Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 47 / Долзарб мавзу

Мониторингга тобингиз қалай, Тошкент аҳли

Шу ойнинг бошларида Тошкент шаҳар ҳокимлиги брифинг ўтказди. Унда журналистларга мамлакатимиз пойтахтида турар жойлар ва яшашга мўлжалланмаган жойлар мониторинги ўтказилиши ҳамда коммунал тўловлар амалга оширилиши хусусида ахборот бердилар. Тадбирда ҳокимлик, шаҳар ички ишлар, солиқ хизмати, санитария-эпидемиология назорати органлари, давлат кадастри идораси, «Маҳалла» хайрия жамғармаси бўлинмаси, коммунал ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

 

Брифинг ташкилотчилари пойтахтда жамоат тартибини мукаммаллаштириш, кузги-қишки даврда шаҳарликларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва уларга вақтида ҳақ тўланишини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб бердилар. Улар шунингдек жорий йилнинг ёзида турар жойлар ва яшашга мўлжалланмаган кўчмас мулклар мониторинги ўтказилганлигини маълум қилишди. Мониторинг пойтахтда қайд этилган ва ҳақиқатда яшаётган одамлар сонини, бўш ётган турар жойларни ва улар кимга тегишли эканлигини аниқлаш имконини берди.

Бу галги мониторингнинг* мақсади турар жойлар ва яшашга мўлжалланмаган объектларни янада муфассалроқ текширишдан иборатдир. Ана шу тадбирни ўтказиш асносида уйда (квартирада) яшаётганлар прописка қилинганми (қайд этилганми)-йўқми; қайд этилган, бироқ мазкур манзил бўйича яшамаётганларнинг ҳақиқатда яшаб турган жойи; чет элларга жўнаб кетган шахслар ҳамда бошқа мамлакатлардан ёки республикамиз минтақаларидан кўчиб келган шахслар аниқланади. Мониторингдан кўзланган мақсадлар сирасига ижарага берилаётган турар жойларни аниқлаш, ижарага берувчилар билан суҳбатлар ўтказиш, истеъмол қилинган энергия ресурслари учун ҳақ тўланишини текшириш, бундай тўловлар юзасидан қарздорликни ундириб олиш ҳам киради. Шунингдек кўп қаватли уйлардаги квартиралар ноқонуний тарзда қайта режалаштириш ва қайта қуриш, шу жумладан иситиш тизимларини балконларга ва лоджияларга чиқариш ҳисобидан турар жой саҳни кўпайтирилганлиги, ижозат олинмаган қўшимча қурилмалар қилинганлиги нуқтаи назаридан кўздан кечирилади.

«Тошиссиққуввати» ДУК вакили, жумладан, брифингда сўзга чиқиб, улар 427 мингдан ортиқ истеъмолчини иссиқлик ва иссиқ сув билан таъмин этаётганликларини таъкидлади. Бироқ буларнинг фақат 67 фоизи ҳисоблагич асбоблар билан жиҳозланган экан. Бу эса мазкур корхона абонентларидан 70 минг нафари коммунал хизматлар учун ҳақни ҳақиқатда истеъмол қилинган ҳажм бўйича эмас, балки тариф бўйича – қайд этилган одамлар сонига қараб тўлаётганликларини англатади. Бинобарин, ҳақиқатда яшаётган ва энергия ресурслари истеъмолидан фойдаланаётган талайгина кишилар тўлов доирасидан четда қолмоқда. Ёзги инвентаризация иситиладиган, аммо ҳақ тўланмайдиган ва ҳеч қаерда ҳисобга олинмаётган 283 минг квадрат метр турар жой саҳнини аниқлаб берди.

Мониторинг бундай қоидабузарликларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишга ҳамда шундай ҳуқуқбузарликлар содир этаётганларни жавобгарликка тортишга қаратилган. Мониторинг якунлари бўйича, турар жойни ижарага бераётган шахсларга ҳамда ижарачи шахсларга оид маълумотлар базасини яратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақиқатда пойтахтда яшаётган одамлар сонини аниқлашга ёрдам беришдан ташқари, ижарага берувчиларнинг солиқ, уй-жой, паспорт тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажариш юзасидан жавобгарлигини оширади.

Мониторинг ўтказиш учун ҳар бир фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳлари тузилган. Уларнинг таркибига туман ҳокимликларининг, ички ишлар органининг, давлат кадастр идорасининг, турар жой биноларидан фойдаланиш департаментининг, «Маҳалла» жамғармасининг, шаҳар ХУМШлар уюшмасининг вакиллари, турар жой мулкдорлари киради. Улар тадбир асносида эгасиз турар жой юзага келганлиги сабабларини, бўш ётган ва ижарага берилаётган квартиралар ва уларнинг эгаларини аниқлашлари, ижарага берувчиларнинг рўйхатини тузишлари, янги ва қурилаётган турар жой ва яшашга мўлжалланмаган объектларни текширишлари, бундай объектларда ишлаётган одамларнинг шахсини аниқлашлари лозим.

Брифингда журналистларга мазкур масала юзасидан бошқа ахборотлар ҳам берилди.

Ольга КИРЬЯКОВА,

мухбиримиз.

 

*2015 йил 10 ноябрдан эътиборан ўтказилмоқда.

Прочитано: 1864 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика