Корхонамиз ходими контракт бўйича экспедитор лавозимида ишлайди (юкларни жўнатиш билан шуғулланади). Бу унинг асосий иши ҳисобланмайди. Ходим меҳнат дафтарчасига 2011–2015 йиллардаги иш тўғрисида ёзув қайд этишни сўраяпти. Контракт ҳар бир йилга январдан декабргача тузилади.
Меҳнат дафтарчасига ёзувни қандай қилиб тўғри қайд этиш мумкин? Ҳар бир йилини алоҳида кўрсатиш керакми (ишга қабул қилинди – ишдан бўшатилди) ёки барча йиллар учун битта ёзув етадими?
Ж.Шоюнусов,
бош бухгалтер.
– Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Иш берувчи корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно (Меҳнат кодексининг 81-моддаси; Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг* 1.1-банди, бундан кейин – Йўриқнома).
Ўз мурожаатингизда сиз ушбу иш ходим учун асосий ҳисобланмаслигини кўрсатгансиз. Бу ҳолда сўз ё ўриндош ёки штатдан ташқари ходим тўғрисида боради – буни аниқлаб олинг.
1. Агар у ўриндош бўлса
Ўриндошлик асосида ишлаётганларнинг меҳнат дафтарчалари асосий иш жойларида сақланади (Йўриқноманинг 1.6-банди).
Меҳнат дафтарчасига ходимнинг ёзма аризасига биноан, ўриндошлик иши тўғрисидаги маълумот ходимни ўриндошлик асосида ишга қабул қилган иш берувчи томонидан чиқарилган буйруққа мувофиқ асосий иш жойидаги иш берувчи томонидан ёзилади. Унинг ишдан бўшаганлиги тўғрисидаги маълумот ҳам худди шу тарзда ёзиб қўйилади (Йўриқноманинг 2.1, 2.2 ва 2.12-бандлари).
Ўриндошлик бўйича муддатли меҳнат шартномаси тузилганда меҳнат қонунчилигида аввалги шартномани бекор қилмасдан туриб уни янги муддатга узайтириш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас (қонунчиликка мувофиқ расмийлаштириш, асосий иши бўйича меҳнат дафтарчасига ёзув киритиш билан) (МКнинг 105-моддаси).
Агар кейин ҳам белгиланган меҳнат шартномаси муддати тугаши билан ходим билан қайта-қайта янги муддатли меҳнат шартномаси тузилса, уни бекор қилиш ҳар гал белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, ходимнинг асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасига тегишли ёзув киритилиши керак (Йўриқноманинг 2.18-банди).
2. Штатдан ташқари ходим
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича бир марталик ишларни бажарувчи (хизматлар кўрсатувчи) шахсларга меҳнат дафтарчалари юритилмайди. Йўриқнома 6.3-бандининг иккинчи хатбошисига кўра корхона ишга фақат меҳнат шартномалари асосида қабул қилинган ходимларгагина белгиланган тартибда меҳнат дафтарчалари бериши шарт.
*Меҳнат вазирлиги ва ИТВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.