Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 47 / Қонун чиқарувчилар нималар устида ишлашмоқда

2016 йилги бюджет қандай бўлади

11 ноябрда Қонунчилик палатаси ҳукумат таклиф этган Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини бир овоздан маъқуллади. Келгуси йилда ЯИМнинг ўсиши 7,8%га, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2%га, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 6,1%га, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6%га ўсиши режалаштириляпти. Хизматлар улуши ЯИМ таркибида, бошқа омиллардан ташқари, мазкур соҳа корхоналари учун ягона солиқ тўлови ставкасининг 1 фоизга пасайтирилиши туфайли 55,5%га қадар кўпайиши керак.

Бюджет дефицити ЯИМнинг 1%и миқдорида бўлиши ва МБнинг қайта молиялаш ставкасини 9% даражасида сақлаб туриш режалаштириляпти. 

 

СОЛИҚ СИЁСАТИ

Одатда айни шундай ахборотни газетхонлар катта қизиқиш билан кутадилар. Саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлган кичик корхоналар ва микрофирмалар учун ЯСТнинг ягона базавий ставкаси келгуси йилда 5%ни ташкил қилади. Хизмат кўрсатиш соҳаси учун солиқ юкини пасайтириш 2016–2019 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларда назарда тутилган. У хўжалик юритувчи субъектлар тасарруфида қўшимча 58,4 млрд сўмни қолдириш имконини беради – бунда бюджетнинг даромад қисмида талафотлар бўлмайди.

Чора-тадбирлар қаторида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари учун, шунингдек алкоголли ва тамаки маҳсулотларини реализация қилувчи чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкасини бирхиллаштириш таклиф қилинди. Илгари улар хўжалик юритувчи субъектларни маҳаллийлаштиришга боғлиқ ҳолда табақалаштирилар эди. Базавий ставка 4%ни ташкил қилиши тахмин этиляпти.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ЭКИҲнинг бир бараваридан 5 бараваригача бўлган даромадлар қисмида 1 поғона – 8,5%дан 7,5%гача пасайтирилади. Бунда фуқароларнинг суғурта бадаллари ставкаси, аксинча, ярим поғонага – 7%дан 7,5%гача кўпаяди. Ушбу чора аҳолининг реал даромадларини 235,4 млрд сўмга ошириш имконини беради ва даромадлари ўртача ва паст даражада бўлган солиқ тўловчиларнинг солиқ юкини 6,2%дан 5,5%гача пасайтиради. Шунингдек у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларининг балансланганлигини таъминлашга йўналтирилган.

Анъанага кўра, акциз солиғи ставкалари индексацияланади. Бунда табиий виноларга нисбатан индексациялаш, айтайлик, ароқ ёки спирт қуйилган винолар учун солиқни индексациялашдан пастроқ бўлади.

Солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимини қўллайдиган корхоналар учун солиқ ставкалари ва улар бўйича имтиёзларда ҳам айрим ўзгартиришлар назарда тутилган. Шунингдек ягона ер солиғини ҳисоблаб чиқариш шартлари ўзгаради. Бироқ, қонун ижодкорларининг фикрича, бунда солиқ олиш суммалари ўзгармайди.

Умуман олганда, 2016 йилда олинадиган солиқ суммаларини, жорий йил бўйича кутилаётган 20,7% ўрнига ЯИМнинг 19,1%ига қадар пасайтириш режалаштириляпти. Бунинг сабаби: юксак рақобатбардош тармоқларнинг илдам равишда ривожланиши ва уларни манзилли қўллаб-қувватлаш, товарлар ишлаб чиқариш ­ҳажмларининг кенгайиши, иш билан бандлик ва аҳоли даромадлари ўсишини рағбатлантириш, ишлаб чиқаришнинг техник жиҳатдан қайта жиҳозланиши, ташқи бозорларда мавқеларнинг сақланиши ва кенгайиши ҳамда бошқа шу сингари мақсадлар ётади.

Солиқ маъмуриятчилиги соҳасидаги солиқ солиш объектларини яшириш ва солиқ солинадиган базани пасайтиришнинг олдини олишга қаратилган янгиликлар алоҳида эътиборга молик. Хусусан, қуйидаги тадбирлар таклиф этилади:

● кирим қилинмаган товарларни сақлаганлик учун жарималарни улар қийматининг 100%идан 20%игача камайтириш;

● солиқ тўловчида кетма-кет 3 ой мобайнида реализация қилишдан тушум бўлмаган тақдирда унда режадан ташқари солиқ текширувларини ўтказиш имкониятини назарда тутиш;

● солиқ органларига жисмоний шахсларга уни сўндириш тўғрисида қўшимча талабнома топширмасдан туриб уларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қарзини сўндириш ҳақида даъволар билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш, бундан қарз суммаси ундиришни мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳоллар мустасно.

 

БЮДЖЕТ СИЁСАТИ

Бюджетнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинади. Ижтимоий харажатлар улуши жорий йилда кутилаётган 58,7% ўрнига бюджет харажат қисмининг 59,2%ига қадар ошади.

Таълим харажатлари 2016 йилда ЯИМнинг 6,8%ини (ўсиш – 16,6%), солиқни сақлашда ЯИМнинг ­2,8%ини (ўсиш 16,3%) ташкил қилади. Бюджетдан ташқари Реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жамғармаси1 маблағларидан 1,5 трлн сўм таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, қўшимча жиҳозлаш ва таъмирлашга сарфланади. Хусусан, бир йилда 28 та янги умумтаълим мактаби қурилади; 339 мактаб ҳамда 120 лицей ва коллеж таъмирланади, янги мебель, ўқув ва лаборатория жиҳозлари ҳамда спорт анжомлари билан жиҳозланади. Тиббиёт соҳасида 2016 йилда 168 муассаса режа асосида таъмирланади ва қўшимча жиҳозланади.

Маҳаллий бюджетларнинг даромад базаси уларга илгари республика бюджетини тўлдирган айрим турдаги солиқ тушумларини бериш воситасида мустаҳкамланади. Самарқанд вилоятида, бундан ташқари, қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини бунёд этиш назарда тутилган, бу эса, қонун ижодкорларининг фикрича, уни субвенциялилик режимидан олиб чиқиш имконини беради.

Маҳаллий молия органларининг минтақавий бюджетларни тўлдириш имкониятларини излашдан манфаатдорлигини ошириш мақсадида келгуси йилдан бошлаб уларнинг раҳбар ходимларини баҳолаш тизими жорий этилади. Бюджет кўрсаткичларини қатъий ва ўз вақтида бажаришдан ташқари, кредиторлик қарзининг ўсишига ҳамда бюджет ташкилотларида мақсадсиз ва ноқонуний харажатларнинг бўлишига йўл қўймаслик баҳолаш мезонлари ҳисобланади.

 

Жамила НИЁЗОВА,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси

(«Миллий тикланиш» ДП фракцияси):

– Ягона солиқ тўлови ставкасини 1%га пасайтириш – ғоятда муҳим чора. Илгари солиқнинг пасайтирилган ставкаси саноат ва қурилиш корхоналари учун назарда тутилар эди. Энди бенефициарийлар доираси хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари ҳисобига янада кенгайди. Солиқнинг ягона базавий ставкаси 5%ни ташкил қилади.

Бундан авваллари фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш заруратига эга бўлган кўп йўналишли корхоналар ютадилар. Тадбиркорлик субъектлари тасарруфида 58 млрд сўмдан кўп маблағ қолади. Улар бўшайдиган маблағлардан ўз молиявий барқарорлигини кўзлаб тезкорлик билан ва кўп маротаба фойдаланиш, фаолиятнинг янги йўналишларини яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига эга бўладилар. Давлат солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва бюджетнинг даромад қисмига маблағларнинг оқиб келиши тарзида наф кўради. Ушбу имтиёздан кўзланган тўғридан-тўғри ва очиқдан-очиқ умумий фойда ана шундадир.

Шунингдек ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача бўлган даромадлар қисмида ЖШДС ставкаси 1 поғонага пасаяди. Ушбу ўзгартиришлар ҳам иқтисодиёт учун мақбул самара беради, зеро аҳоли қўлида яна кўпроқ пул қолади. Бу эса унинг харид қилиш қобилиятини оширади, истеъмол товарлари бозорини рағбатлантиради ва пировард-оқибатда бюджет даромадларига таъсир кўрсатади.

 

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси

(ЎзЛиДеП фракцияси):

– Мен 2016 йилги бюджет лойиҳасида аграр соҳага тааллуқли бўлган икки базавий тамойилни кўряпман. Бу – фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтиришдир (ушбу мақсадларга жорий йилдагига қараганда 22,8 млрд сўм кўпроқ ажратилади). Шунингдек Президентимизнинг 19.04.2013 йилдаги ПҚ-1958-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат дастурига2 мувофиқ мелиорация ва суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилашга салмоқли маблағларнинг ажратилиши.

Хусусан, умумий узунлиги 13,9 минг км бўлган коллектор-зовур тармоқларини таъмирлаш; мелиоратив техника, машина ва механизмларнинг 152 бирлигини мазкур соҳанинг ихтисослашган ташкилотларига лизингга бериш; қарийб 739 км коллектор-зовур тармоқлари, вертикал зовурнинг 115 қудуғи, шунингдек бир қатор насос станциялари ва гидротехник қурилмаларни қуриш ва реконструкция қилиш; 5,3 минг гектар томчилатиб суғориш тизимини қуриш ва монтаж қилиш назарда тутилган. Томчилатиб суғориш бизга сувни анча тежаш – аниқ шарт-шароитлар ва ҳудудга боғлиқ ҳолда – имконини беради, шунингдек фермерларнинг меҳнат сарфларини деярли ярмигача камайтиради.

Келгуси йилда 280,0 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши керак. Бу эса ушбу ҳудудларда ҳосилдорликнинг кўпайиши ва фермер хўжаликлари даромадларининг ошишига имкон беради.

 

1Бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси.

22013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича давлат дастури.


Юлия ЯШИНА,

махсус мухбир. 

Прочитано: 4969 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика