Фермер хўжалигимиз ягона ер солиғини тўлайди. Сут маҳсулотларини (қатиқ, сметана ва ҳ.к.) ишлаб чиқарамиз, бунда сут ва ачитқини чет ташкилотлардан сотиб оламиз.
1. Сотиб олинган хом ашёдан тайёрланган сут маҳсулотлари ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари деб ҳисобланадими?
2. Сут маҳсулотларини сотишдан қандай солиқни тўлашимиз керак?
3. Фермер хўжалиги иш ҳақини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари (қорамол, ўрдаклар, сут маҳсулотлари) тарзида тўлаши мумкинми?
А.Толмачёва,
бош бухгалтер.
1 |
Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолият турлари бўйича маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) статистик классификаторига мувофиқ, соғин қорамолнинг хом сути (коди 01.41.2) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳисобланади, сут маҳсулотлари (коди 10.5) эса қайта ишлов берувчи саноат маҳсулотларига киради.
Қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиси учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот деб корхона (фермер хўжалиги) балансида қайд этилган соғин қорамолдан олинган хом сут ҳисобланади. Шунингдек ўзи ишлаб чиқарган хом сутни қайта ишлаш йўли билан олинган маҳсулотлар унинг ўз маҳсулоти ҳисобланади.
Бинобарин, сотиб олинган хом ашёдан олинган маҳсулот сиз учун ўз қишлоқ хўжалик маҳсулотингиз деб ҳисобланмайди.
2 |
Солиқ солиш тартиби сиз амалга ошираётган фаолият турларига бевосита боғлиқ. Шу сабабли аввало сиз қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган мезонларга мувофиқ келишингизни аниқлаб олиш лозим.
Ягона ер солиғини (ЯЕС) тўлаш учун қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиси бўлиш зарур. Бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган юридик шахслар улар жумласига киради (Солиқ кодексининг 362-моддаси):
ўзларига ажратилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш уларнинг асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар;
қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан (вилоят ёки туман ҳокимининг қарори билан) ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлган юридик шахслар;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва уни қайта ишлаш улуши чет ташкилотлардан сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ҳажмидан ошадиган юридик шахслар.
Сизнинг ҳолатда, агар ҳисобот даврида чет ташкилотлардан сотиб олинган, қайта ишланган сут ҳажми ўзингиз ишлаб чиқарган сутни қайта ишлаш ҳажмидан кўп бўлса, фермер хўжалигингиз ягона ер солиғини тўлашга ҳақли эмас. Солиқ кодексининг 363-моддасига мувофиқ, сиз умумбелгиланган солиқларни ёхуд ягона солиқ тўловини тўлашга ўтишингиз шарт.
Агар Солиқ кодексининг 362-моддасида белгиланган мезонларга мувофиқ келсангиз, фермер хўжалигингиз ЯЕСни тўлашда давом этиши мумкин.
Саволингизда фермер хўжалиги эканлигингизни, бунда чет ташкилотлардан сотиб олинган сут ва ачитқидан фойдаланган ҳолда сут маҳсулотларини (қатиқ, сметана ва ҳ.к.) ишлаб чиқаришингизни кўрсатгансиз. Юқорида айтилганидек, амалга ошираётган фаолиятингиз фақат чет ташкилотлардан сотиб олинган хом сутни қайта ишлаш билан боғлиқ бўлса, яъни ишлаб чиқариш фаолияти ҳисобланса, фермер хўжалигини ташкил этишда сизга ажратилган ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш масаласи юзага келади.
«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга кўра, фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи, мустақил хўжалик юритувчи субъектдир (3-модда). Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади (5-модда).
Агар ўз қишлоқ хўжалик товарингизни ишлаб чиқармай ва сизга ажратилган ер участкаларидан фойдаланмай, фақат чет ташкилотлардан сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш билан чеклансангиз, бу фермер хўжалигининг устав мажбуриятларини бажармаслик, ер участкасидан мақсадга кўра фойдаланмаслик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб баҳоланиши мумкин. Бу эса ўз навбатида ижара шартномасини бекор қилиш ва фермер хўжалигини тугатган ҳолда ер участкасини олиб қўйишга олиб келиши мумкин (Фермер хўжалигининг намунавий устави, ВМнинг 30.10.2003 йилдаги 476-сон қарорига 6-илова).
3 |
2002 йил 1 апрелдан бошлаб мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотларнинг иш ҳақини товарлар билан натура шаклида тўлаши тақиқланган (ВМнинг 19.03.2002 йилдаги 88-сон қарори).
Меҳнат ҳақини натура шаклида тўлаш Меҳнат кодекси (153-модда) билан ҳам тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларга истисно қилинган: улар ходимларга иш ҳақи ҳисобига ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини бера оладилар.
Агар қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиси деб ҳисоблансангиз, фермер хўжалигингиз учун бундай ўзаро ҳисоблашиш имконияти берилади. Бунда иш ҳақи ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари шартномавий нархларда фақат ходимнинг розилиги билан (унинг ёзма аризаси асосида), шунингдек ЯИТ ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларини тўлаш бўйича қарз бўлмаганда берилади.
Бошқа ҳолларда иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-4-моддаси).
Корхоналар ўз маҳсулотларини унинг қийматини иш ҳақидан ушлаб қолган ҳолда ходимларга реализация қилишлари мумкин. Амалдаги қонун ҳужжатларида бундай операция тақиқланмаган. Бунинг учун ҳам ходим раҳбар номига ариза ёзиб, унда кейинчалик қийматини иш ҳақидан ушлаб қолиш шарти билан сотиб олмоқчи бўлган маҳсулот номи ва миқдорини кўрсатади.
Корхона учун ходимга иш ҳақи ўрнига қишлоқ хўжалиги маҳсулотини бериш, шунингдек уни сотиш – реализация ҳисобланиб, бухгалтерия ҳисобида белгиланган тартибда акс эттирилиши керак.
Бунда ЯСТ тўловчилар учун ходимга маҳсулотни сотишдан тушум ЯСТни ҳисоблаб чиқаришда корхонанинг солиқ солинадиган тушумига киритилади.
Ходим учун корхонадан маҳсулотни сотиб олиш ва иш ҳақи ўрнига олиш қўшимча солиқ оқибатларига олиб келмайди, сабаби жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва суғурта бадаллари унга ҳисоблаб ёзилган даромадлардан ушлаб қолинади. Бироқ маҳсулот таннархидан паст нархда сотилса, ходимда моддий наф тарзидаги даромад юзага келади, у маҳсулотни реализация қилиш нархи билан унинг таннархи ўртасидаги салбий тафовут сифатида белгиланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 3-банди). Ушбу тафовут ходимнинг жами даромадига киритилади ва унга ЖШДС солинади.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.