Савдо соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига (бундан кейин – Қўмита, Давлат рақобат қўмитаси) келиб тушган шикоятлар сони бўйича уй-жой-коммунал хўжалигидан кейин иккинчи ўринда туради. Жорий йилнинг 9 ойида улар 34%ни ташкил қилди. Мурожаатларнинг 20%и сифатсиз маиший электр техника билан савдо қилиш, 10%дан кўпроғи дори-дармонлар, атир-упа ва бошқалар савдоси юзасидан тушган.
Савдода пластик карточкалар ёрдамида қилинган ҳисоб-китоблар илгари кўп муаммоларни туғдирарди. Банк терминаллари йўқлиги туфайли истеъмолчиларнинг «пластик» билан тўлашларига кўпинча рад жавоби бериларди. Ҳозир товар бозорида, масалан, хизматлар соҳасида бўлганидек, ушбу масала унчалик кескин эмас. Сифатсиз маиший техникани реализация қилиш, уни таъмирлаш, кафолатли хизмат кўрсатишда фуқароларга рад жавоби бериш далиллари «биринчиликни» эгаллади. Техника ишдан чиқишида истеъмолчиларнинг ўзини айбдор қилишади: ундан нотўғри фойдаланадилар, электр тармоғидаги кучланишнинг ошиб кетиши носозликни юзага келтиради дейдилар. Бироқ истеъмолчилар Қўмитага мурожаат қилишлари билан масала дарров ҳал бўлади.
Озиқ-овқат бозорида муддати ўтган товарларни реализация қилиш ҳоллари керагидан кўп учрайди. Компьютер технологияларининг ривожланиши билан истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига оид кўп муаммоларни ҳал этишда ижтимоий тармоқлар, интернет ҳамжамиятлари ёрдам бермоқда. Келгуси йилда Давлат рақобат қўмитаси маҳалла қўмиталари, ёшларнинг «Камолот» ижтимоий ҳаракати билан алоқаларни янада яқиндан йўлга қўйиш ниятида. Пенсионерлар ва ёшлар – жамоат назорати, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўғрисида ахборот йиғишнинг қудратли резерви саналади, давлат органи унга таяниши мумкин.
2015 йилнинг учинчи чорагидаги ишнинг асосий йўналишлари ҳақида Давлат рақобат қўмитасининг реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод АЗИМОВ ҳикоя қилади.
ҲУҚУҚНИ БУЗСАНГИЗ, ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР ҚАРАБ ТУРМАЙДИ
Бугунги кунда назорат қилувчи органларнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашуви камайиб, жамоат назоратининг роли ошмоқда. Биз ижтимоий тармоқлардан истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўғрисида кўп ахборот олмоқдамиз.
Уларда сифатсиз товарлар ёки хизматлар реализация қилинганлиги тўғрисидаги хабарлар бир зумда минглаб фойдаланувчилар эътиборига тушиши мумкин. Бу эса ҳуқуқбузарларнинг обрў-нуфузига зарба бўлади. Бундай ахборот истеъмолчиларга тўғри танловга келишда ёрдам беради, ижрочилар, ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларни реализация қилинаётган товарлар ва хизматлар сифати тўғрисида ўйлашга мажбур этади, акс ҳолда улар мижоз ва харидордан маҳрум бўладилар. Бу айниқса, бугунги кунда истеъмолчи учун бир-бирлари билан курашаётган йирик супермаркетлар ишида кўзга ташланади. Агар биз уларда ҳуқуқбузарликларни аниқласак, улар дарров уни бартараф қилишади. Ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз маҳсулотларини супермаркетларнинг пештахталарида кўришга интиладилар, шу сабабли уларга сифатли маҳсулот етказиб берадилар. Бугун кўпчилик назорат қилувчи органлардан эмас, балки жамоат назоратидан, ижтимоий тармоқларга «тушиб» қолишдан қўрқади.
Мисол келтираман. Сайтдан фойдаланувчи унга ҳайдашни ўргатадиган хусусий мактаб автомобилининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши тўғрисида видеони жойлаштирди. Безатилган машина тақиқланган жойда орқага бурилган, сезгир фуқаро эса ҳуқуқбузарликни ўз телефонида суратга олган ва сайтга жойлаштирган. Ушбу ҳолат шу заҳотиёқ ижтимоий тармоқларда муҳокама қилина бошлади. Автомактаб учун, албатта, бу – аксилреклама. Дарҳол чоралар кўрилди. Ҳуқуқбузарнинг ўзи ДЙҲХХга мурожаат қилиб, жарима тўлади. Бунинг устига, ана шу контрфактни ўзи видеога қайд этиб, тезликда тузалганлигини тасдиқлаш учун сайтга жойлаштирди ҳам.
Мана яна бир мисол. Истеъмолчи дўкондан рогалик сотиб олган. Ўровда кўрсатилишича, маҳсулот таркибида майиз ва ёнғоқ бўлиши керак эди. Бироқ рогаликда улар бўлмаган. Биз ишлаб чиқарувчига хат юбордик, зеро, қонун ҳужжатларига кўра, ўровда истеъмолчиларга товар тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот берилиши керак эди. Ишлаб чиқарувчи узр сўраб, унинг ходимлари хамирга ёнғоқ ва майиз солишни... унутганликларини айтди. Рогаликлар пештахтадан олинди, ишлаб чиқарувчи уларнинг бутун туркумини қайтариб олди, масъул ходимлар жазоланди.
Кўпинча истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўғрисидаги net-ахборот бизга аралашиш ва чоралар кўриш учун сабаб бўлиб хизмат қилади. Эҳтимол, буни давлат органи интернет ҳамжамияти билан биргаликда истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган ижтимоий ҳамкорликнинг мисолларидан бири деб ҳисоблаш мумкиндир.
Биз ЎзР Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси билан ҳам ана шундай ижтимоий ҳамкорликда ишлашимиз керак. Афсуски, ҳозирча бундай бўлмаяпти. Жамоат ташкилоти бугунги кунда ўзининг барча имконияти ва салоҳиятини ишга солмаяпти. Ахир бундай бирлашма истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган қудратли куч бўлиши керак. У жамоат назоратини амалга ошириши, товарлар ва хизматлар бозорида улар сифатини яхшилаш борасида вазиятни ўзгартириши, бизнинг бошқармамизга жамоат мониторингларининг натижалари тўғрисида ахборот тақдим этиши, биз эса унга тезликда муносабат билдиришимиз, ҳуқуқбузарлар билан ишлашимиз мумкин эди. Федерация олдида жамоат назоратини ўтказишга тўсиқ йўқ. Унинг тузилмалари ҳеч бир рухсатномасиз истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилишини назорат қилишлари мумкин.
Бугунги кунда савдода яроқлилик муддати, таркиби, ишлаб чиқарувчиси кўрсатилмаган кўплаб сут, колбаса, қандолат маҳсулотлари реализация қилиняпти. Ушбу маҳсулотга мувофиқлик сертификатининг бор-йўқлиги ҳам номаълум. Товар ва хизматлар бозори истеъмолчилар бирлашмаси учун очилмаган қўриқ. Биз эса назорат қилувчи орган ҳисобланамиз. Жамоат ташкилотидан фарқли равишда, текшириш ўтказиш учун Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг рухсатини олишимиз лозим.
Федерация бутун республика бўйича муаммоларни мунтазам ўрганиши, уларни умумлаштириши, таҳлил қилиши, натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси учун таклифлар тайёрлаши зарур. Зеро ҳар бир минтақада унинг бўлинмалари бор. Федерация фаолроқ ишлаши, биз билан бирдам бўлишини хоҳлардик. Зеро битта умумий ишни қиляпмиз.
ШАРТНОМАНИ БУЗДИНГИЗМИ – НЕУСТОЙКА ТЎЛАНГ
Мамлакатимиз автомобилларини реализация қилишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузиш ҳоллари кўпайди. Қўмитага автосалонларнинг шартномавий мажбуриятларни бажармаслиги хусусида кўп мурожаатлар келиб тушмоқда. Шартномага кўра улар истеъмолчиларга автомобилларни кўрсатилган муддатда етказиб беришлари керак, бироқ уларни бузишяпти. Ҳолбуки ушбу ҳуқуқбузарлик учун «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (26.04.1996 йилдаги 221-I-сон), шунингдек шартномада неустойка тўлаш назарда тутилган. Автосалонлар уни тўлашни хоҳламай, шундай дейишади: «Етказиб бериш муддатларига риоя этмаганлигимизда ишлаб чиқарувчи завод айбдор». Бироқ истеъмолчилар завод билан эмас, балки автосалон билан шартнома тузганлар. Шу сабабли у неустойкани гап-сўзсиз тўлаши шарт.
Нима бўляпти? Кишилар бесабаб автомобилни кўрсатилган муддатда олмаяптилар. Гап нимадалигини билиш учун ишонч телефонлари орқали автосалонларга қўнғироқ қилиб туша олмайдилар. Истеъмолчилар асабийлашадилар, Қўмитага шикоятлар ёғилади. Автомобилга буюртмани электрон шаклда расмийлаштириш, кейин эса ўз навбатининг яқинлашишини кузатиш имконини берадиган, бутун дунёда қабул қилинган онлайн-савдо тизими муаммоларни бартараф этиш имконини берган бўлар эди. Бироқ автосалонлар унга қизиқиш билдирмаяптилар. Биз уларга автомобилни ўз вақтида етказиб бериш, агар муддатни бузсалар – неустойка тўлаш борасидаги шартнома мажбуриятларини бажариш мажбуриятлари тўғрисида хатлар юбордик.
ТАКСИГА «ПЛАСТИК» ОРҚАЛИ ТЎЛАЙМИЗМИ?
Биз йўналишсиз таксилар фаолияти мониторингини ўтказдик. Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисида низом (ВМнинг 18.05.2011 йилдаги 139-сон Қарорига 1-илова) билан белгиланган ташқи кўринишга ва ички ахборотни безатишга қўйилган ягона талабларга риоя этилишини ўргандик. Улар йўловчиларни ташиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифати ва хавфсизлигини ошириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланган. Эслатиб ўтамиз, йўналишсиз такси тепасига ўрнатилган тўқ сариқ рангли фонарга «TAXI» таниш белгиси ўрнатилган; шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлган композиция ва автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги «Т» ҳарфлари; автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги юридик шахс – ташувчининг номи; йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган махсус сериядаги автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси; республикада йўналишсиз таксилар сифатида ишлашга сариқ рангли, Тошкент шаҳри учун – «фил суяги» рангидаги автотранспорт воситалари қўйилиши керак.
Ичида олд ойнанинг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли ёритиш чироғи бўлиши керак. У ёқилганда такси бўш эканлигини кўрсатади. Автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси; ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати; иш вақтининг бошланиши ва тугаши; йўлкира қиймати (сўмда); ташувчининг манзили ва телефон рақами; лицензия карточкасининг рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотлар; шунингдек мажбурий суғурта қилинганлик ҳақидаги маълумот кўрсатилган маълумотлар табличкаси ўрнатилади. Табличка автотранспорт воситаси приборлари панелига, йўловчилар бемалол ўқий оладиган ҳолатда ўрнатилади. У ҳисоблагич (таксометр), назорат-касса машинаси, банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминали, радиоалоқа воситаси билан жиҳозланиши керак. Йўналишсиз таксиларни бошқаришга 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида 3 йиллик ҳайдовчи стажига эга бўлган шахслар қўйилади.
Йўналишсиз таксилар фаолияти ўрганилганда уларга нисбатан талабларга тўлиқ риоя этилмаётганлиги кўринади. Масалан, таксиларнинг 98%и юридик шахснинг номига, 94%и давлат рақамига, 76%и яшил нурли фонарга, 89,5%и таниш белгисига эга. 72%и таксометрлар, 49%и назорат-касса машиналари, бор-йўғи 30%и ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланган.
PAYNET, ТЕРМИНАЛГА ЭГА БЎЛ
Paynet тизими республиканинг барча минтақаларида жами 25 минг тўловларни қабул қилиш шохобчаларига эга. Ҳар куни унинг шохобчаларида қарийб 2 млн киши турли хизматларга ҳақ тўлайди. Бироқ кўпинча ҳисоб-китоб терминаллари йўқлиги туфайли уларга банк пластик карточкаси орқали тўловларни қабул қилишга рад жавоби беришади. Ҳолбуки аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширадиган, банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари билан мажбурий жиҳозланадиган чакана савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари рўйхатида (Президентнинг 19.04.2010 йилдаги ПҚ-1325-сон Қарорига 2-илова) аҳолидан уй-жой-коммунал хизматлар, телефон алоқаси, шу жумладан уяли алоқа учун тўловлар қабул қилиш шохобчалари кўрсатилган.
Истеъмолчига «пластик» ёрдамида ҳисоб-китоб қилишни рад этиб, Paynet ходимлари одатда банклар уларни терминаллар билан таъминламаслигини рўкач қиладилар. Банкларда эса муаммо йўқ, уларни мурожаат этилгандан кейин бир ой мобайнида тақдим этамиз дейишади. Муаммони бартараф этиш учун биз дилерлик битимига Paynet тўлов шохобчаларини ҳисоб-китоб терминаллари билан мажбурий жиҳозлаш бандини киритишни талаб қилаяпмиз.
Улар билан жиҳозланиши керак бўлган чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш объектларини инвентаризациялашни режалаштиряпмиз. Марказий банк ва тижорат банклари ушбу қурилмалар билан барча ариза берувчиларни таъминлай олиш-олмасликларини билмоқчимиз. Мониторинг чоғида банклар хўжалик юритувчи субъектларга қанча терминал берганлиги, амалда қанча борлигини аниқламоқчимиз.
Бу – жуда жиддий масала. Ҳозир банклар пенсионерларга пенсиянинг бир қисмини пластик карточкага ўтказишни таклиф этмоқдалар. Кексалар товарлар ва хизматларга «пластик» ёрдамида ҳақ тўлаш билан боғлиқ муаммолар бўлмаслигига ишонч ҳосил қилишлари керак.
ГЎШТДА ҚАНЧА СУЯК БЎЛИШИ КЕРАК?
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида пойтахтнинг деҳқон бозорларида бир қатор маҳсулотлар ҳамёнбоп нархларда сотиляпти. Чунончи, гўшт 18 мингдан 23 минг сўмгача нархда сотилмоқда. Бозорнинг марказий павильони ва супермаркетларда у анча қиммат. Бироқ харидорлар арзон нархли гўштдан шикоят қилмоқдалар: «Бир килограмм гўшт олсак – ярми суяк бўлади».
Ушбу мурожаатлар бизнинг давлатлараро 7595-79 ДСТ «Гўшт. Мол гўштини чакана савдо учун бўлиш»га мурожаат қилишимизга сабабчи бўлди. Уни ўрганганимизда сотиш учун тақсимлаб қўйилган гўшт бўлакларига суяк қўшиш тақиқланганлигини аниқладик.
Бироқ истеъмолчига бу ҳақда тўлиқ ва ишончли ахборот тақдим этилиши керак. Биз истеъмолчилар ва сотувчилар эътиборига етказиш учун ушбу ДСТга ҳавола қилган ҳолда деҳқон бозорлари номига хат тайёрлаяпмиз. Гўшт сотиш учун лотоклар сотувчиларга ижарага берилади. Шу сабабли ижарачиларга деҳқон бозорларининг ички қоидалари, уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларни тушунтириш лозим.
ТУХУМ НАРХИ ДОЛЛАР КУРСИГА БОҒЛИҚМИ?
Истеъмолчилар хусусий тадбиркорлар ва супермаркетларда товуқ тухумлари қимматлашгандан шикоят қилишади. Сотувчилар буни шундай изоҳлайдилар: «Долларнинг курси ошди». Фуқаролар эса ажабланадилар: «Товуқларнинг хорижий валюта курси ошишига қандай дахли бор?». Маълум бўлишича, дахли бор экан. Улар учун омухта емнинг аксари республикага валютага олиб келинади. Натижада тухумларнинг таннархи ошади.
Аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун пойтахтнинг барча деҳқон бозорларида товуқ тухумларини қатъий белгиланган нархда – донасини 300 сўмдан сотиш ташкил этилди. Ҳукуматнинг баённома қарори билан пойтахтнинг 12 деҳқон бозорини таъминлайдиган паррандачилик фабрикалари рўйхати белгиланди. Етказиб бериш жадвали тасдиқланди, унинг бажарилиши қатъиян назорат қилинмоқда.
Ушбу фермер хўжаликлари ютқазмаяптилар, балки ютмоқдалар, чунки озуқани биржа нархларида сотиб олиш имкониятига эга бўляптилар. Тўғри, дастлаб бедана тухумидан салгина катта бўлган тухумлар сотилди. Бу эса истеъмолчиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Натижада тухумнинг оғирлиги 45 г дан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланди.
Деҳқон бозорларида байрам арафаси ярмаркаларини ўтказиш амалиёти ҳам ўзини оқлади. Уларда деҳқонлар ўз маҳсулотларини ҳамёнбоп нархда реализация қилмоқдалар. Ижтимоий ҳимоянинг ушбу чорасини аҳоли маъқуллаб қарши олди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилишининг
«оғриқли нуқталари»ни мухбиримиз
Ирина ГРЕБЕНЮК аниқлади.