Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 09 / Тадбиркорлик

Аралашишга ҳақли эмаслар

 

ёки давлат улуши тадбиркорнинг эркинлигини чекламайди

 

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (янги таҳрирда) 34-«Тадбиркорлик фаолиятига аралашмаслик кафолатлари» моддасини тушунтириб, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш нималарда кўриниши мумкинлигини очиб берсангиз.

Тадбиркорлик субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг аралашишга ҳақли эмаслигини белгилайдиган меъёр устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларга ҳам тааллуқлими?

Газетхон.

 

– Ҳақиқатан ҳам «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (бундан кейин – Қонун)1 34-моддаси биринчи қисмида назарда тутилишича, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК)да назарда тутилган қуйидаги ҳуқуқбузарликларда ифодаланиши мумкин:

хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, яъни назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан тадбиркорлик субъектининг мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, унинг хусусий мулкига тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдор сифатида унга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан, мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, оз миқдордаги талон-торож аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда (241-1-модда);

тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш (241-2-модда);

тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш (241-3-модда);

назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан тадбиркорлик субъектларини пул маблағлари ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш (241-4-модда);

қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни талаб қилиб олиш (241-8-модда);

тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни, шунингдек ўзга ҳужжатларни, шу жумладан, банк ҳисобварағини очишда ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олиш, худди шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олиш ­(241-10-модда);

олиб қўйилаётган ер участкасидаги тадбиркорлик субъектларига тегишли биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни зарарнинг ўрнини мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлаш (241-11-модда);

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил мобайнида тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўналтирилган худди шундай ҳаракатларни (МЖТКнинг ­241-10 ва 241-11-моддаларида назарда тутилган ҳаракатлардан ташқари) содир этган шахслар Жиноят кодекси (ЖК)нинг 192-1–192-4, 192-8-моддалари бўйича жавобгарликка тортилиши керак. Бунда шуни эътиборда тутиш лозимки, Олий суд Пленуми айрим тушунтиришларининг маъносидан келиб чиқишича, айбдор шахснинг ҳаракатларида квалификацияловчи аломатлар (кўп ёки жуда кўп зарар етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ва (ёки) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб қилмиш  содир этиш) мавжуд бўлганда ЖКнинг 192-1–191-3-моддалари бўйича жавобгарлик унга нисбатан муқаддам маъмурий жазо қўлланган-қўлланмаганлигидан қатъи назар белгиланади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш бошқа ҳаракатларда ҳам ифодаланиши мумкин, масалан:

тадбиркорлик субъектлари томонидан битимлар тузиш, фойдани тақсимлаш, ижроия органи раҳбарини ва унинг аъзоларини сайлаш (тайинлаш) масалалари бўйича ҳамда кўрсатилган субъектларнинг бошқарув органлари ваколатига тааллуқли бўлган бошқа масалалар бўйича давлат (шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш) органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек улар мансабдор шахслари томонидан қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

уларнинг мустақиллигини бошқача тарзда чеклаш;

тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўз ваколатлари доирасида тадбиркорлик таваккалчилиги шароитларида қабул қилинган, зарар кўрилишига олиб келган қарорлар учун уларнинг бошқарув органлари аъзоларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш.

Олий суд Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленуми кўрсатмалари маъносига кўра судлар жараён иштирокчиси бўлмиш тадбиркорлик субъектларига айбдордан улар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш (масалан, товар-моддий бойликларни олиб қўйиш, мулк ҳуқуқини бошқача тарзда бузиш, ишлаб чиқаришни ёки бошқача фаолиятни тўхтатиб қўйиш ва ҳоказо) натижасида юзага келган барча зарарларни, шу жумладан бой берилган фойда, шунингдек маънавий зарарни2 ундиришни тушунтиришлари керак.

Тадбиркорлик фаолиятига аралашмаслик кафолати тенг даражада тижорат банклари, деҳқон ва фермер хўжаликлари сингари тадбиркорлик субъектларига ҳам тааллуқлидир. Давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг тижорат банкларининг филиаллари раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиши, банк маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиши тақиқланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг эса банклар кредит портфели ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш юзасидан банклар фаолиятига аралашиши тақиқланади (Қонуннинг 34-моддаси тўртинчи қисми).

Худди ўша органлар (ташкилотлар) ва уларнинг мансабдор шахслари деҳқон ва фермер хўжаликларининг агротехника усулларини, етиштириладиган маҳсулот турини танлашига, бу маҳсулотнинг баҳосини ҳамда реализация қилиш йўналишини белгилашига аралашишга ҳақли эмас, давлат эҳтиёжлари учун мўлжалланган харидлар бундан мустасно (Қонуннинг 34-моддаси бешинчи қисми).

Энди худди шу меъёр (давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашиш ҳуқуқи йўқлиги) устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этилиши ёки этилмаслиги масаласига келсак.

Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисмида белгиланганидек, тадбиркорлик субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.

Устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар хўжалик жамиятлари ва (ёки) ширкатлари, шунингдек унитар корхоналар (хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона ва оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси) тарзида барпо этилиши ва фаолият юритиши мумкин3 (Фуқаролик кодексининг 69-моддаси иккинчи қисми ва 14.06.1991 йилдаги «Кооперация тўғрисида»ги 295-XII-сон Қонун айрим қоидалари маъносига кўра давлат ишлаб чиқариш кооперативи фаолиятида аъзолик асосида иштирок этишга йўл қўйилади). Саналган тижорат ташкилотлари, сўзсиз, тадбиркорлик субъектлари ҳисобланадилар. Бундан хулосамиз: устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар юридик шахсларга тааллуқли қисмда юқорида келтирилган тадбиркорлик субъектларининг меъёрий тушунчасига мувофиқ келади.

Бунинг маъноси шуки, устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларга давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳуқуқи йўқлигини белгилайдиган меъёр тўлалигича татбиқ этилади.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Online» эксперти.

 


125.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.

2Мазкур мақола контекстидан келиб чиқадиган ҳолларда маънавий зарарни компенсациялаш ҳуқуқига юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахслар эгадир.

3Амалиётда устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар кўпинча давлат унитар корхоналари, акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамиятлар сингари ташкилий-ҳуқуқий шаклларда барпо этилади ва фаолият юритади.

Прочитано: 2767 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика