Депутатлар иккинчи ўқишда Ўзбекистон Божхона кодексининг янги таҳрири лойиҳасини муҳокама қилдилар.
БКнинг янги таҳрири лойиҳаси концептуал жиҳатдан амалдаги Кодексдан фарқ қилади. Янги нормалар қуйидагиларга қаратилган: |
қўлланиладиган тушунчаларни бирхиллаштириш, белгиланган нормалар ва қоидаларни бир хилда талқин қилиш ва қўллашни таъминлаш;
божхона сиёсати принципларини ишлаб чиқиш;
божхона жараёни барча иштирокчиларининг ваколатларига ва уларнинг ўзаро муносабатларига уларни қўллашнинг шаффофлигига эришиш ҳамда субъектив тусдаги омилларнинг таъсирини истисно қилишни таъминлаш учун таъриф бериш;
божхона тартиботига юкларни расмийлаштиришда муддатлар ва субъектив омилларни қисқартирувчи интерактив хизматларни тақдим қилган ҳолда АКТни жорий қилиш учун ҳуқуқий асосларни шакллантириш;
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказиладиган божхона қонунчилигини бузиш учун жавобгарлик нормаларини чиқариб ташлаш;
божхона чегарасидан товарларни олиб ўтиш ва улар муайян божхона режимига жойланишида тартиботларни тартибга солиш.
Мазкур лойиҳа Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция (Киото конвенцияси, 1999 й.), Бутунжаҳон почта конвенцияси (Женева, 2008 й.), Муваққат олиб кириш тўғрисидаги халқаро конвенция (Истамбул конвенцияси, 1990 й.), Бутунжаҳон савдо ташкилотининг 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича Бош битим каби халқаро стандартларининг божхона қоидалари билан уйғунлаштирилган. |
Кодекснинг (янги таҳрирда) қабул қилиниши амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб эътироф этилишини талаб қилади.
Янги таҳрирдаги БКнинг лойиҳаси:
17 божхона режими (амалдаги Кодексда – 15) тушунчаларига таъриф беради. Янги «Ички истеъмол учун қайта ишлаш» режими киритилмоқда, бунда хорижий товарлар кейинчалик қайта ишлаш маҳсулотларини «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштириш билан божхона ҳудудида қайта ишланади. Яъни қайта ишлаш маҳсулотлари Ўзбекистон божхона ҳудудида қолади. Амалдаги «Вақтинча олиб кириш ва олиб чиқиш» режими икки мустақил режимга ажратилган, бу эса товарларни жойлаштириш шартларини аниқ белгилаш имконини беради;
божхона иши соҳасида рухсат бериш тартиботларидан ўтиш ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни бериш учун мансабдор шахслар томонидан қарорлар қабул қилиш учун белгиланган муддатларни қисқартиради;
ҳар қандай манфаатдор шахс товарни олиб киришдан олдин божхона органларига унинг Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига асосан таснифи бўйича дастлабки қарори юзасидан сўров билан мурожаат қилиш механизмини тартибга солади, бу эса расмийлаштирув тартиботларидан ўтишни сезиларли равишда осонлаштиради;
товарлар божхона ҳудудига келиб тушишидан олдин улар тўғрисида дастлабки ахборотни тақдим этиш механизмини беради, бу эса чегарадан ўтишда божхона расмиятчилигини ўтказиш вақтини қисқартиради;
жисмоний шахслар томонидан товарларни ўтказиш тартибини белгилайди.
Товарларни оғзаки декларациялаш имкониятлари кенгаймоқда. «Яшил ва қизил йўлаклар» тизими жисмоний шахслар учун қонун билан мустаҳкамланган.
Божхона назоратининг 5 та янги шакли жорий қилинмоқда (амалдаги Кодексда улар 7 та):
тушунтиришлар олиш;
божхона текшируви;
товарларнинг махсус маркалар билан маркировкаланганлигини текшириш;
божхона кузатуви;
товарлар чиқишига рухсат берилганидан кейинги божхона назорати.
Божхона назорати шаклини танлашда энг кўп учрайдиган божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган божхона тўловларидан бош тортиш билан боғлиқ хатарларни бошқариш тизимидан фойдаланишнинг назарда тутилиши ҳам янгилик ҳисобланади. Хатарларни таҳлил қилиш услублари текширилиши лозим бўлган товарлар, транспорт воситалари, ҳужжатлар ва шахсларни, шунингдек бундай текширувнинг даражасини аниқлаш учун қўлланади.
Кодекснинг янги таҳрири лойиҳасида божхона расмийлаштирувида тақдим қилинадиган ҳужжатлар сонини қисқартириш назарда тутилган: |
божхона божи ва солиқлар тўлашдан озод қилинган товарларни экспорт қилишда божхона қиймати декларациясини тўлдириш бекор қилинди;
товарларни реэкспорт божхона режимига жойлаштиришга рухсатнома олиш учун ҳужжатлар сони 4 дан 1 тагача, реимпорт бўйича 5 дан 1 тагача ҳамда божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашни тақдим қилишда ҳужжатлар сони 4 дан 2 тагача қисқартирилди.
Алоҳида боб товарларни қувурлар ва электр узатиш линиялари бўйича олиб ўтишга бағишланган. Бу энергетика ва ёқилғи ресурсларини олиб ўтишнинг умумий тартибида қайд қилинмайдиган ҳар бир шахснинг ўзига боғлиқ сабаблар билан юзага келган, шунингдек божхона расмийлаштируви тартиботини ҳозирги вақтда амалда бўлган тартибга қиёслаганда соддалаштириш зарурати билан ҳам боғлиқ.
Янги таҳрир лойиҳасида божхона тўловлари билан боғлиқ масалаларнинг тартибга солинганлиги ҳам муҳим ҳисобланади. Амалиётнинг кўрсатишича, мазкур соҳада энг кескин масалалар юзага келади. Янги таҳрир билан божхона тўловлари бўйича мажбуриятларнинг юзага келиш ва тугаш пайтлари аниқ белгиланган, шунингдек товарнинг божхона қийматини аниқлаш ва тасдиқлаш масалалари ҳам тартибга солинган. Махсус боб божхона тўловларини тўлаш тартиби ва муддатларига бағишланган, уларнинг тўловчилари белгиланган, уларни тўлаш муддатлари, тартиби ва шакли белгиланган. Божхона тўловларини бўнак билан тўлаш имконияти сезиларли кенгайтирилган. Божхона тўловларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашни тақдим қилиш учун асослар аниқлаштирилди, ортиқча ундирилган тўловларни қайтариш тартибот ва тартиблари ёзиб қўйилди. |
Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, таъминлашнинг шартлари ва миқдорлари белгиланди. Унинг икки тури: «божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятларни суғурталаш» ва «кафиллик» киритилди.
Божхона назоратини амалга оширишда экспертиза ва тадқиқот ўтказишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Кодекснинг янги таҳрири лойиҳасида унга мустақил боб бағишланган, унда: |
экспертиза зарур бўлган ҳолатлар, уни тайинлаш тартиби, экспертларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади;
эксперт сифатида тайинланадиган шахсга қўйиладиган талаблар белгиланади;
декларант ташаббуси билан экспертиза тайинланиши мумкин бўлган қоида мустаҳкамланади.
Кодекс лойиҳасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объектларига, товар белгиларига, хизмат кўрсатиш белгиларига, товарнинг келиб чиқиш жойи номидан фойдаланиш ҳуқуқи эгасининг интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ янги тартиб киритилмоқда. Ҳуқуқ эгасининг фикрича, контрафакт ҳисобланган товарларни божхона чегарасидан олиб ўтишда ёки божхона назорати остида жойлашган товарлар билан бошқа ҳаракатларни содир қилганда унинг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобланса, у божхона органларига уларни чиқаришни тўхтатиб туриш билан боғлиқ чораларни кўриш тўғрисида ариза беришга ҳақли.
Лойиҳа АКТни қўллашга ҳам қаратилган бўлиб, унга божхона ишида ахборот тизимлари ва технологиялари масалалари бўйича махсус боб бағишланган. Ҳужжат айланиши тизимида божхона расмийлаштируви учун зарур бўладиган ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Электрон тарзда декларациялаш ва электрон рақамли имзодан фойдаланиш божхона назорати тартиботини сезиларли равишда соддалаштиради ҳамда жадаллаштиради, бошқа мамлакатлар божхона хизматлари билан ахборот алмашишни яхшилайди.
Лойиҳага бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек расмийлаштирувга кетадиган сарф-харажат ва вақтни қисқартириш имконини берадиган «ягона дарча» тамойили бўйича божхона тартиботларининг янги механизми қўшилди. Ушбу тамойилнинг муҳим таркибий қисми – божхона иши соҳасида рухсат бериш тусидаги ҳужжатни бериш учун ваколатли органларга тақдим қилинадиган ҳужжатлар сонининг энг кам даражага келтирилганлиги.
Божхона органларининг тезкор-қидирув фаолиятида иштирок этиши муносабати билан, шунингдек товарларнинг халқаро ноқонуний айланиши ва уларда қатнашувчи шахсларни аниқлаш учун янги таҳрир лойиҳасида «Назорат остида етказиб бериш» боби назарда тутилган. Унда белгиланишича, божхона органлари ҳар бир алоҳида ҳолатда бошқа давлатларнинг божхона ёки ўзга ваколатли органлари билан келишган ҳолда ёхуд Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари асосида назорат остида етказиб бериш услубидан фойдаланади, яъни ноқонуний айланишига киритилган товарларни божхона чегарасидан олиб кириш, олиб чиқиш ёки транзитига ўз назорати остида йўл қўйишади. |
Таклиф қилинаётган шаклда қабул қилинган янги Кодекс экспорт-импорт операциялари, самарали божхона назорати ва Ўзбекистон ҳудудида товар айланишини тартибга солиш учун мақбул шароитлар яратади, шунингдек ички бозорни сифатсиз ва контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилади.
Элбек ШУКУРОВ,
Полянте СВЕШНИКОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари.