Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 33 / Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига!

Ўзбекистондаги хусусийлаштириш – инвестициялар учун янги имкониятлар

 

Ўзбекистонда иқтисодиётга чет эл инвестицияларини жалб этиш учун қулай муҳит яратиш бўйича ислоҳотлар изчил равишда амалга оширилмоқда.

 

Инвестицияларнинг шакллари

«Инвестиция фаолияти тўғрисида» ва «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ чет эллик инвесторлар турли шаклларда инвестиция қилишлари – кўчмас мулк сотиб олишлари, интеллектуал мулк, корхоналарни модернизациялаш ва реконструкция қилиш бўйича хизматлар ва ишлар билан ҳисса қўшишлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни ташкил этишлари мумкин. Инвестициялашнинг 20 та шакли орасида акциядорлик жамиятида ва ­масъулияти чекланган жамиятда иштирок этиш энг кўп тарқалган. Бунда, бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, бизнинг қонун ҳужжатларимизда корхонани ташкил этишда чет эллик инвесторнинг маҳаллий ҳамкорни иштирок этишга жалб этиши талаб қилинмайди. Қуйидаги йўллар билан инвестициялаш мумкин:

ўзбекистонлик ҳамкорлар билан қўшма корхона ташкил этиш;

100 фоизли чет эл капитали билан компания таъсис этиш;

илгари чет эл инвестициялари иштирокисиз таъсис этилган корхонада улушни ёки акцияларни ёхуд бутунлай, шу жумладан хусусийлаштириш жараёнида сотиб олиш.

Иқтисодиётнинг стратегик, базавий тармоқларида, шунингдек махсус лицензион ёки рухсат берувчи бошқарув режими амал қиладиган тармоқларда (тоғ-кон, телекоммуникация, нефть-газ сектори ва ҳ.к.) 50/50 қоидаси бўйича қўшма корхоналар барпо этиш барқарор тамойили кузатилмоқда, сабаби чет эллик инвесторлар узоқ муддатли ривожланишни таъминлаш ва таваккалчиликларни камайтириш учун кучли маҳаллий ҳамкор бўлишидан манфаатдорлар. Ўз навбатида Ўзбекистон учун нафақат маблағ, балки билим, технологиялар ва тажриба, шу жумладан интеллектуал мулк объектлари ҳисса қилиб қўшиладиган «ақлли» инвестициялар жалб этилиши фойдалидир. Тўғри, агар реал активларни инвестиция қилиш ҳақида сўз юритсак, чет эл валютасидаги пул маблағлари ва замонавий асбоб-ускуналар маъқул кўрилади.

 

Бизнес юритишнинг соддалаштирилган тартиби

Сўнгги 3–5 йил ичида чет эл компаниялари корхонани рўйхатдан ўтказмай туриб бизнес юритиш шаклларини фаол қўлламоқдалар, маҳсулот тақсимотига оид битимлар, концессиялар, биргаликдаги фаолиятни ташкил этиш асосида иш юритмоқдалар. Геология-қидирув ва нефть-газ саноати, энергетика соҳасидаги кўпгина лойиҳалар, ишлаб чиқариш, саноат ва йўл қурилишини модернизациялаш, кўчмас мулкни ижарага бериш доимий муассасалар (ДМ) орқали амалга оширилмоқда. Бизнес юритишнинг мазкур шакли фақат лойиҳани бажариш муддатида солиқ органларида ҳисобга қўйишга муҳтождир. Доимий муассасалар Ўзбекистон банкларидаги миллий ва чет эл валютасидаги ҳисобрақамлардан фойдаланишга, контрактлар тузиш ва ижро этишга, ишлаб чиқариш ва муҳандис ходимларини ёллашга, имтиёзли солиқ бошқарувини қўллашга, лойиҳани бажариш муддатига асбоб-ускуналарни, шунингдек ишлаб чиқариш-техника ресурсларини вақтинча олиб киришга ҳақли. Корпоратив бошқарув, солиқ, божхона, валюта, меҳнат маъмуриятчилиги, назорат жиҳатидан либерал фаолият режими ва мавжуд турли преференциялар сабабли чет эл компаниялари ДМдан кенг фойдаланадилар. Baker Tilly Uzbekistan баҳолашига кўра, бизнес юритишнинг бундай мослашувчан шакллари асосида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳажми йилига 1 млрд АҚШ долларига яқинлашиб қоляпти. Ушбу кўрсаткич ошиб боради, сабаби 2016 йилнинг ўзидаёқ Ўзбекистонда 5 млрд АҚШ долларидан ошадиган ҳажмдаги 164 та йирик инвестиция лойиҳасини тугатиш режалаштирилган, чет эл инвестицияларининг ўсиши эса 20,8%ни ташкил этиши лозим. Умуман олганда Ўзбекистоннинг 2016 йилги Инвестиция дастури 17,3 млрд АҚШ долларини, шу жумладан 4 млрд АҚШ доллари ҳажмидаги чет эл инвестицияларини инвестициялаш учун мўлжалланган (2015 йилда эквивалент миқдорда 15,8 млрд АҚШ доллари инвестициялашга йўналтирилган эди).

 

2015–2016 йилги хусусийлаштириш

2015 йилда Ўзбекистон чет эл инвестицияларини, шу жумладан хусусийлаштиришни фаоллаштириш ва қўшимча имтиёзлар бериш ҳисобига жалб этишда навбатдаги қадамларни қўйди. Президентнинг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон) мувофиқ, ҳар бир акциядорлик жамиятининг устав капиталида чет эллик инвесторнинг улуши эндиликда камида 15%ни ташкил этиши шарт.

Бутун жараён 2016 йил давомида якунланиши кўзланмоқда. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эса янги ташкил этиладиган АЖ фақат чет эллик инвесторнинг устав капиталидаги иштироки улуши 15%дан кам бўлмаган тақдирдагина ташкил қилиниши мумкин.

Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга акциядорлик жамиятлари бундан мустасно. Вазирлар Маҳкамасининг 10.02.2016 йилдаги 33-сон қарори билан тасдиқланган бундай компаниялар рўйхатига мамлакатда мавжуд 600 дан ортиқ холдинг ва акциядорлик жамиятидан нефть-газ, тоғ-кон, пахта ва озиқ-овқат тармоғидаги 264 корхона кирган. Ушбу корхоналарнинг акциялари келгусида ҳукумат томонидан қарорлар қабул қилингунига қадар давлат ёки хўжалик бошқаруви органлари мулкида қолади.

Шунингдек Ҳукуматнинг кўрсатилган қарори билан устав капиталидаги давлат улушининг камида 15%и чет эллик инвесторларга сотилиши керак бўлган 23 та йирик компания, шу жумладан 5 та банк ҳамда акциялари сотиш учун таклиф этилаётган 64 та АЖ белгиланди. Бунда 2016 йилнинг I ярмида умуман олганда 305 та давлат активи, шу жумладан 267,5 млрд сўмлик инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолдаги акциялар хусусий мулк этиб сотилди. Чет эллик инвесторларга 30 та акциядорлик жамиятидаги улуш сотилди, устав фондида давлат улуши бўлган АЖлар сони эса 2015 йилнинг худди шу давридаги 374 та ўрнига 202 тагача қисқарди.

Илгари Президентнинг 28.04.2015 йилдаги ПҚ-2340-сон қарорига мувофиқ 411 та акциядорлик жамияти акцияларининг 25%идан 100%игача қисмини стратегик ва бошқа, биринчи навбатда чет эллик инвесторларга сотиши керак эди.

 

Имтиёзлар

Чет эллик инвесторнинг улуши устав капиталининг 15%идан 33%гача бўлган акциядорлик жамиятларига Президентнинг 11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон Фармони билан белгиланган иқтисодиётнинг 20 та устувор ишлаб чиқариш тармоқларига чет эллик инвестор киритган инвестициялар ҳажмига қараб берилган солиқ имтиёзлари татбиқ этилган. Улар юридик шахсларнинг фойда, мол-мулк, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловини, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинган.

Ушбу солиқ имтиёзлари табақалаштирилган тарзда, тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар объектига қараб турли муддатга (3 йилдан 7 йилгача) тақдим этилади. Замонавий технологик асбоб-ускуна ёки ЭАВ кўринишидаги инвестициялар маъқул кўрилади. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон фойдаланишда бўлган ёки эскирган асбоб-ускуналар етказиб берилишига тўсқинлик қилувчи қатъий ҳимоя чораларини жорий этди.

Бундан ташқари, барча минтақалар тенг маромда ва мақбул тарзда ривожланиши учун, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари, мамлакатнинг исталган минтақасида жойлашган корхоналарга имтиёз берилади. Имтиёзларни қўллаш муддати давомида улардан олинган даромаднинг камида 50%и қайта инвестициялашга йўналтирилиши лозим.

Юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри қўйилмалар киритаётган, республика минтақаларига замонавий технологияларни жалб этаётган чет эллик инвесторлар учун Президентнинг 10.04.2012 йилдаги ­ПФ-4434-сон Фармони билан қўшимча преференциялар берилди. Чет эллик инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона ташкил этилганда солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, унга рўйхатдан ўтиш санасида амал қилган солиқ меъёрлари ва қоидаларини 10 йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади.

Мазкур Фармон билан чет эллик инвесторларга бошқа ҳуқуқлар, имтиёзлар ва преференциялар ҳам берилган. Масалан, инвестиция лойиҳаси қиймати 50 млн АҚШ долларидан ошса ва чет эллик инвесторнинг улуши камида 50% бўлса, зарур ташқи (ишлаб чиқариш майдонидан ташқаридаги) муҳандислик-коммуникация тармоқлари давлат ҳисобидан ва унинг кўмагида қурилади. 2015–2016 йилларда саноатни модернизациялаш ва диверсификациялаш давлат дастурига киритилган инвестиция лойиҳалари учун кўрсатилган мақсаддаги инвестициялар чегараси 30 млн АҚШ долларигача пасайтирилди.

Божхона тўловлари бўйича салмоқли имтиёзлар мавжуд. Чунончи, қуйидагиларга божхона божи солинмайди:

чет эллик инвесторлар ва устав фондидаги хорижий инвестициялар улуши камида 33%ни ташкил этадиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 2 йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирган мол-мулкка;

Ўзбекистон иқтисодиётига 50 млн АҚШ долларидан ортиқ тўғридан-тўғри инвестицияларни амалга оширган хорижий юридик шахслар ўз ишлаб чиқариши учун олиб кирган товарларга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистонга олиб кириладиган янги технологик асбоб-ускуналарга (ишлаб чиқарилган санасидан бошлаб 3 йил ўтмаган).

2016 йилдан бошлаб чет эллик инвесторлар ва хорижий капитал иштирокидаги акциядорлик жамиятларига янги салмоқли имтиёзлар берилди:

2020 йилнинг 1 январигача чет эллик инвесторларнинг АЖда уларга тегишли бўлган акцияларидан дивиденд тарзида олаётган даромади солиқ солишдан озод қилинди;

уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақида даъво билан судларга мурожаат этганда улар давлат божини тўлашдан озод қилинади;

акциядорлик жамиятлари чет эллик бошқарув ходимларининг иш ҳақидан ижтимоий тўловларни тўлашдан, чет эллик менежерлар эса – бюджетга солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилган (Кузатув кенгашлари (директорлар кенгашлари) аъзоларига ушбу имтиёзлар берилмаган).

 

Кафолатлар

«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун чет эллик инвесторлар ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим кафолати бўлди. Унга мувофиқ, ушбу Қонун кучга кирганидан кейин давлат мулкини (акциялар, улушлар, кўчмас мулкни) хусусийлаштириш (сотиб олиш) бўйича битимлар қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди. Шу сабабли чет эллик инвесторлар томонидан кўрсатилган санагача хусусийлаштирилган мол-мулк бўйича малакали аудиторлик фирмаси хусусийлаштириш битимининг «тозалиги» ва қонунийлиги борасида аудит ўтказиши мақсадга мувофиқдир. Узоқ йиллик профессионал аудиторлик ва юридик амалиётимиздан маълумки, бир қатор ҳолларда мазкур операциялар муайян ҳуқуқий ва молиявий таваккалчиликларга эга.

2015 йил августда инвесторни ҳимояловчи яна бир меъёр қабул қилинди. Давлат мулкини хусусийлаштириш чоғида хусусийлаштирилган корхоналарда аниқланмаган, шунингдек хусусийлаштириш чоғида тасарруф этиш ҳуқуқисиз фойдаланишга берилган, корхона ҳудудида жойлашган кўчар ва кўчмас мулк хусусийлаштирилган корхоналарнинг мулки деб эътироф этилади. Шу тариқа, илгари кузатилганидек, хусусийлаштириш якунларини қайта кўриб чиқиш, аниқланган мол-мулк учун қўшимча тўловлар бўйича талаблар қўйиш хатари бартараф этилди, аниқланган мол-мулк қийматини корхонанинг устав фондига капиталлаштириш ва хусусийлаштириб бўлган корхонада янги давлат улушини шакллантириш имконини берувчи вазиятлар истисно этилди.

 

Ривожланиш истиқболлари

Ўзбекистон иқтисодиёти шу қадар барқарор ва ишончли тарзда ривожланмоқдаки, мамлакат 2–3 йиллик ўрта муддатли прогнозлардан 5–15 йиллик даврларга узоқ муддатли прогнозларга ўтди. Бу ҳол чет эллик инвесторлар жиддий капитал ёки портфелли инвестициялар киритиш ҳақида қарор қабул қилаётганларида макроиқтисодий кўрсаткичларни истиқболли дея баҳолашлари ва таҳлил қилишларида ижобий омил бўлади. Чунончи, мамлакат раҳбарлари томонидан 2030 йилга келиб ЯИМни икки баравар ошириш бўйича иқтисодий ривожланишнинг узоқ муддатли мақсадлари белгиланган, бунинг учун ҳар йили 4,8% ўсишни таъминлашнинг ўзи кифоя. Бунда сўнгги 11 йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти ҳар йили қарийб 8%лик ўсишни намойиш этмоқда, мазкур барқарор тамойил истиқболда ҳам тасдиқланиши мумкин. Ривожланишнинг аниқ йўналишлари, шу жумладан банк секторини кучайтириш, электр энергетикаси, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, тўқимачилик, электр техника саноати, қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, фармацевтика саноати каби соҳаларни модернизациялаш, диверсификациялаш ва локаллаштириш, экспорт учун шарт-шароитларини такомиллаштирган ва уни рағбатлантирган ҳолда замонавий аграр ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш белгиланган.

Мавжуд ресурсларга 3–4 босқичда чуқур қайта ишлов беришни назарда тутувчи мақсадли тармоқ дастурлари қабул қилиниши лозим, бу эса 2030 йилга келиб металлургия ва кимё саноатида 2,2 баравардан тўқимачилик, тикув саноати ҳамда мева ва сабзавотлар етиштиришда 5,7 бараваргача – қатор истиқболли тармоқларда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш имконини беради. Президентнинг 4.03.2015 йилдаги ПФ-4707-сон Фармони билан 846 та лойиҳа бўйича 40,8 млрд АҚШ долларини саноатни модернизациялаш ва диверсификациялашга инвестиция қилишга доир 2015–2019 йиллар учун аниқ манзилли Дастур тасдиқланган.

 

Президентнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон) билан хорижий капитални жалб этиш, АЖ молиявий фаолиятининг самарадорлигини ва очиқлигини ошириш мақсадида корпоратив бошқарув тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этган ва раҳбарлик лавозимларига чет эллик юқори малакали менежерларни жалб қилган ҳолда чет эл капитали иштирокида акциядорлик жамиятларини ташкил этиш устувор вазифа деб белгиланган. 2015–2018 йилларда барча акциядорлик жамиятлари халқаро аудит стандартларига мувофиқ мустақил аудиторлар тасдиқлаган халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (IFRS) бўйича йиллик молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва эълон қилишга ўтишлари шарт. Корпоратив бошқарув кодекси ишлаб чиқилди ва фойдаланиш учун тавсия этилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси шароитига ва устувор вазифаларига мувофиқ келувчи энг самарали тажриба сифатида Германиядаги корпоратив бошқарув модели ва илғор тажрибаси асос сифатида қабул қилинди.

 

Олег ДАМИНОВ,

«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялар гуруҳининг бошқарувчи ҳамкори.

Прочитано: 3374 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика