Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 16 / Амалий бухгалтерия

Балансда хорижий русумдаги машина бўлса

 

«СБХ»нинг 29.03.2016 йилдаги 13-сонида корхона БААдан олиб келинган Toyota Camry импорт автомобилини харид қилгани ва уни божхонада расмийлаштиргани ҳақида материал чоп этилган эди. Агар корхона ЯСТ тўловчиси бўлса, бир қатор жиҳатларга ойдинлик киритишни истардим.

Ушбу импорт қилинган автомобилни қандай кирим қилиш мумкин?

Унга доир амортизацияни қандай ҳисоблаб ёзиш керак?

Агар корхонанинг асосий воситалари 1.01.2013 йилги ҳолатга кўра қайта баҳоланган бўлса, энди уни қандай қилиб қайта баҳолаш керак?

Корхона харид қилинган автомобиль бўйича мол-мулк солиғини тўлаши керакми? Ушбу операцияларни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш лозим?

С.Аҳмаджонов.

 

Аввал «прописка»

Асосий воситалар ушбу объектини кирим қилиш учун корхона раҳбари комиссия тузади, у автомобилни кўздан кечириб ва унга доир ҳужжатларни ўрганиб, қабул қилиш-топшириш далолатномасини (АВ-1 шакли) тузади. Унда кирим қилинаётган транспорт русуми, кузови ва двигатели рақами, ишлаб чиқарувчи завод томонидан чиқарилган йили, қисқача тавсифи, бошланғич қиймати, берилган инвентарь рақами ва таҳлилий ҳисоб учун зарур бошқа маълумотлар кўрсатилади. Далолатномага автомобилнинг техник ҳужжатлари илова қилинади ва ҳужжатлар комплекти билан корхона бухгалтериясига топширилади. Далолатномани корхона раҳбари тасдиқлайди.

Унга кўра бухгалтерияда асосий воситаларни ҳисобга олувчи инвентарь карточкаси (АВ-6 шакли) очилади. Унда фойдали фойдаланиш муддати, амортизация ҳисоблаб ёзиш усули ва транспорт воситаси ҳақидаги бошқа асосий маълумотлар кўрсатилиши шарт.

Фойдали фойдаланиш муддатини корхона автомобилнинг техник ҳолатидан келиб чиқиб мустақил белгилайди.

Инвентарь карточкалари, одатда, 1 нусхада тузилади ва бухгалтерияда сақланади. Улар асосий воситаларнинг классификация гуруҳлари бўйича махсус рўйхатларда (АВ-7 шакли) рўйхатдан ўтказилади. Рўйхатдан ўтказилган карточкалар асосий воситалар картотекасига жойлаштирилади.

5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 11-бандига мувофиқ, транспорт воситаси корхона балансига сотиб олиш қиймати (етказиб берувчига тўланган сумма) ва автомобилни харид қилиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз ичига олган бошланғич қиймати бўйича киритилиши лозим.

Бухгалтерия ҳисобида автотранспорт воситасини харид қилиш харажатлари аввал ­0820-«Асосий воситаларни харид қилиш» ҳисобварағида калькуляцияланади. Ҳисобварақ дебетида автомобилни харид қилиш ва расмийлаштириш чоғида қилинган ҳамда унинг бошланғич қийматига киритиладиган барча амалдаги харажатлар акс эттирилади.

Объект фойдаланишга топширилаётганда корхонанинг транспорт воситалари таркибига 0820-«Асосий воситаларни харид қилиш» ҳисобварағи кредитидан 0160-«Транспорт воситалари» ҳисобварағи дебетига қайд этилади.

 

МИСОЛ. Автомобилнинг бошланғич қиймати 139 961 900,8 сўмни ташкил этади. У қуйидаги харажатларни ўз ичига олади:

контракт қиймати – 50 940 000 сўм;

божхона божи – 41 601 000 сўм;

акциз солиғи – 20 517 500 сўм;

импорт қилинадиган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи – 22 611 700 сўм;

божхона расмийлаштируви учун йиғим – 101 880 сўм;

автотранспорт воситаларига давлат рўйхатидан ўтказувчи рақамли белгиларни берганлик учун тўлов – 195 360 сўм;

автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов – 13 024 сўм;

автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказганлик учун тўлов – 13 024 сўм;

Республика йўл жамғармасига йиғим – 3 968 412,8 сўм.

Автомобилни харид қилиш ва уни ўз асосий воситалари таркибига киритиш бўйича операцияларнинг бухгалтерия ёзувлари қуйидагича бўлади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма
(минг сўм)

 

21-сон БҲМС бўйича ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Автомобилнинг контракт қиймати акс эттирилди

 

50 940

 

0820

 

6010

 

Ҳисоблаб ёзилди ва тўланди:

 

божхона божи

 

41 601

 

0820

6990

6990

5110

акциз солиғи

 

20 517,5

 

0820

6990

6990

5110

қўшилган қиймат солиғи

 

22 611,7

 

0820

6990

6990

5110

божхона расмийлаштируви учун йиғим

 

101,88

 

0820

6990

6990

5110

Йўл жамғармасига йиғим

 

3 968,4128

 

0820

6520

6520

5110

автомобилни ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов

 

13,024

 

0820

6990

6990

5110

давлат рақами белгиларини олганлик учун тўлов

 

195,36

 

0820

6990

6990

5110

ДЙҲХХда техник кўрикдан ўтказганлик учун тўлов

 

13,024

 

0820

6990

6990

5110

Автомобилни фойдаланишга топшириш акс эттирилди

 

139 961,9008

 

0160

 

0820

 

 

 

Эскиришни ҳисоблаш

Транспорт бўйича амортизацияни ҳисоблаш объект АВ таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошланиб, унинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ сўндирилган ёхуд ушбу объект балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан тўхтатилади (5-сон БҲМСнинг 30, 31-бандлари). Чунончи, агар автомобиль 2015 йил 17 октябрда фойдаланишга топширилган бўлса, унга доир амортизацияни ҳисоблаш 2015 йил 1 ноябрдан бошланади.

Транспорт воситалари бўйича амортизацияни ҳисоблаб ёзиш усули корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланган бўлиши керак. 5-сон БҲМСда 4 та усул: тўғри чизиқли усул, ишлаб чиқариш усули, икки карра амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули, кумулятив усул назарда тутилган. АВнинг ҳар хил турига амортизациянинг турли усулларини қўллаш мумкин, бироқ уларнинг бир тури учун фақат битта усулдан фойдаланиш керак.

Солиқ кодексида солиқ солиш мақсадида АВ гуруҳлари бўйича амортизациянинг чекланган меъёрлари белгиланган. Улар ҳуқуқни қўллаш амалиётида тўғри чизиқли усулдан фойдаланишда кенгроқ тарқалган.

 

МИСОЛ. Корхонанинг ҳисоб сиёсатида транспорт воситалари амортизацияси тўғри чизиқли усулда ҳисобланиши белгиланган. Улар учун фойдали хизмат муддати 8 йил этиб белгиланган. Ушбу усулда амортизация автомобиль қийматидан келиб чиқиб, ундан фойдали фойдаланиш муддати давомида тенг улушлар билан ҳисобланади. Амортизация ажратмалари суммаси унинг бошланғич қиймати ва фойдали хизмат муддатига қараб аниқланади. Амортизация муддати тугагач, эскириш ҳисобланмайди.

Автомобилимизнинг йиллик амортизацияси суммаси:

139 961 900,8 / 8 = 17 495 237,6 сўмни ташкил этади.

Ҳисобот йили давомида унга доир амортизация ажратмалари ҳар ойда йиллик сумманинг 1/12 қисми ҳажмида ҳисобланади. Уларнинг ойлик суммаси 1 457 936,47 сўмни (17 495 237,6 / 12) ташкил этади.

Корхона раҳбариятининг хизмат мақсадлари учун фойдаланиладиган автомобилнинг ойлик амортизация ажратмалари суммаси 9420-«Маъмурий харажатлар» ҳисобварағи дебетига киритилади. Бухгалтерия ҳисобида у 0260-«Транспорт воситаларининг эскириши» ҳисобварағи кредити бўйича акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма (минг сўм)

 

21-сон БҲМС бўйича ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Маъмурий мақсадда фойдаланиладиган автомобиль бўйича ойлик эскириш ҳисобланди

 

1 457,93647

 

9420

 

0260

 

 

 

Мунтазам баҳоланг

Барча хўжалик юритувчи субъектлар мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар ҳар йили 1 январь ҳолатига кўра асосий воситаларни қайта баҳолайдилар (ВМнинг 31.12.2001 йилдаги 490-сон Қарори 12-банди). Бироқ 2014 йил 1 январдан кичик бизнес субъектлари уни ҳар йили эмас, 3 йилда 1 марта ўтказишлари мумкин (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорининг 6-банди). Индекс усулини қўллаганда улар навбатдаги қайта баҳолашни охирги қайта баҳолашдан кейин барча ўтган йилларда асосий фондлар қиймати ўзгариши индексларини ҳисобга олган ҳолда ўтказишлари керак.

1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни ҳар йили қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 1192-сон Низом) мувофиқ, транспорт воситаларини қайта баҳолаш олдинги қайта баҳолаш натижасида олинган объектларнинг дастлабки (тикланиш) қийматидан, йил давомида келиб тушган транспорт воситалари бўйича эса – ҳисобга олиш қийматидан (дастлабки қийматдан) амалга оширилади.

Транспортни қайта баҳолашда индекс усули ёки тўғри чизиқли қайта баҳолаш усули қўлланиши мумкин. Биринчи ҳолатда АВ турлари ва уларни харид қилиш даврлари бўйича табақалаштириладиган қайта баҳолаш индекслари қўлланади. Индекслар Давстатқўм томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда ҳар йили 31 декабргача ОАВда чоп этиш йўли билан корхоналар эътиборига етказилади*.

Қайта баҳолаш усули ҳам корхонанинг ҳисоб сиёсатида кўрсатилиши шарт. Бунда бир турдаги асосий фондлар объектлари (русумлари, турлари ва бошқалар) бўйича ягона усул қўлланади.

Объектларнинг бошланғич (тиклаш) қиймати билан бир вақтда жамланган эскириш суммаси ҳам қайта ҳисобланади: индекс усулида – асосий фондлар қиймати ўзгаришининг тегишли индексларига, тўғри чизиқли қайта ҳисоблаш усулида эса – қайта баҳолашдан кейинги тиклаш қийматининг қайта баҳолашгача бўлган қийматга нисбати билан ҳисобланадиган қайта ҳисоблаш коэффициентига. Кейинчалик амортизация қайта баҳоланган қийматдан ҳисобланади (5-сон БҲМСнинг 26-банди).

 

МИСОЛ. ЯСТ тўловчи кичик корхонанинг ҳисоб сиёсатида транспорт воситалари индекс усули билан қайта баҳоланиши белгиланган. АВнинг олдинги қайта баҳоланиши 1.01.2013 йил ҳолатига кўра ўтказилган. Корхона 2014, 2015 ва 2016 йилларнинг 1 январь ҳолатига кўра қайта баҳолаш индексларини ҳисобга олган ҳолда 1.01.2016 йилги ҳолатга кўра АВни қайта баҳоламоқда.

Корхона автомобилни 2015 йил IV чорагида харид қилгани сабабли уни қайта баҳолашда фақат 1.01.2016 йилдаги 1,109 га тенг бўлган қайта баҳолаш индекси қўлланади.

Қайта баҳолаш натижасида автомобилнинг тиклаш қиймати (1,109 коэффициенти бўйича) 155 217 747,99 сўмни (139 961 900,8 х 1,109), қўшимча баҳолаш суммаси – 15 255 847,19 сўмни (155 217 747,99 – 139 961 900,8) ташкил этади.

Ноябрь–декабрь учун автомобилнинг жамланган эскириш суммаси 2 915 872,94 сўмни (1 457 936,47 х 2), қайта баҳолашни ҳисобга олганда эса – 3 233 703,09 сўмни (2 915 872,94 х 1,109), эскиришни қўшимча баҳолаш – 317 830,15 сўмни (3 233 703,09 – 2 915 872,94) ташкил этди.

Автомобиль қийматидаги ҳамда қайта баҳолашгача ва ундан кейинги эскиришдаги фарқ – 14 938 017,04 сўм (15 255 847,19 – 317 830,15) корхонанинг захира капиталини оширади.

5-сон БҲМСга мувофиқ, автотранспорт воситаси баланс қийматининг унинг тиклаш қийматигача оширилиши 0160-«Транспорт воситалари» ҳисобварағи дебети бўйича 0260-«Транспорт воситаларининг эскириши» ҳисобварағи ва 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағи кредити билан корреспонденцияда акс эттирилади.

Автомобилни қайта баҳолаш бўйича операциянинг акс эттирилиши қуйидаги бухгалтерия ёзувлари билан расмийлаштирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма
(минг сўм)

 

21-сон БҲМС бўйича ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Автомобилни қўшимча баҳолаш акс эттирилди

 

317 830,15

14 938 017,04

0160

 

0260

8510

 

 

Мол-мулк солиғи ундирилмайди

Солиқ кодексининг 265-моддасига мувофиқ, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган юридик шахслар мол-мулк солиғи тўловчилари ҳисобланмайди.

Бундан келиб чиқишича, корхона ЯСТ тўловчиси ҳисоблангани боис харид қилинган автомобиль бўйича мол-мулк солиғини тўламайди.

 

Арслонбек АБДУРАИМОВ, «Norma Ekspert» мутахассиси.

 

_______________________________________________

*2016 йил 1 январь ҳолати бўйича қайта баҳолаш индекслари «Норма маслаҳатчи» газетасининг 5.01.2016 йилдаги 1-сонида чоп этилган.

Прочитано: 2559 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика