Корхонанинг фаолият тури – умумий овқатланиш (кафе). Мижоз бу ерда 80 киши учун базм ўтказмоқчи. Олдиндан тузилган менюга кўра базм 20 млн сўмга тушади, бунда хизмат кўрсатилиши санасидан 10 кун аввал олдиндан 100% ҳақ тўланиши лозим. Ҳисоб-китоб мижоз – жисмоний шахснинг пластик карточкаси воситасида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўлаш ва базмни ўтказиш саналари турли ойларга тўғри келади. Ҳар қайси тараф базмдан уни ўтказишдан камида 5 кун олдин бош тортиши мумкинлиги ҳам келишилган. Ушбу ҳолда пул мижозга тўлов топшириқномаси орқали қайтарилади.
Кафе билан жисмоний шахс ўртасида базм ўтказишга шартнома тузиш шартми? У билан боғлиқ операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби қандай бўлади? ЯСТ ҳисоб-китоби чоғида базм ўтказилиши қандай ҳисобот даврида акс эттирилади?
Р.Валеева,
МЧЖ бош бухгалтери.
– «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон) 8-моддасига мувофиқ, тузилган заҳоти бажариладиган шартнома, қоида тариқасида, оғзаки шаклда тузилади (қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно). Тузилган вақтдан бошқа пайтда (масалан, олдиндан бериладиган буюртмалар бўйича) бажариладиган шартнома ёзма шаклда тузилади. Сизнинг базмингиз келгусида, яъни олдиндан бериладиган буюртма бўйича ўтказилиши ва бунда ҳақ тўлаш усули, олдиндан тўланадиган ҳақ миқдори ва муддати қайд этилиши, шунингдек иккала тарафнинг хизмат кўрсатиш (олиш)дан бош тортиши шартлари назарда тутилганлиги сабабли ёзма тарзда шартнома тузиш мақсадга мувофиқдир.
Бухгалтерия ҳисобида базм ўтказишга доир мижоз билан ўзаро ҳисоб-китоблар қуйидагича акс эттирилади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Мижоздан тўлов терминали воситасида олдиндан ҳақ (бўнак) олинди
|
5710-«Йўлдаги пул маблағ
|
6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»
|
Маблағлар корхонанинг ҳисобварағига қайд этилди
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
5710-«Йўлдаги пул маблағ (ўтказма)лари»
|
Тайёр маҳсулотни реализация қилишдан даромад акс эттирилди
|
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
|
9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»
|
Илгари олинган бўнак суммаси қайд этилди
|
6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»
|
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»
|
Тарафлардан бири базм ўтказилишидан бош тортган тақдирда унга тўланган бўнак суммасининг мижозга қайтарилиши акс эттирилди
|
6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Умумий овқатланиш корхоналари учун солиқ солиш мақсадида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум деб товар обороти тушунилади (Кодекснинг 355-моддаси).
Товар обороти – муайян давр ичида савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида товарларни сотишдан олинган (олиниши лозим бўлган), пулда ифодаланган маблағлар (Кодекснинг 22-моддаси). Бунда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) учун олдиндан ҳақ тўлаш (бўнак) тариқасида бошқа шахслардан олинган маблағлар солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди (Кодекснинг 355-моддаси 4-қисми 4-банди).
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) 13-моддасида белгиланишича, бухгалтерия ҳисоби стандартларига мувофиқ, даромадлар ва харажатлар, тўланган вақти ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, қайси даврга тааллуқли бўлса, ўша ҳисобот даврида акс эттирилади. Сизнинг вазиятда ЯСТ ҳисоб-китоби чоғида реализация қилишдан олинган тушум амалда базм ўтказилган ойда акс эттирилади, чунки олдиндан келиб тушган ҳақ солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди.
Ирина АХМЕТОВА,
«Norma Online» эксперти.