Самарқандда жойлашган оилавий корхона (ХХТУТ бўйича коди – 71300) туристик фирмаларга уларнинг буюртманомаларига кўра ҳақни пул ўтказиш орқали тўлаган ҳолда, туристларни уйда овқатлантиришни ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатади. Буюртманомалар мунтазам келиб тушмайди: ҳафтада 1 тушлик ёки ойига 2 кечки овқат буюртиришлари мумкин. Гуруҳлардаги одамлар сони 1 кишидан 30 кишигача бўлади. Туристик мавсумда 10–15 та ҳисобварақ-фактура тақдим этилади, мавсумлар орасида битта ҳам бўлмаслиги мумкин. Яъни корхонада бир маромли иш режими мавжуд эмас.
Умумий овқатланиш оилавий корхонаси учун ЯИТ ҳисоб-китобининг тартиби қандай?
Оилавий корхонага янги барпо этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ЯИТ ва ЯСТни уларнинг энг кам миқдорларини ҳисобга олмасдан тўлашлари мумкин бўлган тартибни қўллаш мумкинми?
ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоби чоғида ер участкасининг қандай майдонини ҳисобга олиш лозим – ҳаммасини, шу жумладан турар жой эгаллаган ерними ёки фақат туристларга хизмат кўрсатиш учун банд этилган ерними?
В.Козлова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Умумий овқатланиш корхоналари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари белгиланган, корхоналар ана шулардан келиб чиқиб ягона ижтимоий тўлов, фуқароларнинг суғурта бадаллари ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқарадилар (қўшимча ҳисоблайдилар). Ушбу меъёрларни аниқлаш тартиби Иқтисодиётнинг айрим тармоқлари хўжалик юритувчи субъектлари учун ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом1 билан белгиланган.
Бироқ ушбу ҳужжатнинг муқаддимасида таъкидланишича, у умумий овқатланиш соҳасида якка тартибдаги буюртмалар бўйича банкет ижросида хизматлар кўрсатадиган ташкилотларга татбиқ этилмайди. Корхонангизнинг хизмат кўрсатиш тартибини таҳлил этиб, тўлиқ ишонч билан уни шулар сирасига киритиш мумкин. Банкет ижросидаги тушлик ёки кечки овқат якка тартибдаги таомнома бўйича шахсларнинг муайян доираси учун (чет меҳмонлар иштирокисиз) олдиндан буюртирилган тадбирни ташкил этишни назарда тутади. Хизмат кўрсатишнинг бундай шакли мижозлар сони (сизнинг ҳолатда туристлар гуруҳлари), уларни қабул қилиш вақти, таомнома ва хизмат қийматини олдиндан белгилаш имконини беради. Шу сабабли оилавий корхонангиз ЯИТ ҳисоб-китоби чоғида ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларини ҳисобга олмаслиги керак.
Бироқ сиз учун Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом2 ўз кучида қолади. Унга мувофиқ микрофирмалар ва кичик корхоналар (фермер хўжаликлари бундан мустасно) ҳар бир ходими учун ойига энг кам иш ҳақининг 65%и миқдоридан кам бўлмаган миқдорда ЯИТ ҳисоблашади, бироқ улар амалда ишлаган барча кунлар ҳисобга олинади.
Агар корхонангиз давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб ҳали 6 ой ўтмаган бўлса, сиз ушбу муддат тугагунига қадар ЯИТни унинг энг кам миқдорини ҳисобга олмасдан тўлашга ҳақлисиз. Агар мазкур даврда ўз эҳтиёжларингиз учун объектни ҳам қураётган бўлсангиз, қуриб битказилган объектни қабул қилиш далолатномаси тасдиқланган санадан бошлаб 6 ой ўтгунгача, бироқ корхонангиз давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг 1 йилдан кўп бўлмаган даврда ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олмасликка ҳақлисиз. Бундай тартиб янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари учун (чакана савдо ташкилотларидан ташқари) Президентнинг 7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон Фармонининг 8-банди билан ўрнатилган.
Оилавий корхоналар кичик тадбиркорлик субъектлари (26.04.2012 йилдаги «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги ЎРҚ-327-сон Қонуннинг 4-моддаси) ва солиқ солиш тартибини танлаш ҳуқуқисиз ягона солиқ тўлови тўловчиларидир (Солиқ кодексининг 351-моддаси). Бироқ уларга энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби татбиқ этилмайди (Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг3 2-банди «в» кичик банди). Яъни сиз ҳисоблаб чиқарган ЯСТ Солиқ кодекси билан белгиланган тартибда тўланади ва унинг энг кам миқдори билан таққосланмайди. Тегишинча, ер участкасининг майдони ҳеч ҳам ЯСТ миқдорига таъсир кўрсатмайди.
1Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг АВ томонидан 28.12.2010 йилда 2173-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 13.04.2010 йилда 2095-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
3МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Profi» эксперти.