Меҳнат шартномасида иш берувчи ходимнинг тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этиши шартлиги назарда тутилган. Унга ким ҳақ тўлаши керак: ходимми ёки корхона?
Р.Абдусаломова,
кадрлар бўйича инспектор.
* * *
Ишга жойлашаётганимда корхона тиббий кўрикдан ўтишим ҳақини тўлади. Иш ҳақи олаётганимда мендан унинг қиймати розилигимсиз ушлаб қолинганлигини билдим. Бухгалтернинг ушбу ҳаракатлари қанчалик қонуний?
С.Зимарева,
бичувчи-тикувчи.
– Биринчидан, Меҳнат кодексининг 214-моддасига кўра, иш берувчи барча ходимларнинг эмас, балки уларнинг баъзи тоифаларини тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт. Улар жумласига қуйидагилар киради: 18 ёшга тўлмаганлар; 60 ёшга тўлган эркаклар, 55 ёшга тўлган аёллар; ногиронлар; меҳнат шароити ноқулай ишларда, тунги ишларда банд бўлганлар; озиқ-овқат саноатида, савдо ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқлардаги ишларда банд бўлганлар.
Ходимларнинг меҳнатидан уларнинг соғлиғи ҳолатига тўғри келмайдиган ишларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Агар ходим ўз соғлиғининг ҳолати меҳнат шароити билан боғлиқ ҳолда ёмонлашган деб ҳисобласа, у навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказишни талаб қилишга ҳақлидир.
Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар. Уларнинг ўтказилиши учун корхона ҳақ тўлаши керак. Иш берувчи томонидан иш ҳақидан корхонанинг тиббий кўрикни ўтказиш харажатлари ушлаб қолиниши ноқонунийдир.
Ахтам ХИКМАТОВ,
адвокат.