Norma.uz

Пенсионерлар вазирлик ҳимоясида

 

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида Вазирликнинг 2015 йилда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, иш билан таъминлаш ва меҳнат муҳофазаси борасида амалга оширган ишлари тўғрисида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

Анжуманда бошқа масалалар қатори Вазирлик томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берилди. Вазирликнинг Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирлари мониторинги ва таҳлили бошқармаси бошлиғи Баҳодир Шарапов 2015 йилда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан 16,8 минг нафардан зиёд ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар рўйхатга олиниб, улардан 4,2 минг нафардан зиёди Президентнинг «Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоялаш юзасидан қўшимча тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (27.05.1991 йилдаги ПФ-212-сон) асосан рўйхатга олинган, улар ҳар ой бепул 9 турдаги маҳсулотлар билан, 2015 йил 1 сентябрдан эса Вазирлар Маҳкамасининг «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига (10.08.2015 йилдаги 237-сон) асосан 15 турдаги маҳсулотлар билан таъминланмоқда. Ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлардан 15,7 минг нафари уйида ижтимоий хизмат кўрсатишга муҳтож деб топилиб, уларга 2 минг нафардан зиёд ижтимоий ходимлар, шунингдек, Қизил Ярим ой жамиятининг меҳр-шафқат ҳамширалари бириктирилиб, уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш билан тўлиқ қамраб олинган.

1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015 йилда аҳоли бу қатламининг 11 804 нафари санаторияларда соғломлаштирилди.

Ногиронларни реабилитация техник воситалари билан таъминлаш мақсадида 2 912 нафар имконияти чекланган фуқаролар ногиронлар аравачаси, 1 060 нафари эшитиш мосламаси, 1 801 нафари ҳасса ва 1 342 нафари қўлтиқтаёқ (жами 7 115 дона восита) билан таъминланди.

Анжуманда Вазирлик Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғи Ботир Шаҳриёров 2015 йил мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди. Жумладан 2015 йил давомида инспекция ходимлари томонидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан тасдиқланган режа асосида давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда, ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик доирасида жами 5,8 мингдан ортиқ текширувлар ўтказилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича иш берувчиларга нисбатан 590 дан ортиқ бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган, 515 нафардан ортиқ мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларнинг 4 мингга яқин ариза ва шикоятлари кўриб чиқилган, жумладан, иш ҳақини ўз вақтида тўламаслик бўйича 1 134 та, ноқонуний равишда меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласида 679 та, квота ва бўш иш ўринлари тўғрисида тегишли ахборотларни тақдим этмаган ҳолатлар бўйича 1 450 та, бўш иш ўринларини яширишга доир 1 295 та мурожаатлар кўриб чиқилиб, иш берувчи-мансабдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўллаш орқали 2 200 нафарга яқин фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 1 700 дан ортиқ ишчиларга 10,5 млрд сўм иш ҳақи тўлаб берилган.

_________________________________

 

www.mehnat.uz сайтидан олинган материал асосида тайёрланди.

 

 

Маълумот учун!

2015 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар 21,9 фоизга, аҳоли жон бошига жами реал даромадлар эса 9,6 фоизга ошди.

2016 йилда фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий таъминотни ўз ичига олувчи ижтимоий соҳага Давлат бюджети жами харажатларининг 59,1 фоизи ажратилади.

 

 

Камида 7 йил иш стажи тақозо этиладиган кўринади

 

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари концепцияси қабул қилинганлиги муносабати билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Унда пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга пенсия тайинлашда камида етти йил иш стажи бўлиши назарда тутилмоқда.

 

Мазкур ҳужжат Молия вазирлиги томонидан тайёрланган бўлиб, Иқтисодиёт, Адлия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, шунингдек Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан келишиб олинган.

– Пенсия тайинланиши учун етарлича иш стажига (эркаклар учун – 25 йил, аёллар учун – 20 йил) эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсия тайинлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси билан тартибга солинади, – деди лойиҳани шарҳлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Қаҳрамон Эргашев. – Мазкур нормага биноан ёшга доир пенсия иш стажи тўлиқ бўлмаса-да, камида 5 йил стажи мавжуд бўлган тақдирда бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади. Амалдаги тартибга кўра (Қонун 37-моддаси 1-қисмининг «а», «б», «в» ва «г» бандлари) етарлича иш стажига эга бўлинмаса, ёшга доир пенсиялар меҳнат фаолиятининг қуйидаги даврлари:

а) фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;

б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;

в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) якка тартибдаги меҳнат фаолияти, шу жумладан якка (гуруҳли) ижара шароитидаги ёки шахсий ёрдамчи, деҳқон (фермер) хўжалигидаги фаолият, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда, иш стажига қўшиб ҳисобланади.

– Талаб қилинадиган иш стажининг камида 7 йил этиб белгиланиши таклифини муҳокамага киритишда лойиҳани ишлаб чиқувчилар бу соҳадаги халқаро стандартларга ва чет эл давлатларининг тажрибасига асосландилар, – деб суҳбатдошимизнинг фикрини тўлдирди Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Полянте Свешников. – Халқаро меҳнат ташкилотининг ижтимоий таъминотнинг минимал нормалари тўғрисидаги конвенциясида ёшга доир пенсия тайинлашда талаб этиладиган энг кам стаж 15 йил деб белгиланган. Жаҳондаги кўпгина мамлакатларда бундай стаж 10–15 йилни ташкил этади. Масалан, АҚШда, Корея Республикаси, Беларусь, Чехия ва Латвияда талаб этиладиган бундай стаж 10 йилни, Испания, Эстония, Литва, Молдова ва Украинада 15 йилни, Италияда эса 18 йилни ташкил этади. Россияда ҳар йили босқичма-босқич 1 йилга ошириб бориб, 2024 йилда 15 йилга етказиш мўлжалланмоқда.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши:

иш стажини пенсия билан мутаносиб мувофиқлаштириш, мамлакатимиз бўйича пенсиянинг ўртача миқдорини ошириш, фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқларини шакллантиришдан манфаатдорлигини таъминлаш;

Пенсия жамғармаси даромадларини ошириш ва харажатларини тақрибан 41 млрд сўмга камайтириш имконини беради.

_________________________________

Суҳбатни Маъруф Усмонов

ёзиб олди.

 

 

Расмий жавоб

 

Ишга қабул қилиб

 

Афғонистондаги жанговар ҳаракатларнинг иштирокчиси бўлган, ишлаётган фуқароларга пенсия 100% тўланиши тартиби сақлаб қолинганми?

А.Резниченко.

Тошкент ш.

 

– Президентнинг «Ишловчи пенсионерларга тўланадиган пенсиялар ҳақида»ги Фармонига (20.11.1995 йилдаги ПФ-1289-сон) мувофиқ, ишлайдиган 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва иштирокчиларига ҳамда уларга тенглаштирилган шахсларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

Ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда ўз байналмилал бурчларини адо этган, тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида иштирок этган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органларининг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслар уруш қатнашчиларига тенглаштириладилар (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга 1-илова).

Тегишинча, агар пенсионерлар юқорида айтилган шахслар тоифасига тааллуқли бўлсалар*, ишга кирган ҳолда улар пенсияни тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эгалар.

Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра, ташкилот раҳбарлари пенсионер ишга қабул қилинганлигини (фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилганлигини), пенсионернинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимига ҳамда пенсия тайинлаган мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларига, МХХ ва ДБҚга 5 кунлик муддатда хабар беришлари ва ишга қабул қилинганлик тўғрисида буйруқ кўчирмасини (фуқаролик-ҳуқуқий шартноманинг нусхасини) тақдим этишлари шарт.

Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 53-моддасига кўра, ишлаб турган пенсионерларга пенсиялар уларнинг иш жойида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.

 

 

Ариза топшириш пайтида

 

Пенсияни расмийлаштириш учун ҳужжатларни йиғиш пайтида иш ҳақи тўғрисида архив маълумотномаси берилган сана аҳамиятга эгами? Масалан, маълумотномалар пенсияга чиқиш олдидан йил давомида йиғиб борилган. Ўтган йил санаси қўйилган маълумотнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши мумкинлиги боис янги нусхасини олиш керакми?

О.Назарова.

 

– Пенсияни расмийлаштириш учун архив маълумотномаси пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берилган пайтда амал қиладиган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома намуналарига мувофиқ келиши керак (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга 12 ва 13-иловалар).

Нима бўлганда ҳам иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар (архивники) уларнинг берилиши асослилиги хусусида текширилиши мумкин («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси 7-қисми).

Бунда ҳужжат муддатининг ўтганлигига алоҳида талаб мавжуд эмас. Асосийси, архив маълумотномалари улар расмийлаштирилишига асос бўлган бирламчи ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак.

 

Зафаржон Хўжаев,
ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассиси.

________________________________________________

*Таҳр. Имтиёзли тоифага тааллуқлилик байналмилалчи жангчиларга бериладиган имтиёз олиш ҳуқуқи ҳақидаги гувоҳнома билан тасдиқланади.

 

 

Жойлашган жойга қараб

 

Пенсия ва нафақаларни тўлаш санасини ўзгартирса бўладими? Ушбу масалада кимга мурожаат қилиш зарур – Пенсия жамғармаси бўлимигами ёки почта бўлимига?

А.Комлева.

Тошкент ш.

 

– «O`ZBEKISTON POCНTASI» АЖнинг почта алоқасининг минтақавий (вилоят) ташкилотлари ва почта алоқаси объектлари орқали пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 28.09.2012 йилда 2394-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ, пенсиялар ва нафақалар етказиб бериш участкаларининг жойлашган жойларини ҳисобга олган ҳолда, тасдиқланган жадвалда белгиланган етказиб бериш (топшириш) даври кунларида етказиб берилади (топширилади).

Етказиб бериш участкаларининг жойлашган жойлари ўзгарганда, почта алоқасининг минтақавий ташкилотлари ёки почта алоқаси объектлари (почтамтлар, почта алоқаси боғламалари) ушбу ҳолат ҳақидаги маълумотларни Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига ёзма равишда тақдим этадилар. Пенсия жамғармасининг бўлими кўрсатилган маълумотлар келган кундан бошлаб 2 ойдан кечиктирмасдан, амалдаги жойлашган жойлар ва қайдномаларга тегишли ўзгартиришларни киритади.

Юқорида кўрсатилганлардан жойлашган жойга ўзгартиришлар (тўлаш санаси) почта бўлимлари томонидан киритилиши кераклиги маълум бўлади. Уларнинг ёзма тақдимномасига кўра Пенсия жамғармаси бўлимлари амалдаги жойлашган жойга тегишли ўзгартиришлар киритадилар.

 

 

Пенсияга чиқишда шошилманг

 

Пенсия ёшига етгунга қадар Пенсия жамғармаси бўлимига кўришлари учун ҳужжатларни қанча муддат олдин топшириш керак? Мен 2 ойдан кейин 54 ёшга тўламан. Ҳужжатларимни қабул қилишни рад этишлари мумкинми?

К.Тарасова.

 

– Фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси). Яъни пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза билан фақат 54 ёшга тўлганингиздан кейин, 20 йиллик иш стажи бўлгандагина мурожаат қилишингиз лозим.

 

 

Бўнаксиз

 

Мен даволаниш учун 2 ойга хорижга чиқмоқчиман. Жўнаш олдидан ушбу давр учун менга тегишли пенсияни олсам бўладими?

Равиль К.

 

– Пенсия жорий ой учун тўланади. Қонун ҳужжатларида уни олдиндан тўлаш назарда тутилмаган, бундан Ўзбекистондан ташқаридаги доимий яшаш жойига кўчиш ҳоллари мустасно (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатлардан ташқари). Доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетишгача тайинланган пенсия Ўзбекистон Республикаси ташқарисига жўнаб кетишдан 6 ой аввал Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида тўланади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 177-банди, бундан кейин – 252-сон Низом).

 

 

Кўчиб кетаётганлар учун ҳужжатлар

 

Мен пенсионерман, Россия Федерациясидаги доимий яшаш жойига кўчиб кетаяпман. Марҳамат қилиб, пенсия ҳужжатларини олиш тартибини тушунтириб берсангиз.

А.Немиров.

Тошкент ш.

 

– Пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ҳамда пенсия ҳужжатларининг шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 17.11.2011 йилда 2282-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 50-бандига кўра, Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатнашчилари бўлган давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги битим (Москва, 13.03.1992 йил) қатнашчилари бўлган давлатларга ва ижтимоий таъминот (пенсия таъминоти) тўғрисидаги икки томонлама шартномалар қатнашчилари бўлган давлатларга доимий яшаш учун жўнаб кетаётган пенсионернинг пенсия йиғмажилди, агар аҳдлашаётган давлатлар томонидан ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, аввал ксеронусхаси олиниб, пенсионер (ишончли вакил)нинг аризасига асосан шахсан қўлига берилиши ёки пенсионернинг янги яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармаси бўлими сўровига асосан почта орқали жўнатилиши мумкин.

Бунда аттестат, илова хат, пенсия йиғмажилди олинганлиги тўғрисидаги далолатнома ва тилхат нусхаси пенсия йиғмажилди ксеронусхасига тикилади ва Ўзбекистон Пенсия жамғармаси бўлими архивига сақлаш учун топширилади.

Пенсионернинг давлат олдида у томонидан содир этилган суиистеъмолликлар (атайлаб нотўғри маълумотлар билан ҳужжатлар тақдим этилиши, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилмаслиги) натижасида пенсиялар суммасининг ортиқча тўланиши бўйича қарздорлиги мавжуд бўлганда пенсия йиғмажилди етказилган зарар тўлиқ қоплангандан сўнг берилади.

252-сон Низомнинг 177-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган Ўзбекистон ташқарисидаги давлатга доимий яшаш учун кетилган кунгача тайинланган пенсия турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўланади.

Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун кетаётган шахсларга пенсияни тўлаш унинг аризаси ва «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги бўлган шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида тўхтатилиши мумкин.

 

Абдурашид Исмоилов,

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳри бошқармасининг пенсия ва
нафақалар тайинланишини таҳлил ҳамда мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.

 

 

Экспертдан сўранг

 

Қандай шартнома асосида ишлаган маъқул?

 

Ишлайдиган пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом янги норма билан тўлдирилди, унга кўра 2014 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишлаётган ва ёшга доир пенсиянинг қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдоридан кам даромад (гонорар, мукофот ва ҳоказо) олаётган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади. Бу ҳолда қандай шартномалар тузиш мумкин?

К.Велиева,

КБ инспектори.

 

– Меҳнат шартномаси билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ўртасидаги фарқлар принципиал тусга эга, чунки улар бўйича муносабатлар турли ҳуқуқ соҳалари билан тартибга солинади. Чунончи, меҳнат шартномаси бўйича муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича эса – фуқаролик ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади. Пенсионер бутун пенсияни олиш ҳуқуқини сақлаб қолиши учун у билан қуйидаги шартномаларни тузиш мумкин:

пудрат шартномаси, унга кўра пудратчи буюртмачининг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини шартномада белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодексининг ­631-моддаси);

ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси, унга кўра ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш, яъни муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш мажбуриятини олади. Масалан, алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат бериш, ахборот хизматлари, таълим бериш хизмати ва бошқалар. Буюртмачи эса унга кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг ­703-моддаси);

топшириқ шартномаси, унга кўра бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади. Топшириқ берувчи эса ишончли вакилга қонун ҳужжатларида ёки топшириқ шартномасида назарда тутилган ҳақ тўлаши шарт (ФКнинг 817-моддаси);

муаллифлик шартномаси, унга кўра муаллиф шартнома шартларига мувофиқ асар яратиш ва уни белгиланган муддатда фойдаланувчига топшириш, буюртмачи (фойдаланувчи) эса ўз навбатида ҳақ тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 1067-моддаси).

Пенсионер билан бундай шартномалар тузаётганда унга белгиланган ҳақ ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан ошмаслиги кераклигини унутмаслик керак. 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ҳозиргача у 254 730 сўмни ташкил қилади (Президентнинг 26.08.2015 йилдаги ПФ-4751-сон Фармони).

_______________________________

Елена Ермохина,

«Norma Online» эксперти.

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Кексалар учун йўлланма

 

Қайси пенсионер ва ногиронлар санаторийга бепул йўлланмалар олиш ҳуқуқига эгалар? Ундан қандай қилиб тез-тез фойдаланиш мумкин?

А.Низомиддинов.

Тошкент ш.

 

– Ногиронлар ва кексаларни бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби тўғрисида йўриқномага (АВ томонидан 27.04.2012 йилда 2356-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимидаги санаторийларга бепул санатория йўлланмаларини олиш ҳуқуқига фуқароларнинг қуйидаги тоифалари эгалар:

уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар*;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинлари (бева эрлари);

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек ушбу ҳалокат сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;

I ва II гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахслар;

ёлғиз кексалар;

ёшга доир пенсионерлар.

Бепул йўлланмаларни бериш даврийлигига келсак, ҳар йили:

уруш ногиронларига тенглаштирилган шахслар;

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;

ёлғиз кексалар санаторийларда саломатликларини тиклай оладилар.

Йўлланмаларни бериш даврийлиги навбат асосида 2 йилда 1 маротаба:

уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинларига (бева эрларига);

I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга берилиши мумкин.

Ёшга доир пенсионерлар санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, навбат асосида 3 йилда 1 маротаба ушбу ҳуқуқдан фойдалана оладилар.

 

*Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига кимлар тенглаштирилганлиги ҳақида «Норма маслаҳатчи»нинг 24.11.2015 йилдаги 47 (540) ва 29.12.2015 йилдаги 52 (545)-сонларида ўқинг.

 

 

Маълумот учун!

Пенсия тайинлаш тўғрисида мурожаат қилганда ПАСПОРТ (яшаш гувоҳномаси) олишни унутманг.

Агар пенсия паспортга эга бўлмаган вояга етмаганлар учун расмийлаштириладиган бўлса, ТУҒИЛГАНЛИК ТЎҒРИСИДА ГУВОҲНОМА тақдим этилади.

 

 

Иш ҳақи ва пенсия

 

Отам – II гуруҳ ногирони, лекин ишлаяпти. Тез орада ёшга доир пенсияга чиқмоқчи. У ишлашда давом этишни хоҳлаяпти. Унга пенсия қандай тўланади – тўлиқми ёки ишловчи пенсионер сифатида 50%ми?

Л.Хусейнов.

Чирчиқ ш.

 

– Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 30.04.2011 йилда 2222-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 2222-сон Низом) кўра, қуйидаги тоифадаги фуқароларга пенсия тўлиқ миқдорда (100%) тўланади:

а) уруш ногиронлари ва қатнашчиларига, шунингдек уларга тенглаштирилган шахсларга1;

б) Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт орқасида ишлаган шахсларга;

в) I ва II гуруҳ ногиронларига;

г) Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқароларга2;

д) фуқаролар йиғинлари ва маҳаллаларнинг раисларига;

е) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия бўйича маслаҳатчи лавозимларида ишловчи пенсионер аёлларга – ёшга доир пенсияни олганда.

2014 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тусидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг энг кам миқдоридан паст даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

Қолган барча ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50%и тўланади.

 

1Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган) 1 ва 2-иловаларида белгиланган.

2Чернобиль ҳалокати оқибатида зиён кўрган фуқаролар доираси Олий Кенгаш Раёсати ва Вазирлар Маҳкамасининг 6.04.1992 йилдаги 170-сон Қарорига илованинг I бўлимида белгиланган.

 

 

Билиб қўйган яхши

 

Имтиёзли пенсия олишга кимлар ҳақли

 

Қонун ҳужжатларида бир қатор касб эгалари учун ёшидан қатъи назар, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи назарда тутилган («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси). Мазкур ҳуқуқдан қуйидаги ходимлар фойдаланишлари мумкин:

а) кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимлар-башарти, улар ана шу ишларда камида 20 йил ишлаган бўлсалар (ВМнинг 12.05.1994 йилдаги 250-сон Қарори билан тасдиқланган 1-сон Рўйхатнинг I қисми);

б) бевосита ер ости ва очиқ кон ишларида (шу жумладан, кон-қутқарув қисмларининг шахсий таркиби) кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда, шахталар ва конлар қурилишида тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар, башарти улар ана шу ишларда камида 25 йил ишлаган бўлсалар (1-сон Рўйхатнинг II қисми);

в) учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар, улар хизмат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар, белгиланган хизмат муддатини ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар камида 20 йил адо этганлари тақдирда (1-сон Рўйхатнинг III қисми). Қайд этиб ўтилган ходимлар саломатлигига (касаллигига) кўра учиш ишларидан бўшатилган тақдирда, белгиланган хизмат муддатини эркаклар камида 20 йил ва аёллар камида 15 йил адо этган бўлсалар, пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўладилар;

г) театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари артистларининг айрим тоифалари:

ижодий иш стажи камида 20 йил бўлганда (1-сон Рўйхатнинг IV қисми);

ижодий иш стажи камида 25 йил бўлганда (1-сон Рўйхатнинг V қисми);

ижодий иш стажи камида 30 йил бўлганда (1-сон Рўйхатнинг VI қисми);

д) спортчиларнинг айрим тоифалари иш стажи камида 20 йил бўлганда (1-сон Рўйхатнинг VII қисми).

 

 

Маълумот учун!

I гуруҳ ногиронини, шунингдек 80 ёшга тўлган қарияларни парваришлаш вақти тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда, пенсия тайинланаётганда парвариш қилган кишининг ИШ СТАЖИГА ҚЎШИЛАДИ.

 

 

 

Сўнгсўз ўрнида

 

Ўзингизни синаб кўринг

 

1. Ўзбекистонда яшовчи чет эл фуқаролари пенсия олиш ҳуқуқига эгами?

а   Ҳа, шундай ҳуқуққа эга. Пенсия унинг Ўзбекистондаги иш стажи камида 5 йил бўлган тақдирда тайинланади.

б   Йўқ, бундай ҳуқуққа эга эмас. Чет эл фуқаросига нафақа тўланади.

в   Юртимизда доимий асосда яшаб келаётган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатимиз фуқаролари билан тенг равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга.

 

2. Ёши улуғ эр-хотин пенсионерлар етим бўлиб қолган невараси учун пенсия олиш ҳуқуқига эгами?

а   Йўқ, бундай ҳуқуққа эга эмас, негаки уларнинг ўзи пенсионердир.

б   Ҳа, улар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олишга ҳақли. Аммо энг аввало улар боланинг қонуний вакиллари деб топилмоғи лозим. Бунинг учун улардан бири болага бўлган васийлик ёки ҳомийликни расмийлаштирмоғи керак.

в   Етим болаларга давлат нафақаси тўланади.

 

3. Пенсия тайинлашда дивидендлар ҳисобга олинадими?

а   Ташкилотнинг устав капиталида (устав фондида) иштирок этиш билан боғлиқ равишда олинган дивидендлар, фоизлар ҳамда соф фойда тақсимоти кўринишидаги даромадлар пенсия миқдорини белгилашда ҳисобга олинмайди.

б   Уларнинг суммасидан Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган бўлса, пенсия тайинлашда ҳисобга олинади.

в   Ташкилотнинг устав капиталида (устав фондида) иштирок этиш билан боғлиқ равишда олинган дивидендлар, фоизлар ҳамда соф фойда тақсимоти кўринишидаги даромадлар иш ҳақи таркибига киритилади ва пенсия миқдорини белгилашда ҳисобга олинади.

 

4. Талаб этиладиган стаждан ортиқча ишланган йиллар пенсия тайинлашда ҳисобга олинадими?

а   Йўқ, ҳисобга олинмайди.

б   Тўлиқ пенсия тайинлаш учун талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун пенсиянинг базавий (таянч) миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизига оширилади.

в   Талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир йили учун 6 ойдан қўшилади. Тегишинча, пенсия миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5 фоизига ошади.

 

5. Ишлаб турган пенсионер пенсияга чиқишга қарор қилган бўлса, 2 ҳафта ишлаб бериши зарурми?

а   Ҳа, меҳнат шартномасига мувофиқ шундай қилиши керак.

б   Мабодо ишлаб турган пенсионер келишувда назарда тутилган неустойкани тўлайдиган бўлса, шарт эмас.

в   Ишни давом эттиришнинг имкони йўқлигига пенсияга чиқиш сабаб бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим сўраган муддатда бекор қилмоғи даркор.

 

6. Пенсия олиш ҳуқуқига эришмай туриб ШЖБПҲдан пул олиш мумкинми?

а   Фуқаролар ШЖБПҲда жамғарилиб тўпланган маблағларни йил мобайнида 1 марта талаб қилишлари мумкин.

б   Фуқаро ШЖБПҲдан маблағларни пенсия олиш учун зарур меҳнат стажи (эркаклар учун – 25 йил, аёллар учун – 20 йил) бўлган тақдирда олишлари мумкин.

в   Давлат пенсия таъминотини олиш ҳуқуқи юзага келиб, жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома, пенсия расмийлаштирилганидан кейин эса, пенсия гувоҳномаси тақдим этилган тақдирдагина олиш мумкин.

 

Тўғри жавоблар: 1в, 2б, 3а, 4б, 5в, 6в.

 

Натижалар

Ҳар бир тўғри жавоб учун – 1 балл.

 

Тўплаган натижангиз:

6 балл бўлса – жуда яхши кўрсаткич. Сиз пенсия таъминоти масалаларида чакки эмас экансиз.

3–5 балл бўлса – сиз, шак-шубҳасиз, қонун ҳужжатларининг айрим нормаларидан хабардорсиз. Ўз билим даражангизни ҳамиша оширишингиз мумкин, бунда Сизга «Норма маслаҳатчи» ёрдам беради.

3 ва ундан камроқ балл бўлса – жилла кўп нарса билмас экансиз. Ҳечқиси йўқ, нашрларимизни мунтазам ўқиб боринг, шунда ҳуқуқий билимларингиз талаб даражасига етади.

 

Диққат! Ана шу қабилдаги саволларга муфассал жавоблар «Норма маслаҳатчи»нинг 2015 йил 21 апрелдаги 16-сон, 19 майдаги 20-сон, 21 июлдаги 29-30-сон, 24 ноябрдаги 47-сон ва 29 декабрдаги 52-сонида эълон қилинган.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 4903 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика