лицензиат дастурий комплексдан 12 ой фойдаланишга номутлақ лицензияни беради. Дастурий комплекс модуллар, кутубхоналар, техник ҳимоя воситалари (электрон ҳимоя калитлари) ҳамда қоғоз ва электрон кўринишдаги унга боғлиқ ҳужжатлардан иборат. Шартнома суммаси 2 148 АҚШ долларига тенг.
12 ой давомида фойдаланишга лицензия чет эл валютасига сотиб олинган бўлса, дастурий комплекс номоддий актив деб ҳисобланадими? Уни 0430-ҳисобвараққа кирим қилишимиз мумкинми? Ёки бундай операция ҚҚС тўланадиган ишлар ва хизматлар импорти саналадими? Бухгалтерия ҳисоби бўйича проводкаларни келтирган ҳолда батафсил жавоб беришингизни сўраймиз.
С.Анкудинова,
МЧЖ бош бухгалтери.
Бухгалтерия ҳисоби
Дастурий комплексингиз (ДК) номоддий актив (НМА) эканлигини аниқлаш учун 7-сон БҲМС «Номоддий активлар»га (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мурожаат этиш зарур.
Моддий моҳиятга эга бўлмаган (пул маблағлари кўринишида бўлмаган) активлар, агар юридик ҳуқуқлар, шу жумладан мулк ҳуқуқи билан ўзаро муносабатда бўлиши мумкин бўлган ва улардан узоқ муддат давомида фойдаланилган тақдирда номоддий активлар таърифига жавоб беради (7-сон БҲМСнинг 5-банди). Агар ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базаси тегишли асосий воситанинг таркибий қисми ҳисобланмаса ва мутлақ ҳуқуқ корхонага тегишли бўлса, у номоддий актив ҳисобланади (7-сон БҲМСнинг 7-банди).
Активларни бухгалтерия ҳисобига номоддий активлар сифатида қабул қилишда бир вақтнинг ўзида 5 та шарт бажарилиши керак (7-сон БҲМСнинг 6-банди). Сизнинг дастурий комплексингиз уларнинг бир нечтасига жавоб бермайди:
активдан фойдаланиш муддати 12 ойдан ошади (7-сон БҲМСнинг 6-банди «б» кичик банди);
корхонада актив ва унга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатлар (патентлар, гувоҳномалар, бошқа муҳофаза қилувчи ҳужжатлар, патент, товар белгисидан воз кечиш (сотиб олиш) шартномаси ва ҳ.к.)нинг мавжудлиги.
Шу тариқа, дастурий комплекс НМА ҳисобланмаслиги сабабли уни 0430-«Дастурий таъминот» ҳисобварағида ҳисобга олиб бўлмайди, чунки сублицензия шартномасига кўра корхонангиз эгалик қилиш ҳуқуқини эмас, активдан фойдаланишга доир номутлақ ҳуқуқни олган, шунингдек ундан фойдаланиш муддати 12 ойдан ошмайди. Корхона учун номутлақ лицензиядан фойдаланганлик учун тўлов роялтига* киради, агар бу товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлса, улар харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларда ҳисобга олинади:
2010-«Асосий ишлаб чиқариш» ҳисобварағи дебети;
6930-«Роялти бўйича қарз» ҳисобварағи кредити.
Агар ДК товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаса, бундай харажатлар қуйидаги ҳисобварақларда ҳисобга олинади:
9400-«Давр харажатларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар» ҳисобварағи дебети
6930-«Роялти бўйича қарз» ҳисобварағи кредити.
Роялти бўйича қарзни сўндириш:
6930-«Роялти бўйича қарз» ҳисобварағи дебети
5110-«Ҳисоб-китоб счёти» ҳисобварағи кредити.
Солиқ солиш
Фойда солиғи. Роялти тўлов манбаида (норезидентга даромад тўловчи юридик шахс – ЎзР резидентида) солиқ солинадиган, ушбу даромадларни ушлаб қолиш билан боғлиқ харажатларни чегирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадларига киради (Солиқ кодексининг 155-моддаси). Солиқ ставкаси – 20% (Солиқ кодексининг 160-моддаси).
Фойда солиғи суммаси ЎзР норезидентига даромад тўлаш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича ҳисоблаб чиқарилади.
Ўзбекистон норезидентига даромадлар тўлов манбаида ушлаб қолмасдан ёки Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаси қоидаларига мувофиқ фойда солиғининг пасайтирилган ставкасини қўллаган ҳолда тўланади. Бунинг учун тўлов манбаи ЎзР норезиденти тақдим этган, Ўзбекистон солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартномага эга бўлган давлатда мазкур шахснинг резидентлиги далилини тасдиқловчи хорижий давлатнинг ваколатли органи томонидан берилган ҳужжатга эга бўлиши керак.
Ўзбекистон билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Даромадлар ва мол-мулкка иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим (12, 23-моддалар, Алмати, 12.06.1996 йил, ВМнинг 20.01.1997 йилдаги 32-сон қарори билан тасдиқланган) имзоланган.
Шу тариқа, Ўзбекистондаги корхона Қозоғистондаги корхонага роялти тўлашда тўлов манбаи сифатида фойда солиғини ушлаб қолиши шарт. Агар Қозоғистондаги корхона сизга Қозоғистон Республикаси ваколатли органи томонидан берилган роялти олувчининг ҚР резиденти эканлиги далилини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этса, солиқ ушланмайди.
ҚҚС. Интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқни беришда ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишда реализация қилиш жойи харидор фаолият юритадиган жойга қараб белгиланади. Бунда харидор фаолиятни амалга оширадиган жой деб юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги асосида, Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда ҳозир бўлиб турган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди тушунилади (Солиқ кодексининг 202-моддаси 3-қисми 4-банди).
Мазкур вазиятда Ўзбекистон ҳудуди хизматларни реализация қилиш жойи деб тан олинади. Шу сабабли дастурий комплексдан фойдаланишга номутлақ лицензияни сотиб олувчи Ўзбекистон корхонасида Ўзбекистон норезиденти амалга оширадиган оборотлардан 20%лик ставкада ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келади.
Дарина АБУХОВИЧ,
«Norma Online» эксперти.
*Роялти – фан, адабиёт ва санъат асарларидан, шу жумладан электрон-ҳисоблаш машиналари учун дастурлардан фойдаланганлик ёхуд улардан фойдаланиш ҳуқуқини берганлик учун ҳар қандай турдаги тўловлар (Солиқ кодексининг 22-моддаси).