МЧЖ муассисларидан бири унинг таркибидан чиқиб кетяпти. Бунда у устав фондини тўлдириш учун киритган бинонинг қийматини ҳам олиб кетмоқда. Бинони қайта баҳолашдан кейинги қолдиқ қиймати муассиснинг устав фондига киритган улушидан ошиб кетяпти.
Мазкур фарқни олинган даромадлар сифатида кўрсатиш керакми? Уни харажатларга ҳисобдан чиқариш мумкинми? МЧЖда асосий воситалар қолдиқ қийматидан паст нархда сотилганда қандай солиқлар тўланади?
Муассисга унинг улушини бинони унга ўтказиш йўли билан тўлаш бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади? АВни қолдиқ қийматидан паст нархда беришда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Н.Цой,
МЧЖ бош бухгалтери.
Кетаётганда ўзингизга тегишлисини олиб кетинг
«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 22-моддасига мувофиқ МЧЖ чиқиб кетаётган муассисга унинг улушининг охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки унинг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт.
Улушнинг ҳақиқий қиймати жамият соф активларининг қиймати билан унинг устав фонди (устав капитали) миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўланади. Агар бундай фарқ етарли бўлмаса, жамият ўзининг устав фондини (устав капиталини) етишмаётган суммага камайтириши шарт.
Соф активларнинг қиймати 14-сон БҲМС «Хусусий капитал тўғрисида ҳисобот»га (АВ томонидан 7.04.2004 йилда 1335-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ аниқланади. Соф активлар деганда хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари билан таъминланган узоқ муддатли ва жорий активларнинг қиймати, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг қарз мажбуриятларидан озод бўлган мол-мулк қиймати тушунилади. Шу тариқа, соф активлар барча узоқ муддатли ва жорий активларни мажбуриятларни чегирган ҳолда ўз ичига олади (баланс активининг 400-сатридан баланс пассивининг 770-сатри айирилади*).
Чиқиб кетаётган муассис улушининг қиймати соф активлар қийматини иштирокчининг (муассис)нинг корхона устав капиталидаги улушига (фоизларда) кўпайтириш орқали аниқланади. Айнан ушбу сумма (ёки сизнинг ҳолатингизда ушбу суммадаги активлар) чиқиб кетаётган муассисга тўланиши керак. Агар улушнинг ҳақиқий қиймати дастлабки қўйилмадан ошиб кетадиган бўлса, ортиқча сумма солиқ солиш мақсадида дивидендларга (Солиқ кодексининг 22-моддаси) тенглаштирилади ва тегишинча, унга тўлов манбаида 10%лик ставка бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 165-моддаси 2-қисми, 184-моддаси 2-қисмининг 3-банди).
Соф активлар ва устав капитали ўртасидаги фарқ иштирокчига тўланиши лозим бўлган улуш қийматидан кам бўлган тақдирда, жамият ўз устав капиталини етишмаётган суммага камайтириши шарт, ана шундан кейингина у улушнинг ҳақиқий қийматини тўлаши мумкин бўлади.
Муассиснинг ҳақиқий улуши тўланадиган мол-мулкнинг пул қийматидаги баҳоси МЧЖ иштирокчилари томонидан белгиланади. У бинонинг баланс қийматига мос келмаслиги мумкин.
АВнинг чиқиб кетишидан олинадиган даромадни ҳисоб-китоб қилиш ва акс эттириш тартиби Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомда (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Сизнинг ҳолатингизда асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар) иштирокчилар томонидан белгиланган бинонинг қиймати ва, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда (агар корхона ҚҚС тўловчиси бўлса), чиқиб кетаётган АВларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги, резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳолаш суммаларининг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади.
Бухгалтерия ҳисоби сатрида муассиснинг чиқиб кетишини қайд этинг...
Мазкур операция бухгалтерия ҳисобида қуйидагича акс эттирилади:
а) муассисдан унинг улуши ҳақиқий қиймати миқдоридаги қарзларнинг акс эттирилиши:
8630-«Ўз устав капиталидаги сотиб олинган улуш» ҳисобварағининг дебети
6620-«Чиқиб кетаётган муассислардан уларнинг улуши бўйича қарзлар» ҳисобварағи дебети – чиқиб кетаётган иштирокчилардан уларнинг улуши бўйича қарзи суммасига;
8700-«Тақсимланмаган фойда» ҳисобварағи дебети
6620-«Чиқиб кетаётган муассислардан уларнинг улуши бўйича қарзлар» ҳисобварағи кредити – ҳақиқий қийматнинг номинал қийматдан ортиқча суммасига;
б) асосий воситаларнинг баҳолаш қиймати бўйича ўтказилиши:
6620-«Чиқиб кетаётган муассислардан уларнинг улуши бўйича қарзлар ҳисобварағи дебети;
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи – муассислар томонидан тасдиқланган бино қиймати суммасига;
в) қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаб ёзилганда:
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи дебети;
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзлар (турлари бўйича)» ҳисобварағи кредити;
г) асосий воситаларнинг дастлабки қийматини ҳисобдан чиқарганда:
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи дебети;
0100-«Асосий воситаларни ҳисобга олиш ҳисобварағи кредити;
д) асосий воситаларнинг жамланган эскиришини ҳисобдан чиқаришда:
0200-«Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи ҳисобварақ дебети;
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи кредити;
е) резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларнинг ушбу объектини қайта баҳолаш натижалари суммасига (сальдога):
8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» ҳисобварағи дебети;
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи кредити;
ж) асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган фойда суммасига:
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи дебети;
9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган фойда» ҳисобварағи кредити;
з) асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан кўрилган зарар суммасига:
9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағи дебети;
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи кредити.
Агар жамият чиқиб кетаётган муассиснинг улушини сотмасдан, устав капиталини камайтиришга қарор қиладиган бўлса, у ҳолда устав фондини камайтириш бўйича проводкалар қуйидагича бўлади:
8330-«Пай ва улушлар» ҳисобварағи дебети
8630-«Ўз устав капиталидаги сотиб олинган улуш».
...ва солиқларни тўланг
Солиқ кодексининг 132-моддасига биноан асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан даромадлар бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган бошқа даромадлар таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 133-моддаси).
Ягона солиқ тўловини тўловчиларда асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган фойдага асосий фаолият тури ставкаси бўйича солиқ солинади (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Умумбелгиланган солиқларни тўловчиларда у фойда солиғи солинадиган жами даромад таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 129-моддаси). Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан кўрилган зарарлар, агар корхона бинодан 3 йилдан кам бўлмаган муддат фойдаланган бўлса, фойда солиғи солинадиган базадан чегириб ташланади (Солиқ кодексининг 145, 147-моддалари).
Лилия ХИСМАТОВА,
«Norma Online» эксперти.
*«Бухгалтерия ҳисоби» – 1-сон шакл (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган).