Россияда вақтинча яшаётган Ўзбекистон фуқароси ўғлига Ўзбекистонда унинг пенсиясини олиш учун нотариал тасдиқланган ишончнома юбориши мумкинми?
Н.Загорская.
– Ҳа, мумкин. Низомнинг 160-бандига кўра, Ўзбекистон ташқарисида расмийлаштирилган ишончномага ушбу ҳужжат расмийлаштирилган давлатнинг ваколатли органи томонидан апостиль қўйилиши лозим, бундан Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар конвенциясининг* (Минск шаҳри, 22.01.1993 йил) иштирокчиси бўлган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзоси бўлган мамлакатлар мустасно. Яъни ишончномани нотариусда расмийлаштириш етарлидир.
Сиз пенсияни тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида бир марта келиб тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқингизни тасдиқлашингиз керак. Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган, ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида ушбу бўлимга хабар бериши шарт.
Ишончнома яшаш жойи бўйича почта бўлинмасида сақланиши керак. Бунда унинг ходимлари почта бўлинмасига ишонч билдирилган шахс томонидан ишончнома тақдим этилган санадан бошлаб 10 кун муддатда Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига почта бўлинмасининг асосий муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган ишончнома нусхасини юбориши шарт.
*Ўзбекистон Республикаси учун 1994 йил 19 майдан кучга кирди.