Ташкилот 2015 йил 2 октябрда янги ходимни ишга қабул қилди. Унда ШЖБПҲ дафтарчаси бўлмаганлиги боис сўровнома тўлдириш чоғида унинг амалдаги эски намунадаги паспортидан идентификация рақами олинди. Сўровнома банк маълумотлари базасига киритилаётганда бундай идентификация рақами бошқа кишида ҳам борлиги аниқланди. Банк ходими ходимга янги паспорт олишни, агар уни олгунча ШЖБПҲ реестрини топшириш муддати келса, унинг бадали суммасини бошқа бирор-бир ходимнинг бадалига қўшишни маслаҳат берди. Паспорт олингандан кейин иккала ходимнинг бадалларига тузатиш киритиш керак бўлади.
Ходим сўровномасини банк маълумотлари базасига киритаётганда киритилаётган ШЖБПҲ идентификация рақами бошқа кишига бериб бўлинганлиги аниқланган вазиятда нима қилиш лозим?
Н.Йўлдошев, ХФ бухгалтери.
– «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (2.12.2004 йилдаги 702-II-сон) 8-моддасида белгиланишича, умрбод қилиб белгиланадиган, доимий шахсий тартиб рақамли шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари (ШЖБПҲ) очилади. ШЖБПҲга тартиб рақами бериш фуқароларнинг паспортидаги маълумотлар асосида амалга оширилади. Фуқароларнинг яшаш ёки иш жойи ёхуд паспортидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда ШЖБПҲнинг тартиб рақами ўзгаришсиз қолади ва янги ШЖБПҲ очиш талаб этилмайди.
Фуқаронинг идентификация рақами (шахсий коди) Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахс ўхшашлиги рақамини (шахсий кодини) аниқлаш тартиби тўғрисида»ги Қарорига (31.05.1996 йилдаги 200-сон) мувофиқ белгиланади. У 14 та ўнлик рақамлардан (0 дан 9 гача) иборат бўлади. Битта доимий шахсий тартиб рақами фақат битта шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ШЖБПҲ) берилиши мумкин ва ягона ҳисобланади (Халқ банкида фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларини очиш ва юритиш ҳамда уларга мажбурий ва ихтиёрий бадалларни киритиш тартиби тўғрисида низомнинг1 8-банди).
Ходимнинг эски намунадаги паспортни янгисига алмаштириши уни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш муаммосини ҳал қилмайди, чунки фуқаронинг шахсий коди янги паспортда ўзгармай қолади. Паспорт алмаштирилганда ўзгартиришлар фақат фуқароларнинг шахсий ҳисобга олиш маълумотларига киритилади, яъни маълумотлар базасида паспортнинг серияси ва рақами алмаштирилади. Бунда иш берувчи Халқ банкига ўз ходимларининг паспорт маълумотлари ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этганлик учун жавобгар бўлади.
Агар иш берувчи томонидан ёзма тарзда юборилган сўровнома киритилаётганда, Жамғариб бориладиган пенсия тизимининг ягона базасида ана шундай сўровнома маълумотларига эга бўлган шахс аниқланган ҳолларда, Халқ банки филиали сўровнома тақдим кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида уни аниқланган хатоларни кўрсатган ҳолда уларни аниқлаштириш ва тузатиш учун иш берувчига қайтаради (Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисида низомнинг2 8-банди).
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил сентябридан бошлаб иш берувчи ходимни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш учун тақдим этадиган сўровнома қоғоз шаклида ҳам, Интерактив давлат хизматлари ягона порталидаги (ИДХЯП) шахсий «Тадбиркорлик субъекти кабинети» орқали электрон шаклда ҳам тўлдирилиши мумкин. Сўровнома электрон шаклда тақдим этилган тақдирда Халқ банки филиали ИДХЯП орқали 1 иш куни мобайнида уни аниқланган хатоларни тузатиш учун иш берувчига қайтаради.
Саволингиздан сўровномани тўлдираётганда сиз хатога йўл қўймаганингизни тушуниш мумкин. Шу боис Халқ банки филиалига юзага келган вазиятни аниқлаштириш учун ёзма мурожаат қилишни тавсия этамиз. Эҳтимол, ШЖБПҲнинг худди шундай рақами билан бошқа сўровномани киритишда хатога йўл қўйилгандир. Агар иккала сўровнома тўғри киритилганлиги аниқланса, вазиятни аниқлаш учун ички ишлар органига сўров билан мурожаат қилиш керак. Амалиётда Халқ банки филиали ташкилот аризасига асосан ички ишлар органига хат юбориб, масалани бундан кейин ҳал этиш учун фуқароларнинг айнан бир хил шахсий тартиб рақамлари бўлган паспортлар нусхаларини унга илова қиладилар.
Ички ишлар органидан жавоб олинмагунча ходимдан ШЖБПҲга бадалларни белгиланган тартибда ушлаб қолишни, бироқ уларни реестрда кўрсатмаслик ва Халқ банки филиалига ўтказмасликни тавсия қиламиз. Вазият аниқлангунга қадар уларнинг суммаси 6530-«Шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларга тўловлар» ҳисобварағи кредити бўйича акс эттирилади.
1ВМнинг 21.12.2004 йилдаги «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги 595-сон Қарорига 2-илова.
2ВМнинг 595-сон Қарорига 1-илова.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Profi» эксперти.