Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 09 / Долзарб мавзу

Ким имтиёзлар олади?

 

Мамлакатимиз акциядорлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларга доир газетамизда бир нечта материал чоп этилди*. Бугунги материал муаллифлари акциядорларни қизиқтираётган яна бир масалани ўртага ташлашди.

 

 

КИМ ИМТИЁЗЛАР ОЛАДИ?

 

Кейинги вақтда Президентнинг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон) билан берилган солиқ имтиёзлари субъектларини аниқлаш мутахассислар ўртасида катта мунозарани туғдирди.

Унинг 4-бандига кўра Президентнинг 11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон Фармони билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга хорижий инвестор томонидан киритилган инвестициялар ҳажмига қараб юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш бўйича берилган имтиёзлар табақалаштирилган тарзда хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15 фоизидан 33 фоизигача миқдорни ташкил этадиган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилган. Бироқ ушбу имтиёзни қўллаш тўғрисида икки хил нуқтаи назар вужудга келди.

 

Биринчи нуқтаи назар

 

Президентнинг ПҚ-2454-сон Қарорида назарда тутилган солиқ имтиёзлари устав капиталида хорижий инвесторнинг улуши 15 фоиздан 33 фоизгачани ташкил этадиган, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини истисно қилган ҳолда, республиканинг барча шаҳарлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган ва Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар учун бериладиган имтиёзлар жорий этиладиган иқтисодиёт тармоқлари Рўйхатга (ПФ-3594-сон Фармон билан тасдиқланган) кирадиган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилади.

Унинг тарафдорлари ўз позицияларини ПФ-3594-сон Фармон тақдим этган имтиёзлар илгари хорижий инвесторнинг улуши устав фондининг 33%идан ошадиган хорижий инвестицияли корхоналарга татбиқ этилганлиги билан асослайдилар. ПҚ-2454-сон Қарор уларни хорижий инвесторнинг улуши устав фондининг 15%идан ошадиган акциядорлик жамиятларига татбиқ этган. Бироқ имтиёзлар беришнинг қолган шартлари аввалгидек қолган. Яъни:

корхоналар тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этиши керак;

хорижий инвестициялар эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида бўлиши керак;

корхоналар исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда бўлиши мумкин;

имтиёзлар тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажмига боғлиқ ҳолда табақалаштирилган тарзда берилади;

корхоналар республиканинг барча шаҳарлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашиши керак, бундан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти мустасно ва бошқа шартлар.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Norma Online» иқтисодчи экспертлар гуруҳининг раҳбари:

– Фикримча, устав капиталларида 15% ва ундан кўп хорижий капиталга эга бўлган акциядорлик жамиятлари учун имтиёзни қўлласак, унинг амал қилиш доирасига ҲАММА АЖлар киради. Зеро, ПҚ-2454-сон Қарорга кўра АЖ устав капиталида хорижий инвесторнинг улуши барча АЖда камида 15%ни ташкил этиши керак. Ушбу талабни эса 2016 йил 1 июлгача бажариш керак. Шу сабабли, ўйлашимча, бюджетнинг ҲАММА АЖлар солиқларидан воз кечиши мушкул бўлади.

ПҚ-2454-сон Қарорнинг 4-бандини турлича талқин қилиш мумкин. Бироқ АЖларни солиқларсиз, фақат 15 фоизлик чегарага риоя этган ҳолда ишланглар деб умидвор қилиш, фикримча, тўғри эмас.

 

Иккинчи нуқтаи назар

 

ПҚ-2454-сон Қарорда кўрсатилган имтиёзлар хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15 фоизидан 33 фоизигача миқдорни ташкил этадиган истисносиз барча акциядорлик жамиятларига татбиқ этилади.

Унинг тарафдорларининг уқтиришича, ПҚ-2454-сон Қарорда қуйидагилар ­ПФ-3594-сон Фармон билан назарда тутилган имтиёзлар тақдим этишнинг мажбурий шартлари деб кўрсатилади:

корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли – акциядорлик жамияти;

хорижий инвесторнинг устав фондидаги улуши – устав фондининг камида 15%и;

имтиёзлар, ПФ-3594-сон Фармон билан назарда тутилганидек, хорижий инвесторнинг АЖ устав фондидаги ҳиссаси суммасига боғлиқ ҳолда табақалаштирилган тарзда тақдим этилиши керак. ПҚ-2454-сон Қарорда бошқа талаблар йўқ. Бинобарин, ПФ-3594-сон Фармоннинг акциядорлик жамиятларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқарида жойлашган иқтисодиёт тармоқлари рўйхатига кириши ва устав фондига ҳисса тарзидаги инвестициялардан ташқари қўшимча инвестицияларни жалб этишнинг мажбурийлиги бобидаги талаблари акциядорлик жамиятларига татбиқ этилмайди.

Мақола муаллифлари иккинчи нуқтаи назарни тўғри деб ҳисоблашга мойиллар. Уларнинг фикри меъёрий ҳужжатларни телеологик талқин этишга* асосланган. ­Яъни ПҚ-2454-сон Қарорнинг бош мақсади унинг муқаддимасида акс этган: акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторлар ва менежерларни кенг жалб этиш, корпоратив бошқарувда уларнинг фаол иштирок этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек акциядорлик жамиятларининг устав капиталларида давлат активлари ва улушларини қисқартириш ҳисобидан иқтисодиётда давлат иштирокини тубдан камайтириш.

ПФ-3594-сон Фармон мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш... республиканинг ортиқча ишчи кучи мавжуд бўлган минтақаларида янги иш жойларини яратиш дастурларини амалга оширишга тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шунингдек хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва кафолатларни таъминлашни ўзининг асосий мақсади қилиб қўяди. Фармонда эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида, тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларни жалб этадиган корхоналарга имтиёзлар берилди. Бунда эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускунани устав капиталини шакллантириш мақсадида киритиш шарт қилиб қўйилмади. Инвестициялар қайтариш асосида киритилиши ва устав фондининг 33%идан кўпроқ хорижий инвестор улушига эга бўлган корхоналар томонидан жалб этилиши мумкин (масалан, инвестицион мажбуриятлар тарзидаги инвестициялар, ВМнинг 6.10.2014 йилдаги 279-сон Қарорига 2-илованинг 93-бандига биноан).

Кўрганимиздек, ушбу меъё­рий-ҳуқуқий ҳужжатлар олдига қўйилган мақсадлар бир-биридан жиддий тарзда фарқ қилади.

Мамлакат Президентининг кейинги вақтда қабул қилинган кўп қарорлари у ёки бу даражада хорижий инвестицияларни, шу жумладан акцияларнинг давлат пакетларини сотиш ҳисобига ва раҳбарлик лавозимларига юқори малакали хорижий менежерларни жалб этиш масалаларига тегишли бўлди. Қолаверса, Солиқ кодексига хорижий ходимларнинг акциядорлик жамиятларининг бошқарув ходимлари таркибидаги фаолиятдан олган даромадларини солиқдан, АЖнинг ўзини эса ушбу ҳақ тўлаш фондидан ЯИТни тўлашдан озод қиладиган ўзгартишлар киритилди. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда, бундан кейин – АЖ тўғрисидаги Қонун) хорижий менежерларнинг ижроия органи раҳбарини танлов асосида саралаб олишда иштирок этиш ҳуқуқи билан тўлдирилди.

ПҚ-2454-сон Қарор билан Ҳукуматга АЖ тўғрисидаги Қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклиф тайёрлаш топширилган.

Буларнинг ҳаммаси, фикримизча, ПҚ-2454-сон Қарорнинг мақсади АЖга хорижий капитални жалб этиш ва акциядорлик жамиятининг квалификацияловчи белгисини – унинг устав фондида хорижий инвесторнинг камида 15%лик улуши бўлишини – қонун йўли билан мустаҳкамлаш эканлигини тасдиқлайди.

 

Абдураҳмон БАХТИЕВ,

«Norma Online» эксперти:

ПҚ-2454-сон Қарорнинг 4-банди икки хил талқин билан ўқилади деб ҳисобламайман. Ҳаммаси жуда равшан ва аниқ ёзилган (қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан олганда). ПҚ-2454-сон Қарорда кўрсатилган имтиёзлар хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15 фоиздан 33%игачани ташкил этадиган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилади.

Кўриб чиқилаётган ҳужжатларда имтиёзларнинг турли субъектлари кўрсатилган: ПФ-3594-сон Фармонда – хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар (АЖ, МЧЖ, ХК ва ҳоказо), ПҚ-2454-сон Қарорда – фақат АЖлар. Тегишинча, турли субъектлар учун турлича қоидалар белгиланган.

 

Яна бир муҳим жиҳат

 

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади.

ПҚ-2454-сон Қарорнинг 4-банди ПФ-3594-сон Фармони билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга хорижий инвестор томонидан киритилган инвестициялар ҳажмига қараб берилган имтиёзларни хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15 фоизидан 33%игача миқдорни ташкил этадиган акциядорлик жамиятларига татбиқ этиш мажбуриятини юклайди. Бунда бутун Фармоннинг амал қилишини эмас, Фармоннинг айрим бандларини ҳам эмас, балки айни имтиёзларни – кенг талқинсиз – ягона шарт билан – ушбу имтиёзларни табақалаштирилган тарзда тақдим этишни назарда тутади.

 

Хотима ўрнида

 

Агар ҳақиқатан ҳам ПҚ-2554-сон Қарор талабларининг ижросини, хусусан, имтиёзларни қўллаш механизмини ўз ичига оладиган меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилса, унда мақолада кўриб чиқилган икки хил тушуниладиган қоидалар аниқ таърифланиши керак. Шунингдек унда бошқа жиҳатларни ҳам ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ кўринади.

Чунончи, ҳозирда фаолият юритаётган акциядорлик жамиятлари учун имтиёзлар амал қилишининг бошланиш муддатини белгилаш лозим. Бугунги кунда АЖда хорижий инвесторнинг пайдо бўлиши ва жамиятнинг хорижий капитал иштирокидаги корхона мақомини олиши, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонадан фарқли равишда, ҳеч қаерда рўйхатдан ўтказилмайди. Шу боис, фикримизча, имтиёзларнинг амал қилиш муддатини хорижий инвесторни АЖ акциядорлари реестрига киритиш санасидан бошлаб ҳисоблаш тўғри бўлади, деб ўйлаймиз.

«Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг (30.04.1998 йилдаги 609-I-сон) 3 ва 4-моддалари чет эллик инвесторлар томонидан тадбиркорлик фаолияти объектларига қўшиладиган барча турдаги моддий ва номоддий бойликлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар чет эл инвестициялари деб эътироф этилади. Уларга кўра дастлабки ёки такроран хорижий инвестициялар амалга ошириладиган шаклларнинг ўзгариши улар мақомини ўзгартирмайди. Шу боис Ўзбекистонда хорижий инвестициялардан олинган даромад ҳисобига акциялар хариди, шу жумладан республика миллий валютасида харид қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигини қатъий тарзда кўрсатиш лозим.

Шунингдек устав фондида хорижий инвесторнинг улуши камида 15% бўлган масъулияти чекланган жамият, агар у АЖга ўзгартирилган бўлса, имтиёзлар олувчиси бўлишга ҳақли эканлигини кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.

Ва, ниҳоят, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтказилганлиги оқибатида, бундай АЖлар барча АЖнинг 40%дан кўпини ташкил этади, ПФ-3594-сон Фармондаги имтиёзлардан фойдаланмаган ва (ёки) иқтисодиёт тармоқлари рўйхатига кирмайдиган акциядорлик жамиятлари имтиёз олиш ҳуқуқига эгами ёки йўқми?

Мақола муаллифлари фақат имтиёзларни қўллаш механизмининг юридик асосланган далил-исботларига риоя этилган тақдирдагина ПҚ-2454-сон Қарор ўртага қўйган мақсадларга эришилади деб ҳисоблайдилар.

 

Александр ЦОЙ,

«Aleksta Yure» АФ адвокати.

Бахтиёр АМЗАЕВ,

«Универсал Депозит» МЧЖ инвестиция маслаҳатчиси.

 

Таҳририятдан. Ушбу мавзунинг долзарблигини ҳисобга олиб, экспертларимиз ИДХЯП орқали Молия вазирлигига тегишли сўров юбордилар. Жавоб олинганидан кейин давлат органларининг акциядорлик жамиятлари томонидан имтиёзларни қўллаш масаласи бўйича расмий нуқтаи назари «СБХ»да чоп этилади.

 

 


*Телеологик талқин этиш – қонун чиқарувчи ўз олдига қўйган мақсадни аниқлаштиришга йўналтирилган талқин.

*Қаралсин:«Стандартга мувофиқ эмас. Нима бўлади?» («СБХ», 16.02.2016 йилдаги 7-сон), «АЖни ўзгартириш: қайси шакл мақбул?» («СБХ»нинг ушбу 7-сонида), «Камида иккига бўлиниш керак» («СБХ», 23.02.2016 йилдаги 8-сон).

Прочитано: 2757 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика