Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 27 / Биз яшайдиган уй

Ширкат ҳаётига ҳамоҳанг

Чилонзор тумани хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг уюшмаси (бундан буён матнда Уюшма деб юритилади) пойтахтимиздаги кучли жамоат ташкилотлардан саналади. Бу Уюшма ХУМШлар манфаатларини ҳимоя этади ва айни бир вақтда ширкатлар билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўтайди. Жамоат ташкилоти давлатимизнинг уй-жой соҳасидаги сиёсатини ширкатларнинг эътиборига етказади, айни бир вақтда ХУМШларнинг яқин ёрдамчиси саналади, давлат органларида, бошқа тузилмаларда уларнинг номидан иш кўради ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади.

ХУМШлар ҳаёти қамрови доирасида бўлиш ширкатларнинг муаммоларига тезкорлик билан эътибор беришни тақозо этади. Шу сабабли Уюшма мунтазам равишда жойларга бориб мониторинг ўтказади, умумий йиғилишларда иштирок этади, ХУМШ аъзоларига ҳам, раҳбарларига ҳам ахборот ва ҳуқуқ борасида ёрдам бериб келади. Ширкатлар фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш жуда-жуда муҳимдир. Қаерда шунга муваффақ бўлинса, ўша ерда уй-жой мулкдорлари билан самарали мулоқот таъминланади. Мулкдорлар умумий мол-мулк таъминоти учун бадалларни вақтида тўлайдилар, ХУМШда содир бўлаётган барча ишлардан хабардор бўладилар, яхши ташаббусларни қўллаб-қувватлайдилар, ширкатларнинг ишини назорат қилиб борадилар. Қаердаки бундай мулоқотга муваффақ бўлинмаса, ўша ерда мажбурий бадаллар бўйича қарздорлик асосий муаммо бўлиб қолаверади. Уюшмада юридик хизмат ташкил этилган бўлиб, бу хизмат қарздорликни бартараф этишда ширкатларга ёрдам бериб келмоқда, судлов органларида уларнинг манфаатларини кўзлаб иш олиб бормоқда. Бугунги кунда тижорат банклари ХУМШларга капитал таъмирлаш ишларини ўтказиш учун 5 йил муддатга имтиёзли (9 фоиз) кредитлар бермоқда. Бу уй-жой фондини асраш ва сақлаш йўлида катта мададдир. Уюшма қарз маблағларини қай йўсинда самарали ўзлаштириш жоизлигини тушунтириб беради. Кадрлар билан боғлиқ масала ҳам анча долзарб саналади. Бинобарин жамоат ташкилоти учун бу йўналишда ҳам қилинадиган ишлар оз эмас.

Уюшма ўзининг кундалик ишларида ХУМШ фаолияти билан боғлиқ қандай масалаларга бот-бот дуч келмоқда? Чилонзор тумани ХУМШлари уюшмаси бошқаруви раиси Бекзод РАСУЛОВ бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди.

 

УЙЛАР ИССИҚРОҚ БЎЛИБ ҚОЛДИ

Бу йил туман аҳолисидан уй иситилмаётганлиги хусусида Уюшмага шикоят тушиши 30 фоизга қисқарди. Жамоат ташкилотида буни ялпи саводхонлик билан боғламоқдалар. Уюшма ХУМШ ходимлари учун бир йилда икки марта шундай таълим ўтказиш ташаббусчиси бўлди. Бекзод Расулов иссиқлик тармоқлари соҳаси бўйича мутахассис. «Тошиссиқликэнергия» ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси тизимида ишлаган. Уйнинг ички иситиш тармоқлари тизимини беш қўлдай билади, кўзини юмиб туриб ҳам иллат қаердалигини ва нима сабабдан юзага келганлигини айтиб бера олади. Шу боис уйнинг иссиқлик таъминотига тааллуқли барча масалаларни ширкатлар тўлиқ дастур асосида олиб боришини талаб этади. Охир-оқибат ХУМШ ходимлари анча билимдонроқ бўлиб қолдилар.

– Илгарилари уй исимаётган бўлса, «Иссиқлик таъминоти ташкилотига қўнғироқ қилинг» деган бир хил жавоб эшитиларди, – дейди Расулов. – Ҳолбуки, бунда етказиб берилаётган иссиқлик энергияси кўрсаткичлари белгиланган нормативларга мувофиқ келарди. Иситиш билан боғлиқ муаммони аввало уйнинг ичидан излаш керак. Квартиралар ичидаги йирик қувурларнинг, батареяларнинг аҳволи, тизимга ўзбошимчалик билан уланиб олиш, иссиқ сувларни қонунга хилоф тарзда ташқарига чиқариб ташлаш, турар жойни қайта режалаштириш ва шу сингари ғайриқонуний ишлар бутун тизим иши соз ишлашига халақит берарди.

Уйнинг иссиқлик таъминоти бир жиҳатдан қўшни кўп қаватли уйларга ҳам боғлиқ. Айтайлик, уларнинг ҳар бирида торайтирувчи қурилмалар ўрнатилади, элеватор боғламалари эса муайян босимда ишламоғи керак. Иссиқлик тенг миқдорда, равон тақсимланиши учун ҳар бир бино бўйича гидравлик ҳисоб-китоб қилиб чиқилади ва бу билан уйга кираверишда қандай торайтирувчи қурилма бўлиши кераклиги белгилаб олинади. ­Борди-ю, уйда бундай қурилма бўлмаса ёки катта ҳажмдаги қурилма ўрнатилган бўлса ёхуд бундай қурилма ечиб олинган бўлса, билингки, баъзи уйлар қозонхонадан кўпроқ иссиқлик олгани ҳолда бошқаларига иссиқлик камроқ боради. Бундай қурилмалар ҳар бир кўп қаватли уй учун алоҳида ҳисоблаб чиқарилиши боиси ҳам шу. Шуниси ҳам борки, бунда уйнинг ички тизими рисоладагидек ишламоғи лозим. Борди-ю, бу тизимда қувурлар ичи тўлиброқ қолган ёки қувурнинг маълум қисми кесиб олинган бўлса, қўшни уйлардаги уйнинг ички тизими ишламаётган бўлса, элеватор боғламаси талаб даражасида ишламайди ва уйга етарли миқдорда иссиқлик етиб бормайди. Босимни ошириш мақсадида ширкат торайтирувчи қурилмани ечиб олса, ўша заҳоти бу бошқа уйлардаги босимга, сув сарфиётига таъсир этади, бутун тармоқдаги гидравлик бошқарув издан чиқади. Хуллас бир уйдаги иссиқлик таъминоти схемасига аралашув қўшни уйлардаги таъминотни ҳам издан чиқариши мумкин. Бу йил ширкатлар иситиш масаласини комплекс тарзда, иссиқлик таъминоти ташкилотларининг, Уюшманинг вакиллари, қўшни ширкатлар билан биргаликда ҳал этдилар. Ёз иситиш тизимини кузги-қишки даврга тайёрлашнинг қизғин палласи ҳисобланади. Бугунги кунда ХУМШлар профилактика йўналишида таъмирлаш ишларини ўтказмоқдалар. Тизимда қувурлар ювиб, торайтирувчи қурилмаларни ўрнатмоқдалар. Қиш ғамини ёзда е деб бежиз айтилмаган, ахир!

 

ЖАҲЛНИ ЖИЛОВЛАЙ БИЛИШ КЕРАК

ХУМШда энг муҳими уйнинг умумий мол-мулкини бошқариш асосларини одамларнинг онги ва шуурига етказишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, ширкат иши уй аҳлига имкон қадар тушунарли бўлмоғи керак. Бу иш қай тартибда режалаштирилади, даромадлар ва харажатлар сметаси нималардан ташкил топади, мажбурий бадал миқдори қай йўсинда шакллантирилади сингари масалалар борасида одамларда аниқ тасаввур бўлмоғи керак. ХУМШда юқори орган умумий йиғилиш эканлигини сира унутмаслик керак. Раис сен ва бошқа қўшниларинг сингари шу уйда яшайдиган одам. Ширкат аъзоларини унинг иши қониқтирмаётган экан, у ишни уддалай олмаётган экан, раисни қайта сайлаш мумкин. Кўнгли тўлмай нолиб юрганлардан биронтаси ХУМШ бошқаруви жиловини ўз қўлига олишни истамаслиги эса бутунлай бошқа гап. Демак, одамлар ширкат бошқарувини қўллаб-қувватламаётирлар, мажбурий бадалларни тўлашга сира рағбатлари йўқ. Ҳамма унинг айтганидек бўлишини истайди, аммо пул тўлашга келганда, ўзини ҳар бурчакка уради. Бунақа ёндашувга йўл йўқ. Агар квартира мулкдорлари пул тўлашни исташмаётган экан, ширкат қайси маблағ эвазига уйни тартибга келтиради? Бундай уйларда мулкдорлар ўртасида ҳеч қачон келишув бўлмайди. Улар турли жойларга шикоят йўллайверадилар, пулларимиз қаерга гум бўлди деб нолийверадилар. Ширкатларда эса вазият бошқача тус ола бошлайди.

Бир гал Чилонзорнинг 8-даҳасидаги битта ширкат уй қўмиталари раҳбарларидан олти нафари ғазаб отига минганича Уюшмага кириб келди. Суҳбат шовқин-сурон билан бошланди. Одамлар раислари нобоп, қўли эгри эканлигини, тариқча ҳам иш қилмаслигини айтиб, уйни ҳароб ҳолга келтирганлиги, шу сабабли ҳеч ким бадал тўламай қўйганлиги ҳақида оғиз кўпиртирдилар. Уни қандай қилиб ишдан олиб ташлаш, умуман нима қилиш кераклигини ҳеч ким билмас экан. Бадаллари умумий майдоннинг ҳар квадрат метри учун 350 сўм эканлигини айтиб, бу жуда кўп дея нолиган бўлишди. Ҳолбуки, ўшанда шаҳар бўйича бадалнинг ўртача миқдори ҳар квадрат метр учун 500–600 сўм эди. Масалани ётиғи билан муҳокама қилишга ўтдик. Уй қўмиталари раҳбарларига шундай дедим: «Агар ҳаммасини одамларга яхшилаб тушунтирмасангиз, бир-бир ярим ойлардан кейин улар сизнинг устингиздан шикоят қилиб келадилар». Кейин ҳаммамиз биргаликда ўша ширкатга қараб йўл олдик. Камчиликлар далолатномаларини, ишлар режасини туздик, одамларнинг фикрича уй учун нималар қилиш кераклигини аниқлаб олдик. Шуларни умумий йиғилишда муҳокама этдик. Уй-жой мулкдорларининг ҳаммаси режани ёқлаб, овоз берди. Биз унга ХУМШ ходимларига тўланадиган иш ҳақини ҳам қўшишни таклиф этдик. Харажатларни ҳисоблаб чиқсак, бадал миқдори ҳар квадрат метр учун нақ 1 109 сўмни ташкил этди. Уй қўмиталари раҳбарлари ҳам, одамлар ҳам довдираб, мулзам бўлиб қолишди. ХУМШдаги асосий принцип нима эканлигини яққол тушунишди ҳам. Иш пулга яраша бўлишини англашди. Ишлар режаси бўйича қандай йўл тутишни ўйлай бошлашди. Баъзилар кутиб туришни, ҳозирча биринчи навбатдаги ишларни бажариб қўя қолишни маъқул топишди. Шу зайил бадал миқдори ҳар квадрат метрга 600 сўмдан сал ошди. Яна бироз тузатишлар киритиб, 550 сўмда тўхталишди. Бу ишнинг муҳим якуни шуки, одамлар Уюшма ходимлари берган сабоқ учун миннатдорчилик билдиришди. Бадал нималардан ташкил топади, ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси қандай тузилади, ҳамма-ҳаммасини билиб олишди. Баъзилар ширкатни ўзлари устидан турган қандайдир қурилма деб биладилар. Ҳолбуки ширкат айни уларнинг ўзидир. Қонун ҳужжатларида уйнинг умумий мол-мулкини яхшилаш учун уларга кенг имкониятлар берилган. Ҳаммаси ширкат аъзоларининг хоҳиш-истаги, фаоллиги, бадалларни вақтида тўлаб боришига боғлиқдир.

 

ЙЎҚНИ ЙЎНДИРИБ БЎЛМАЙДИ

Яқин вақтлардан бошлаб ХУМШ амалиётидан ер участкаси деган тушунча йўқола бошлади. Ер ресурслари ва давлат кадастри бўйича масъул органнинг ширкатларга берган кадастр ҳужжатлари... уларни ер участкасидан маҳрум қилди. Эндиликда ҳудуд чегараси биноларнинг пойпеши бўйича ўтказилмоқда. Бу эса Уй-жой кодекси, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон, бундан буён матнда Қонун деб юритилади), бошқа норматий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бузишдир. Бу кўплаб масалалар келтириб чиқараётган бағоят жиддий муаммодир.

Чунончи Қонунда ХУМШ кўп квартирали битта ёки яқин, зич жойлашган, ободонлаштириш элементлари бўлган умумий ер участкаси билан қамраб олинган бир нечта уйдаги хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмасидир деб белгилаб қўйилган (Қонуннинг 3-моддаси). Ширкат ер участкасини сақлаш усулини белгилаш ҳуқуқига эга (Қонуннинг 15-моддаси). У шунингдек ер участкаси асралиши ва сақланишини таъминлаши шарт (Қонуннинг 16-моддаси). ХУМШ бошқаруви ваколатлари сирасига умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкасини ва мол-мулкини сақлаш ишлари режасининг лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам киради (Қонуннинг ­25-моддаси), умумий йиғилиш ваколатлари жумласига эса ана шу ҳужжатни тасдиқлаш киритилган (Қонуннинг 19-моддаси). Ширкат аъзолари умумий мол-мулкни, ширкатнинг ер участкаси ва мол-мулкини сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ҳар ойда мажбурий бадаллар тўлайдилар (Қонуннинг ­30-моддаси). Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилишича, ер участкалари ширкатга белгиланган тартибда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.

Агар амалда ширкатлар ер участкаларидан маҳрум этилган бўлса, бу ҳол қонун ҳужжатларида ўз аксини топмоғи лозим. Лекин ҳозирча бундай қилинмаган экан, демак гап қонунбузарлик ҳақида бормоқда. Қизиқ, ХУМШда ер участкаси бўлмаса, у бундай ер участкасини ободонлаштириш, тозалигини таъминлаш масалаларини қай йўсинда ҳал этади? Борди-ю, ер участкалари ХУМШга тегишли бўлмаса, улар кимга қарашли, уларни ким назорат қилиб бориши лозим? Ширкатлар штатида ҳовли қоровуллари (фаррошлар) бор, хизматлари учун уларга уй-жой мулкдорлари ҳақ тўлайдилар. Масалага чуқурроқ қараладиган бўлса, штатда уларни сақлаб туриш қонунга хилоф экан-да. Аммо ХУМШлар ҳудудни тозалаш ишларидан воз кечадиган бўлса, аҳвол нима бўлади? Бу чиндан ҳам жуда жиддий масала ва ўз ечимини кутмоқда. Масала амалдаги қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиқиб, яқин вақтлар ичида ечим топади деб умид қилиб қоламиз.

 

Чилонзор туманининг кўп квартирали уйлар фонди 1 142 уйни ташкил этади. Бу ерда 356 та ХУМШ, турар жой фондига хизмат кўрсатувчи 31 та профессионал ташкилот, 5 та ахлатларни чиқариш бўйича ихтисослаштирилган компания фаолият кўрсатади.

Прочитано: 2659 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика