Пойтахтимизнинг Ҳамид Олимжон майдонидаги тўртта 18 қаватли уй остида жойлашган ерости коллектори ниҳоят коммунал хизматлар тимсолида эгасини топди. Кўп қаватли уйлар ёқалаб ўтган, узунлиги 140 метрли улкан туннелда ана шу осмонўпар уйларга бориб туташувчи ҳамма муҳандислик коммуникациялари, хусусан иссиқ ва совуқ сув таъминоти қувурлари, юқори вольтли кабеллар, телефон тармоқлари жойлашган. Уйларга иссиқ сув ва иссиқлик таъминотини етказиб берувчи «Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонасининг насос станцияси ҳам шу ерга туташган. Муттасил назорат этиб турилиши жоиз бўлган ана шу объект 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида лозим даражадаги техник хизмат кўрсатиш ва назоратдан четда қолиб келганлиги қизиқ. Негаки, у ҳеч бир коммунал хизмат балансида эмасди. Оқибат натижада қувурлар бир ҳолатга тушди, авариялар, сув ва иссиқлик етказиб беришда муаммолар урчиди, уйда яшайдиган одамлар хавфсизлигига таҳдид юзага келди. Ана шундай хўжасизлик шароитида ўмариб кетиш мумкин бўлган ҳамма нарса, шу жумладан 4 та насос электр двигатели, 2 та вентиляция ускунаси электр двигатели ва талайгина майда-чуйда нарсалар гум қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 21 октябрдаги 908-сон қарори билан коллектордаги иссиқ ва совуқ сув таъминоти қувурлари фойдаланиш учун маҳсулот етказиб берувчиларга, ерости иншоотининг ўзи эса шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги муҳандислик коллекторлари бошқармасига берилди. «Баланд Бино Коммунал» ХУМШ ижрочи директори Нозим Каримов эътиборни ана шу муаммога тортиб, унинг ечим топишига сабабчи бўлди. Унинг фаол фуқаролик позицияси, куч-ғайрати, принципиаллиги, мураккаб масалаларни ҳал этишни ярим йўлда қолдириб кетмаслик лаёқати сингари ибратомуз фазилатлари шарофати билан шунга эришилди. Бу воқеа кўп қаватли уйда яшайдиганларнинг чидам ва матонати, манфаатлари устунлиги йиллар мобайнида ечимини кутиб ётган, барча аллақачон қўлини ювиб қўлтиғига урган муаммони ўрнидан қўзғатишга қодир эканлиги нуқтаи назаридан ибрат, ўрнак бўлиши мумкин.
ҚУВУРЛАР КИМНИКИ?
Ҳаммаси Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси қошидаги «Лойиҳалаш, экспертиза ва баҳолаш» шуъба корхонасида кўп йиллар мобайнида ишлаган қурувчи Нозим Каримов «Баланд Бино Коммунал» ширкатига техник ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчи бўлиб келганидан бошланди.
– Одамлар иссиқ сув, иссиқлик таъминотида тез-тез узилишлар бўлишидан шикоят қилишарди, – дейди у. – Сабабларини аниқлаш, излашга тушдим. Уйларимиз остида нималар борлигини бир кўриб қўяй дедим. Коллекторга тушдим-у, ҳайратдан ёқа ушладим: ҳаммаёқда ахлат, каламушлар изғиб юрар эди... Иссиқ ва совуқ сув таъминоти қувурларидан сув сизиб ётарди, кўп қисми занглаган, илвираб қолган жойлари ҳам оз эмасди. Амал-тақал ямоқ-ясқоқ қилинган, сув сизмаслиги чорасини кўришган. Қувурнинг уйга кириб борадиган қисмида сув оқиб ётар, пойдеворни ювиб емираётган эди. Ташқарига чиқарилган иккита вентиляция туйнуги бетонлаб беркитиб ташланган, оқибатда намлик ортиб бориб қувурларни путурдан кеткиза бошлаган. Сал нарида юқори вольтли кабель ўтган бўлиб, сизиб чиқаётган сувлар авария таҳдидини «нақд» қилиб қўйган эди.
Авария содир бўлди ҳам. 2012 йили сув сизиб ўтиши оқибатида юқори вольтли кабелда қисқа муддатли туташув рўй бериб ёнғин чиқди. Одамлар авария хизматига қўнғироқ қилиб фожеани бартараф этдилар. Бироқ бу йўсиндаги хўжасизлик шароитида бунақа ҳодиса такрорланиши шундоққина таҳдид соларди.
Учта кўп қаватли уйлардаги иссиқ сув қатор йиллар мобайнида талабларга жавоб бермай келарди, – деб сўзида давом этди ижрочи директор. – Мавсумлар оралиғида унинг ҳарорати нормативдаги 50–75 даража ўрнига 35 даражани ташкил этарди. Бойлер қурилмалардан иккитаси ишламаётганлиги боис сув талаб даражасида исимасди.
Шу йилнинг май ойида коллекторда совуқ сув таъминоти қувури ёрилиб кетди. Октябрда ҳам шундай ҳол содир бўлди. Насосхона ўшанда ярим метр баландликда сувга тўлди. Авария хизматидан ёрдам чақириб тошқин сувни бартараф этдик. Аммо масалани тубдан ҳал этмаса бўлмас, қувурларни ямаш эмас, алмаштириш керак эди. Сув сизиб чиқаётган жойларни ўз ҳисобимиздан жорий таъмирлаб «ямаб» қўйдик. Аслида эса, бошқалар қилиши жоиз бўлган ишни бажардик, гарчи юридик жиҳатдан бу маҳсулот етказиб берувчилар жавобгарлигидаги зона бўлса ҳам, ХУМШ аъзоларининг маблағларини ишлатдик. Маҳсулот етказиб берувчилар арз-додимизга қулоқ солишларига эришишнинг иложи бўлмагач, шундай қилишга мажбур бўлдик-да! Бошқача қилиб айтганда, муаммоларни ўзимиз ҳал этишга ҳаракат қилдик.
Баъзи қўни-қўшнилар коллектор Нозим учун ўз уйидан ҳам қадрлироқ бўлса керак деб ҳазил қилишади. Уй хўжалигининг техник ҳолатига мутасадди бўлгач, ерости коммуникациялари ишини бир дақиқа бўлса ҳам кўздан қочирмаслиги керак. Бу ташвишларнинг таҳдид ва таҳликалари ҳам борлиги-чи?! Бир сафар оз бўлмаса авариядан жабр кўрай деди. Хўжалигини айланиб юрганида орт томонда портлашга ўхшаш шовқин эшитилди: сув таъминотининг занглаб кетган қувури шарт ёрилган экан: сув фонтан бўлиб отила бошлади. Нозим чопиб аранг кўчага олиб чиқувчи вентиляция йўлига етиб олди ва ёрдам чақира бошлади. Иссиқ сув буғларидан бутун уст-боши жиққа ҳўл бўлганди. Ўшанда октябрь ойи эканлиги эътиборга олинса, унинг қай аҳволга тушганлигини кўз олдига келтириш мумкин. Уйга тааллуқли муаммоларни ҳал этиш йўлида ўзини аямаслиги охир-оқибат одамларнинг унга бўлган ҳурмат-эътиборини оширди.
ҒИШТ ҚОЛИПДАН КЎЧДИ
Коммунал соҳадагилар турфа йўллар билан ўзларини қувурлар жавобгарлигидан ҳоли этишга ҳаракат қилишарди. Топиб олган гаплари муҳандислик тармоқлари уларнинг балансида эмасмиш, бинобарин бу тармоқларнинг таъмироти ва истеъфодаси билан шуғуллана олмайдилар. Тўғри, катта авариялар содир бўлганда, улар келиб фавқулодда ҳодисани бартараф этишар эди. Аслида авариянинг олдини олиш кейинчалик унинг оқибатларини бартараф этишга нисбатан енгилроқдир. Муаммонинг кескинлиги ва аҳамиятини коммунал хизматлар, шаҳар маъмурлари олдига асосли тарзда қўйиш, айтилганларни текширув ва кўздан кечирув далолатномалари, фотоматериаллар билан далиллаш, иссиқлик ва сув таъминоти қувурлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли кейинги йилларда рўй берган авариялар оқибатларини умумлаштириш керак эди.
Ижрочи директор ростмана ишга киришди. Яширишга не ҳожат, турли инстанцияларга мурожаат асносида кўпинча лоқайдлик ва бефарқликка дуч келинади, аммо директорни бу нарса йўлидан қайтара олмади. Муаммони асослашга икки йил вақти кетди. Нозим Каримов ёзишмаларнинг кетини узмади, коммунал хизматлар, бошқа тузилмалар билан мулоқотда бўлиб, ўз фикри, иддаоларига уларни ишонтира билди, гапларини далиллай олди. Натижада шаҳар маъмурлари муаммога эътиборни қаратдилар, коммунал соҳадагилардан тармоқларнинг техник ҳолати хусусида хулоса талаб қилдилар. «Сувсоз» давлат унитар корхонаси Ҳамид Олимжон майдонидаги уйларнинг сув таъминотини яхшилаш учун 300 м узунликда водопровод тармоғи ўтказиш зарур эканлигини тасдиқлади. Бу ишни йил охиригача амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Ишни ҳоким қарори қабул қилинмасданоқ бошлаб юборишди ва бу билан масалага жиддий тарзда ёндашув намунасини кўрсатишди. «Тошиссиққуввати» ишлаб чиқариш бирлашмасининг унитар корхонаси ходимлари тўртта ХУМШ вакиллари билан биргаликда коллектордаги иссиқлик тармоқларини синчиклаб текшириб далолатнома туздилар. Қувурлар ва зулфин арматураларни алмаштирмаса бўлмайди деган хулосага келдилар. Ана шуларнинг ҳаммаси шаҳар маъмурияти қарор қабул қилишида асос бўлиб қолди.
Якка отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас деган нақл биз сўз юритаётган ҳолатда жилла тўғри эмасдек туюлади. Бир одам чидам, сабр-матонат ва қатъият билан ишга киришса, узоқ йиллар мобайнида назардан четда қолган масалани ҳал этишга қодир экан. Н.Каримов унинг саъй-ҳаракатларини биринчилар қатори шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги муҳандислик коллекторлари бошқармасининг бошлиғи Н.Толибжонов, «Лашкарбеги» маҳалла фуқаролар йиғинининг собиқ раиси Э.Хўжаев ва бошқалар қўллаб-қувватлаганликлари ва яқиндан ёрдам берганликларини миннатдорчилик билан сўзлайди.
Биз ана шу тиниб-тинчимас киши билан коллекторни бирга кўриб чиқдик. Ҳамма ёқда иш қизғин. Муҳандислик коллекторлари бошқармаси ходимлари чор атрофни тартибга келтириб, ахлатдан тозалашибди, оқлаб ёриткич чироқлар ўрнатишибди. «Сувсоз» корхонаси 300 м узунликдаги қувурни алмаштириб устини мойлабди. «Тошиссиққуввати» вакиллари иссиқлик тармоғини алмаштириш нуқтаи назаридан синчковлик билан кўздан кечириб чиқибдилар. Коллекторда кеча-кундуз ишлайдиган диспетчерлик хизматини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилаётган экан. Шаҳар ва туман электр тармоқлари корхонаси яроқсиз симларни алмаштирибди, иҳоталаш ишларини ўтказибди. Алоқачилар телефон тармоқларини расамадга келтирибдилар. Ижрочи директор бу ерда содир этилаётган ўзгаришлардан хабардор – ҳаммасини беш қўлдек билар экан. Зотан, директор одамлар унга ишониб топширилган уйнинг ҳолати учун жавобгардир. Бинобарин, чин юракдан, астойдил ва жўшиб, ғайрат билан ишласа, бир киши ҳам кўп нарсаларни қилишга қодир!
Мавзувий сонни Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.