Ишлаб чиқариш корхонаси бўш хоналарни (офис ва омбор сифатида фойдаланишга) ижарага беради. Ой тугаганидан кейин ижарачиларга ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномаси ёзиб берилади.
Хоналар ижарага берилганда бажарилган ишлар далолатномасини тузиш лозимми? Далолатнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирса бўладими?
А.Нажмиддинов,
бош бухгалтер.
– Солиқ кодексининг 22-моддаси ўн еттинчи хатбошисига кўра, ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанциялар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлардир.
Агар Солиқ кодексининг 222-моддасида ҳисобварақ-фактурани тақдим этишнинг шартлиги назарда тутилган бўлса, тезкор ижара чоғида бажарилган ишлар далолатномаси мажбурий ҳужжат ҳисобланмайди. У ижарага берувчи корхонанинг хоҳишига кўра расмийлаштирилади. Далолатнома одатда мансабдор шахслар томонидан имзоланади ва иккала тарафнинг муҳрлари билан тасдиқланади, бу эса ҳисобварақ-фактурада назарда тутилмаган. Агар ижарага берувчи учун бу муҳим бўлса, далолатномани расмийлаштирган маъқул.
Солиқ кодексининг 222-моддаси иккинчи қисми 7-бандида ҳам назарда тутилганки, ҳисобварақ-фактурада назарда тутилган маълумотлар мавжуд бўлганда, ишларни (хизматларни) ҳақиқатда мазкур ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштиришда ҳисобварақ-фактура ёзилмайди. Шу сабабли, башарти унда ҳисобварақ-фактурада назарда тутилган маълумотлар мавжуд бўлса, далолатнома-ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш мумкин.
Наталья ГРИШУТИНА,
«Norma Profi» эксперти.