Дори-дармон воситаларини республикамиз ҳудудига олиб киришда таркибида психотроп моддалар бўлган дори воситаларига алоҳида ёндашилади. Хусусан, таркибида психотроп ва гиёҳванд моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини халқаро почта жўнатмалари орқали юбориш Халқаро почта конвенциясига асосан ва республикамиздаги тартибларга мувофиқ тақиқланган.
Шунга қарамай, сўнгги пайтларда қонун билан тақиқланган бундай воситаларни почта жўнатмалари орқали жўнатиш ҳолатлари учраб туради. Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Бош почтамт» ТИФ божхона пости ходимлари бунинг олдини олишда сергакликни йўқотмаяптилар.
Масалан, С.Қобилова ва З.Лужина (материалдаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) номларига Россиядан юборилган почта жўнатмалари амалдаги тартибларга биноан божхона назоратидан ўтказилганда, улар орасида CN-23 шаклидаги божхона декларациясида кўрсатилмаган 500 дона «Феназепам» психотроп таблеткалари борлиги маълум бўлди.
Пойтахтимизда истиқомат қилувчи О.Илёсов номига Германиядан келтирилган почта жўнатмасида эса тегишли ҳужжатларда қайд қилинмаган 200 дона психотроп таблеткалар борлиги аниқланди.
Исроилдан У.Тўхтаев номига юборилган почта жўнатмасидаги буюмлар орасига таркибида кодеин фосфат гиёҳванд моддаси мавжуд бўлган 140 дона «Рокасет» номли таблеткалар яширилганлиги фош бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори (12.11.2015 йилдаги 330-сон) билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтилиши, муомалага киритилиши тақиқланган ва чегараланган психотроп ҳамда наркотик воситалар рўйхати тасдиқланган.
Халқаро почта жўнатмаларида заргарлик буюмларини ҳам амалдаги тартибларга зид равишда юбориш ҳолатлари учраб туради. Масалан, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи З.Пўлатова номига АҚШдан юборилган почта жўнатмаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, унда СN-23 почта декларациясида кўрсатилмаган қиймати салкам 3 млн сўмлик 18,8 грамм тилла тақинчоқлар амалдаги тартибларга зид равишда жўнатилганлиги аниқланди. |
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларидан М.Саидова, Р.Насриддинов ва Д.Турсуновалар номига юборилган почта жўнатмаларида тегишли божхона декларацияларида қайд қилинмаган умумий қиймати 20 млн сўмга яқин салкам 100 грамм оғирликдаги заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг чекланган нормаларига (АВ томонидан 13.03.1998 йилда 412-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўра жисмоний шахслар ўзлари билан оғирлиги 30 граммдан ошмаган 5 донагача қимматбаҳо металлар ва тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини божхона декларациясида қайд этган ҳолда бемалол олиб киришлари мумкин.
Халқаро почта жўнатмалари орқали тилла тақинчоқларни юборишда эса улар ҳақидаги маълумотлар CN22 ёки CN23 шаклидаги божхона декларацияларига киритилиши шарт.
Шу ўринда юртдошларимиздан божхона қоидабузарликлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 120-76-76 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.