Тез-тез хорижга чиқиб келишим сабабли участка инспектори тиббий комиссиядан ўтишимни сўради. У мени тиббий кўрикдан ўтишга мажбур қилиш ҳуқуқига эгами? Бундай талаб қайси қонун ҳужжатида назарда тутилган?
Я.Куравин.
– Сизнинг ҳолатда профилактика инспектори тўғри ҳаракат қилган. ИИВ органларининг ходимлари «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонуннинг (14.05.2014 йилдаги ЎРҚ-371-сон, бундан кейин – Қонун) 10-моддасига асосан бундай талаб қўйишга ҳақлилар. Доимий яшаш жойида узоқ муддат бўлмаган шахсларни ВИЧ инфекцияси бобида текширишни ўз ичига оладиган тиббий кўрикдан ўтказиш амалиёти қўлланяпти.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўйилмайди (Қонуннинг 46-моддаси). Чунончи, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалада бўлишга, шахсий ҳаёт, ёзишмалар, телефонда сўзлашувлар, почта, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлар сир сақланиши, бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва яшаш жойини танлаш, шунингдек шахсий дахлсизлиги, уй-жой дахлсизлиги бузилишига йўл қўйилмайди, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Ўзига нисбатан профилактика чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органнинг ёки муассасанинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда шикоят қилишга ҳақлилар.
Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ,
эксперт-юристимиз.