Корхонамиз (ХХТУТ бўйича коди – 17116) ягона солиқ тўловчиси ҳисобланади ва ихтиёрий равишда ҚҚС тўлайди. Асосий фаолиятимиз пахта толасини йигириш бўлиб, 2014 йилнинг иккинчи ярим йиллигида бошқа корхонадан қайтариб бериш шарти билан қарз шартномаси асосида пахта толаси олиниб, кейинчалик қайтарилган.
Корхонамиз юқоридаги товар-моддий бойликларни ҳисобварақ-фактурага асосан маҳсулот таннархи билан берди. Пахта толасининг қарз сифатида олинган пайтдаги нархи билан унинг қайтарилаётган нархи ўртасидаги тафовутни молиявий натижаларда акс эттирганмиз. Олди-берди операциялари миқдори, нави ва тури бўйича юритилган.
Маълумки, Солиқ кодекси 355-моддаси учинчи қисмининг 2-бандида Кодекснинг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар таркибига кирувчи, яъни бошқа мол-мулкларнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлар ЯСТ базасига киритилиши белгиланган. Шунинг учун корхонамиз бухгалтериясида ушбу қарзга олинган пахта толасини қайтаришда олинган ва қайтарилган даврдаги нархлар ўртасидаги фарқ ягона солиқ тўлови базаси сифатида олинган.
Мисол учун биз қарз шартномаси асосида 2014 йил август ойида 23 тонна 3-навли 4-тип пахта толасини ҚҚСсиз 2 300 000 сўмга (ҚҚС суммаси 460 000 сўм, жами ҚҚС билан 2 760 000 сўм) олганмиз.
2014 йил октябрь ойида 23 тонна 3-навли 4-тип пахта толаси ҚҚСсиз 2 415 000 сўмга (ҚҚС суммаси 483 000 сўм, жами ҚҚС билан 2 898 000 сўм) таннархи бўйича қайтарилди.
Бизда 115 000 сўмлик (2 415 000 – 2 300 000) фарқ суммаси бошқа даромадлар сифатида молиявий натижаларда акс эттирилиб, 5% ЯСТ ҳисобланган.
Ушбу вазиятда ЯСТ базасига фарқ 115 000 сўмлик суммада киритиладими ёки қайтарилгандаги ҚҚС суммасининг чегирилгандаги суммаси – 2 415 000 сўм киритиладими?
Савол Интернетдан жўнатилган.
– Саволингиздан кўриниб турибдики, сиз иккинчи корхонадан пахта толасини қайтариб бериш шарти билан қарз шартномаси асосида олгансиз.
Даставвал қарз шартномасининг тушунчаси хусусида тўхталиб ўтсак. Фуқаролик кодексининг 732-моддасида қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб бериши, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олиши белгиланган.
Бинобарин, сиз пахта толасини қарзга олар экансиз, уни хили, сифати ва миқдори бараварида қайтаришингиз керак эди. Бу ерда вақт ўтиши билан нархи ўзгарадиган пахта толасининг ҳисоб-китоби сизга тааллуқли эмас.
Шунингдек Фуқаролик кодексининг 734-моддасида агар Қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади дейилган. Демак, сиз пахта толасини қайтараётган пайтда қарз шартномасида келишилган фоизни тўлашингиз керак бўлади холос.
Қарзга олинган нарсаларни қайтаришда вақт ўтиши билан ўзгарадиган товар нархи орасидаги фарқ солиқ солинадиган базага киритилиши кераклиги Солиқ кодексининг 132-моддасида ҳам, 355-моддасида ҳам назарда тутилмаган. Шундай экан, бунда ҳеч қандай солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Бироқ шуни эсдан чиқармаслик керакки, заём (қарз) шартномалари асосида товар-моддий захираларни бериш Солиқ кодексининг 199-моддасига асосан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти деб қаралади ва ундан белгиланган тартибда ҚҚС ҳисобланади.
Жавобларни «Soliq Kalkulyatori» СМТ солиқ маслаҳатчиси Умидбек САФАРОВ тайёрлади.