Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 47 / Амалий бухгалтерия

Ижарага беришди ва реконструкция қилишни топширишди

Акциядорлик жамияти ўзига ҳисоб берувчи юридик шахс (МЧЖ)ни ташкил этди ва унга ижара шартномаси бўйича ўз биносининг бир қисмини топширди. АЖнинг ташаббусига кўра бинонинг ушбу қисми реконструкция қилиниб, қурилиш конструкциялари демонтаж қилиниши ва янгилари қурилиши керак. Мазкур ишларга лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

Ҳукуматнинг фармойишига кўра барпо этилган МЧЖ ижарага олинган бинони қурувчи-буюртмачиси этиб белгиланди. Реконструкция унинг баланс қийматини ўзгартиришга олиб келади.

Ушбу ҳолда АЖ билан МЧЖ ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар ўзгариши керакми? Асосий фондларни ҳисобдан чиқариш, реконструкция қилиш чоғида олинган яроқли қурилиш материалларини реализация қилиш ва бошқа операциялар ҳисобини юритиш учун бинони АЖ балансидан МЧЖ балансига бериш керакми? Қурилиш материалларини демонтаж қилиш, уларни омборга кирим қилиш ва кейинчалик реализация қилиш чоғида қурилиш материаллари чиқишини расмийлаштириш тартиби қандай?

АЖ мутахассиси.

 

ИЖАРАЧИ ИЖАРАЧИЛИГИЧА ҚОЛАДИ

– АЖ билан МЧЖ ўртасида бинони ижарага бериш шартномаси тузилганлиги боис тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларига нисбатан ижара тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормалари қўлланади. «Ижара тўғрисида»ги Қонуннинг (19.11.1991 йилдаги 427-XII-сон, бундан кейин – Қонун) 1-моддасига кўра ижара шартнома асосида ерга, бошқа табиий ресурсларга, шунингдек хўжалик фаолиятини ва ўзга фаолиятни мустақил равишда амалга ошириш учун ижарачига зарур бўлган мол-мулкка ҳақ эвазига муддатли эгалик қилиш ва ундан фойдаланишдан иборатдир.

Қонуннинг 11-моддасига кўра ижарачи, башарти шартномада ўзгача шартлар назарда тутилмаган бўлса, ижарага олинган мол-мулк таркибига унинг қийматини оширадиган ўзгартишларни мустақил равишда киритиш, мол-мулкни реконструкциялаш, кенгайтириш, техник жиҳатдан қайта қуроллантиришга ҳақлидир.

Қонун 11-моддасининг иккинчи қисмида белгиланишича, ижарага олинган мол-мулк, башарти, ижарага берувчининг ижозати билан яхшиланган бўлиб, ижара шартномасида ўзгача шартлар назарда тутилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг ёки шартнома бекор қилингач, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатлари қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Агар сизнинг шартномангиз бундай шартларга эга бўлмаса, сиз унга қўшимча битим тузишингиз ва ижарага олинган мол-мулк таркибида қилинган ўзгартиришлар қийматини қоплаш тартибини назарда тутадиган банд киритишингиз ёки объектни реконструкция қилишга доир харажатларни тақсимлашнинг бошқа тартибини қайд этишингиз мумкин.

Бунда шуни ёдда тутиш лозимки, Қонуннинг ­9-моддасига кўра мол-мулкни ижарага бериш ана шу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг бошқа кишига ўтказилишига олиб келмайди. Бинобарин, ижарага берилган бино ижарага берувчининг мулки бўлиб қолади ва унинг балансида қайд этилиши керак.

Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомнинг 1.5.1.2-бандига (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) кўра асосий ишлаб чиқариш воситаларини барча турда (жорий, ўртача, мукаммал) тузатишларни хўжалик юритувчи субъектнинг ўз кучи билан ўтказиш ишлаб чиқариш харажатларининг тегишли элементлари (моддий харажатлар, меҳнат ҳақи тўлаш харажатлари ва бошқалар) бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига киритилади. Маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситаларни тузатиш «Маъмурий харажатлар» моддаси бўйича давр харажатларига киради (Низомнинг 2.2.9-банди). Ўз навбатида, сарфланган барча материаллар балансдан ҳисобдан чиқарилиши керак.

 

Сабоҳат СУЛТОНОВА,

«Norma Profi» эксперти.

 

 

БУЗИБ ТАШЛАШ ВА БАҲОЛАШ КЕРАК

– Бинони демонтаж қилиш натижасида олинган айрим материаллардан кейинчалик фойдаланиш мумкинлигини аниқлаш учун ташкилот раҳбарининг (ижарачи ёки ижарага берувчининг шартнома ёки қўшимча битимнинг шартларига боғлиқ ҳолда) буйруғи билан комиссия тузилади. Унинг таркибига тегишли мутахассислар, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслар киритилиши керак. Комиссия кейинчалик фойдаланишга яроқли бўлган материалларни олиш ва топшириш устидан назоратни амалга ошириши, уларнинг миқдорини (оғирлигини) белгилаши ва қийматини баҳолаши шарт (Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомнинг1 8, 9-бандлари).

Демонтаж чоғида олинган материалларни инвентарлаш натижасида аниқланган ортиқча (ҳисобга олинмаган) материаллар сифатида баҳолаш мумкин. 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»нинг 2 25-бандида қайд этилишича, бундай активлар таннархи улар аниқланган санадаги жорий қийматдан* келиб чиққан ҳолда белгиланади.

4-сон БҲМСнинг 43-бандига кўра ТМЗ бирлигининг жорий қийматини ҳужжатли тасдиқлаш учун ташкилотнинг ихтиёрига кўра қуйидагилардан фойдаланиш мумкин:

а) ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг расмий дилерлари, товар-хом ашё биржалари, кўчмас мулк биржаларидан ёзма шаклда олинган ТМЗ ўхшаш бирлигининг жорий қиймати (нархи) тўғрисида маълумотлар;

б) тегишли давлат органларидаги мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

в) оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётларда чоп этилган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

г) баҳоловчининг ТМЗ тегишли бирлигининг жорий қиймати тўғрисидаги ҳисоботи.

Комиссия ишининг натижалари бўйича далолатнома тузилади, уни комиссиянинг барча аъзолари имзолайдилар ва ташкилот раҳбари тасдиқлайди. Унга асосан кирим ордери (ёки юкхат) расмийлаштирилади ва материаллар омборга берилади.

Демонтаж чоғида олинган материаллар реализациясини раҳбарнинг буйруғи (фармойиши) билан расмийлаштириб, уларни олиш манбаини (бино конструкцияларини демонтаж қилиш) кўрсатиш ва демонтаж чоғида олинган материаллар рўйхати берилган далолатоманинг нусхасини илова қилиш мақсадга мувофиқдир. Харидор билан олди-сотди шартномаси тузилади ва у тақдим этган ишончнома бўйича ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади.

Шуни ҳам инобатга олиш муҳимки, асосий воситалар қисман тугатилган ҳолатда унинг бошланғич (тиклаш) қиймати ва жамланган амортизацияси тегишинча объект тугатилган қисмининг бошланғич (тиклаш) қиймати ва жамланган амортизацияси суммасига камайтирилади (5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг3 52-банди).

Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти.

 

*Жорий қийматмаълум санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича товар-моддий захираларнинг (ТМЗ) қиймати (4-сон БҲМСнинг 4-банди «в» кичик банди).

1Молия вазирининг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

2Молия вазирининг АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

3Молия вазирининг АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

Прочитано: 2189 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика