Пенсияни расмийлаштириш чоғида ўриндошлик бўйича иш тўғрисида ҳам маълумотномалар топширмоқчи эдим. Бироқ Пенсия жамғармасининг инспектори улар менга керак эмаслигини айтди, асосий иш жойи бўйича пенсияни ҳисоблаш учун ўртача ойлик даромадим энг кўп миқдорга етаркан. У ҳақлими?
С.Кийко.
– Ҳақиқатан ҳам, 2007 йилнинг 1 октябридан Президентнинг «Пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (17.09.2007 йилдаги ПФ-3921-сон) асосан пенсияни ҳисоблаш учун энг кам иш ҳақи миқдорининг саккиз каррасидан (бунгача у ЭКИҲнинг 7 бараварини ташкил этарди) ошмайдиган иш ҳақи қабул қилинган. Бунинг маъноси шуки, ЭКИҲнинг 8 бараваридан ошадиган иш ҳақи пенсиянинг базавий миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун асос ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ҳисобга олинмаслиги хусусида инспектор ҳақ. Шу тариқа, бугунги кунда ЭКИҲнинг 8 бараваридан ошадиган, яъни 1 041 920 сўмдан (8 х 130 240*) ортиқ даромад пенсия миқдорида ҳеч ҳам акс этмайди (шундай бўлса-да, пенсия йиғмажилдингиздаги ЭКИҲнинг 8 бараваридан ошадиган даромадларингизни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг бўлиши келгусида пенсия ҳисоб-китоби учун қабул қилинадиган энг кўп иш ҳақи кўпайтирилган тақдирда керак бўлиши мумкин).
Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади (252-сон Низомнинг 86-банди). Пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган олтмиш календарь ойдаги иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (252-сон Низомнинг 101-банди).
Энг кўп пенсияни тайинлаш учун меҳнат фаолиятининг кейинги 10 йили учун исталган 5 йил мобайнида ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ЭКИҲнинг 8 бараваридан камни ташкил этмаган бўлиши керак.
Эслатиб ўтамиз, иш ҳақи ҳисоблаб ёзилган иш ҳақи суммасидан олинади. Унинг таркибига суғурта бадаллари ҳисобланган, Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларнинг ҳаммаси киритилади. Иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ва тузилган меҳнат шартномасига (контрактига) мувофиқ ишларни бажараётган жисмоний шахсларга ҳисобланадиган ва тўланадиган барча тўловлар ана шундай даромадлар деб эътироф этилади:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлар, тариф ставкалари ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи;
- илмий даража ва фахрий унвон учун қўшимча тўловлар;
- рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар;
- компенсация тўловлари (компенсация);
- ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга қуйидагилар ҳам киради:
- предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш бўлган фуқаролик–ҳуқуқий тусда тузилган шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга (якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар бундан мустасно) тўловлар;
- юридик шахснинг бошқарув органи (кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органи) аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар;
- Ўзбекистон Республикаси мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ходимларига хизматни ўташи (хизмат мажбуриятларини бажариши) муносабати билан тўланадиган пул таъминоти, пул мукофотлари ва бошқа тўловлар.
*130 240 сўмга тенг ЭКИҲ Президентнинг 26.08.2015 йилдаги ПФ-4751-сон Фармони билан 2015 йил 1 сентябрдан белгиланган.
БЎЛҒУСИ ПЕНСИОНЕР ЭЪТИБОРИГА!
Пенсия миқдори:
– пенсиянинг базавий миқдори;
– иш стажи учун пенсиянинг ошиши;
– пенсияга устамалардан шаклланади.