Norma.uz
Норма маслахатчи / 2016 йил / № 06 / Жиноятга жазо муқаррар

Ҳай-ҳай, газ билан ҳазиллашиб бўлмайди-я

 

Кундалик рўзғор ва халқ хўжалигида газ ишлатиш бошланибдики, у ёки бу муаммолар чиқиб туради. Бу муаммоларку ўз ечимини топиши тайин, ишқилиб фириб аралашмаса бас. Навоий минтақа газ бозорида бензин илгариги мавқеини бой бериб қўйганига ҳам анча бўлиб қолди. Автоёқилғи қуйиш шохобчаларининг аксарияти эндиликда фақат газ ёқилғисини ҳавола этишаётир. Олдинда эса, умуман янги давр бошланмоқда. Дурагай (ёқилғи/электр) ва электр билан ишлайдиган двигателлар ички ёниш двигателларини «нафақага чиқарадиган» кўринади. Экспертларнинг чамалашларига қараганда 2040 йилга бориб, курраи заминимиздаги ҳар тўртта автотранспорт воситасидан учтаси таъминоти электр ҳисобидан бўлади. Шу маънода автоёқилғи қуйиш шохобчаларининг истиқболи ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин.

 

Бугунги воқеликка қайтиб шуни таъкидлаш жоизки, ёқилғи-мойлаш материалларининг чакана савдоси эндиликда жозибадор ва анчагина барқарор бизнесга айланиб улгурди. Мамлакатимизда автомобиллар сони муттасил ортиб бормоқда, бу эса ўз навбатида ёқилғига барқарор талаб-эҳтиёжни таъминлайди. Айни чоғда, солиқ идораларининг савдо қоидалари ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини бузувчилар ҳақидаги маълумотномаларида вақти-вақти билан автоёқилғи қуйиш шохобчалари номи кўриниб қолади. Бунда касса чеклари бермаслик, ҳақни пластик карточка ёрдамида олишдан бўйин товлаш, нақд пул тушумини яшириш ва банкка топширмаслик асосий қусур саналади.

Баъзан майда қилмиш ортидан ҳайҳотдай ҳуқуқбузарликлар чиқиб келади. «Газ тўлдириш»* МЧЖда шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Улар газга бўлган талаб-эҳтиёжнинг ортиб бориш тамойилини олдиндан сезиб, минтақада биринчилар қатори ўз шохобчаларида автотранспорт воситаларини газ билан тўлдириш (таъминлаш) тизимини жорий этдилар. Корхона директори А.Фозилов* ҳамма-ҳаммасини ақл билан қилди. Замонавий, сертификатланган ускуна сотиб олди, «Ўзстандарт» агентлигининг минтақавий бўлинмасидан мутахассисларни жалб этди. Мутахассислар текшириш ва ўлчаш билан боғлиқ ишларини бажаргач, ўрнатилган ускунага тегишли сертификатларни бердилар. 2008 йилнинг охирларида газ таъминоти ташкилоти билан дастлабки шартнома имзоланди.

Энди бизнес баралла ривожланиб борадигандай эди. Автоёқилғи қуйиш шохобчаси автомобиль эгалари фойдаланиши мумкин бўлган хизматлар рўйхатини кенгайтиришидан умид қилиш ҳам мумкин эди. Аммо Фозилов деганларимизга нима жин урди – ҳар қалай қитмир, фириб йўлини афзал билди. Жўяли, истиқболли бизнес лойиҳаларини ўйлаш ўрнига шубҳали ғоялар фикрини банд этди-қўйди: газдан имкон қадар кўпроқ олса-ю, унга камроқ ҳақ тўласа. – Шундай хаёллар гирдобидан чиқа олмади. Бундай бадниятга фақат бир йўл билан, яъни газни ўғирлаш, ёқилғи етказиб берувчини алдаш билан эришиш мумкин эди. Тафсилотларига берилиб кетмай шуни таъкидлаш ўринлики, бу йўналишдаги қинғирлик келиб тушган газни ҳисобга олиш асбоблари ишига аралашув воситасида амалга оширилди. Фириб йўлига ўтиб олган директор газ етказиб берувчини қарийб икки йил чув тушириб юрди.

Афтидан, Фозилов ўзига ортиқча бино қўйиб, жазосиз қолишига ишониб юборган кўринади. Балки, газ таъминотчилари қинғир ишдан шубҳаланиб автоёқилғи қуйиш шохобчасига ёқилғи етказиб беришнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлашга ҳаракат қилишлари мумкинлигини ё инобатга олмаган, ёки беписанд қарагандир. Газ таъминоти ташкилоти кўмак сўраб «Ўзстандарт» мутахассисларига мурожаат этди, улар ташкилотнинг хавотири асосли эканлигини тасдиқлаб, ўлчагич асбобга нисбатан найранг қилинганлиги ҳолатини аниқлаб бердилар. Шундан кейин махсус услубият ёрдамида АЁҚШ директорининг найранглари қиймати аниқланди. Маълум бўлишича, у газ таъминотчиларидан оз эмас, кўп эмас, қарийб 300 млн сўмлик ёқилғини ўмарган экан.

А.Фозиловга нисбатан Жиноят кодексининг «Ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан ўғирлик» деб номланган 167-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди (мазкур модда бўйича жазонинг энг кўп муддати ўн йилга озодликдан маҳрум этишдир).

Гап ўғирликлар ҳақида борганда, прокуратура органлари қонунга хилоф қилмишлари фош этилган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини жиноят ишлари доирасида текширишга солиқчиларни жалб этадилар. Ана шунда ҳуқуқ ҳимоячиларининг ички туйғуси, одатда, панд бермайди, чунки бунақа ишларда бир жиноят кўпинча бошқасини эргаштириб олади. Сўз юритилаётган ҳолатда солиқ текшируви «Газ тўлдириш» МЧЖ 260 млн сўмлик солиқни кам тўлаганлиги аниқланди. Гап шундаки, автотранспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси, газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ қиймати сотилаётган ёқилғи қийматига қўшилган бўлиб, солиқ тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларимизга мувофиқ солиқни, гарчи автомобиль эгалари тўласалар-да, солиқ тўловларини бюджетга ўтказиш масъуллиги автоёқилғи қуйиш шохобчалари соҳиби бўлган корхоналар зиммасидадир. Фозилов аввалига бу солиқни жисмоний шахслар, яъни автомобиль эгалари тўлашини биламан-у, юридик шахсларнинг бу борадаги мажбуриятидан ҳаргиз хабарим йўқ деб туриб олди. Бироқ баҳонаси ўтмади. Корхона бухгалтери берган кўрсатмадан маълум бўлдики, у директорнинг буйруғига кўра солиқ тўланмаганлигини яшириш учун бухгалтерия ҳужжатлари ва ҳисоботларни қалбакилаштиришга мажбур бўлган. Шу зайил Жиноят кодексининг «Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш» деб номланган 184-моддаси бўйича А.Фозиловнинг бўйнига яна бир айблов қўйилди (бу модда бўйича жазонинг энг кўп муддати 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишдир). Суд мажлиси мобайнида жиноят иши материаллари, гувоҳларнинг ҳамда «Ўзстандарт» агентлиги экспертлари ва Навоий вилоят ДСБ мутахассислари кўрсатувлари асосида айбланувчи А.Фозиловнинг айби исботланди. У ўз айбига тўла иқрор бўлди ва қилмишидан пушаймон эканлигини билдирди. Суд унга жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 59-моддасига амал қилиб, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаганлигини, етказилган зарарни тўла ҳажмда қоплаганлигини эътиборга олди. Суднинг ҳал қилув қарори билан уни 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди, иш ҳақидан 20%и давлат даромадига ушлаб қолинадиган бўлди, моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда шуғулланиш ҳуқуқидан икки йилга маҳрум этилди.

 

Амир МАҲМУДОВ,

мухбиримиз,

Навоий шаҳри.

 


*Корхонанинг номи ва директорнинг фамилияси ўзгартириб берилмоқда. Ҳар қандай ўхшашликлар тасодифийдир.

Прочитано: 2189 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика